Энг биринчи зилзила тарихи ва Умар розияллоҳу анҳунинг муносабати

Ислом тарихидаги энг биринчи зилзила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан бир неча йил ўтиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифаликлари ҳам ниҳоясига етиб, Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликлари давом этиб турган пайт рўй берган эди.

عن صفية بنت أبي عبيد بن مسعود بن عمرو الثقفي (زوجة ابن عمر) قالت تزلزلت المدينة على عهد عمر-رضي الله عنه – وابن عمر-رضي الله عنهما- قائم لا يشعر حتى اصطفقت السرر فلما أصبح عمر رضى الله عنه قال:

يا أيها الناس ما أسرع ما أحدثتم ؟ – وفي لفظ- لئن عادت لأخرجن من بين أظهركم».

رواه ابن أبي شيبة في «المصنف » ونعيم بن حماد في «الفتن » وابن أبي الدنيا في «العقوبات» والبيهقي في «السنن الكبرى»  وغيرهم

Сафийя бинт Аби Убайд ибн Масъуд Ас-Сақафий (Ибн Умар аёли) айтади:

Умар розияллоҳу анҳу (халифаликлари) даврида Мадинада зилзила (Ер силкиниши) рўй берди. Ибн Умар (Сафийянинг эри) розияллоҳу анҳумо таҳажжуд ўқиётган эдилар, (зилзила бўлаётганини) сезмадилар, то сарирлар (кароват ёки сўрилар) қисир-қисир эта бошлади. Тонг отар экан, Умар розияллоҳу анҳу шундай дедилар:

 
«Эй одамлар! Нима учун бу қадар тез ўзгариб кетяпсизлар?! (Расулуллоҳ соллааллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги кучли иймон, тақво қани? Нима учун динимизга мукаммал амал қилмасдан сусайиб, гуноҳлар пайдо қилиб қўяяпсизлар?!) – яна бир ривоятда келишича сўзларида давом этиб – Агар (бу зилзила) яна қайтиб келгудек бўлса, қасамки, мен сизларнинг орангиздан чиқиб кетаман!».

(Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да, Нуайм ибн Ҳаммод «Фитналар китоби»да, Ибн Абид-дунё «Уқубатлар китоби»да, Байҳақий «Сунани Кубро»да ривоят қилишган, саҳиҳ).

 

Имом Ибн Абдилбар айтади:

لم يأت عن النبي صلى الله عليه و سلم من وجه صحيح أن الزلزلة كانت في عصره ولا صحت عنه فيها سنة وقد كانت أول ما كانت في الإسلام على عهد عمر فأنكرها وقال أحدثتم والله لئن عادت لأخرجن من بين أظهركم

(كتاب الاستذكار)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бирор марта зилзила содир бўлгани саҳиҳ ривоят билан келмаган. Зилзила рўй берганда амал қилиш керак бўлган муайян бир суннат ҳам собит бўлмаган. Исломда энг биринчи марта рўй бергани Умар розияллоҳу анҳу даврларида бўлган. Ўшанда Умар розияллоҳу анҳу жуда қаттиқ ташвишга тушиб: «Қасамки, агар яна такрорланадиган бўлса сизларнинг ичингиздан чиқиб кетаман» деганлар.

(Истизкор – Муватто китобининг шарҳи)

 

Зилзила Қиёмат яқинлашиб қолганидан дарак

Қиёмат аломатлари ҳақида собит бўлган саҳиҳ ҳадисларда зилзилалар кўпайиб кетиши ҳам хабар берилган.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم: «لا تقوم الساعة حتى يقبض العلم، وتكثر الزلازل، ويتقارب الزمان، وتظهر الفتن، ويكثر الهرج – وهو القتل – وحتى يكثر فيكم المال فيفيض»[2].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Илм қабз этилмагунча (раббоний уламолар вафот этиб кетиб, илмсизлар уламо қилиб олинмагунча), зилзилалар кўпайиб кетмагунча, фитналар зоҳир бўлмагунча, ҳарж (қотилликлар, қирғинлар) кўпайиб кетмагунча ва мол-дунё кўпайиб тошиб кетмагунча Қиёмат қоим бўлмайди».

(Имом Бухорий ривоятлари)

 

Зилзилалардан ва барча мусибатлардан сақланиш йўли

Шак-шубҳасиз, барчамизда айбу нуқсонлар ва гуноҳ-камчиликлар бор. Бунинг учун раҳмати-мағфирати кенг бўлган Зотга тез-тез тавба қилиб, кўп-кўп истиғфорлар айтиб туришимиз лозим. Зеро, бошимизга тушадиган мусибатларнинг асл сабаби ўзимизнинг қилмишларимиздир.

Аллоҳ таоло барчани огоҳ этиб айтади:

{وَمَآ أَصَٰبَكُم مِّن مُّصِيبَةٖ فَبِمَا كَسَبَتۡ أَيۡدِيكُمۡ وَيَعۡفُواْ عَن كَثِير * وَمَآ أَنتُم بِمُعۡجِزِينَ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٖ}

[الشورى: 30-31]

«30. (Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳлар сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур. 31. Сизлар Ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир».

(Шуро сураси, 30-31 оятлар)

{وَلَقَدۡ أَرۡسَلۡنَآ إِلَىٰٓ أُمَمٖ مِّن قَبۡلِكَ فَأَخَذۡنَٰهُم بِٱلۡبَأۡسَآءِ وَٱلضَّرَّآءِ لَعَلَّهُمۡ يَتَضَرَّعُونَ * فَلَوۡلَآ إِذۡ جَآءَهُم بَأۡسُنَا تَضَرَّعُواْ وَلَٰكِن قَسَتۡ قُلُوبُهُمۡ وَزَيَّنَ لَهُمُ ٱلشَّيۡطَٰنُ مَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ * فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِۦ فَتَحۡنَا عَلَيۡهِمۡ أَبۡوَٰبَ كُلِّ شَيۡءٍ حَتَّىٰٓ إِذَا فَرِحُواْ بِمَآ أُوتُوٓاْ أَخَذۡنَٰهُم بَغۡتَةٗ فَإِذَا هُم مُّبۡلِسُونَ * فَقُطِعَ دَابِرُ ٱلۡقَوۡمِ ٱلَّذِينَ ظَلَمُواْۚ وَٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ}

[الأنعام: 42-45]

» 42. (Эй Расулуллоҳ алайҳис-салом), маълумки, сиздан аввалги умматларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишгач), шояд тавба-тазарру қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз (Аллоҳга қайтиб ёлворишлари учун турли-туман балою мусибатлар юборганмиз). 43. Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарру қилмадиларми?! (Албатта, тавба-тазарру қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва қилиб юрган ишларини шайтон ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандир. 44. Энди — қачонки улар ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар. 45. Бас, бутун оламларнинг Парвардигори – Аллоҳга ҳамд бўлсинки, золим қавмнинг думлари қирқилди (хору зор ҳолларида ҳалок этилдилар)».

 

Чексиз ҳикмат ва қудрат эгаси бўлган Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ бизларни барча бало-мусибатлардан Ўзи асрасин, турли-туман фитналардан узоқ қилсин, дунёнинг хилма-хил имтиҳонларидан эсон-омон иймону ислом билан ўтиб олишимизни насиб айласин …

 

Мавзуга оид:

Қиёмат аломатлари силсиласи

Фитналардан сақланиш силсиласи

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg