Фил сурасининг мухтасар маънолари

Мусҳафи шариф тартиби бўйича 105-сура, Макка даврида нозил бўлган, 5 оятдан иборат

Раҳмон (меҳрибон) ва Раҳим (раҳмли) Аллоҳ (ибодатга ҳақли Ягона Илоҳ) номи билан (бошлайман)

«1. (Эй Расулуллоҳ алайҳиссалом), Раббингиз (Аллоҳ таоло) фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми (кўрганлардан эшитиб аниқ билиб олмадингизми? Албатта эшитиб, ҳақиқатан ана шу воқеа рўй берганига тўла ишонч ҳосил қилгансиз) 2. У Зот уларнинг (фил эгаларининг Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? (Албатта, Аллоҳ Ўзи ана шундай қилди) 3, 4. У зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юборди, 5. Уларни (Абраҳа ва унинг аскарларини қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб ташлади»!

 

Фил сураси тарихи ва ҳикмати

Аллоҳ таоло ушбу сурада Каъбатуллоҳни вайрон қилиш ғаразида Маккаи мукаррамага бостириб келган «Асҳобил-фил» қиссасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали бутун инсониятга эслатяпти.

Бу воқеани оламлар раббиси бўлмиш Аллоҳ азза ва жалла энг сўнгги ва энг суюкли пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топадиган йилда рўй беришини тақдир этган.

Ўшанда Яман ҳокими Абраҳа ўзининг аскарлари билан катта-катта филларга миниб, Аллоҳнинг энг улуғ уйи – Каъбаи муаззамани бузиб ташламоқчи бўлган. Шунда Аллоҳ таолонинг энг ожиз махлуқларидан бўлмиш кичкина-кичкина қушлар ўзининг тумшуқларида кўтариб келган майда тошлар билан Абраҳа ва унинг аскарларини ҳалок қилиб ташлайди.

Буюк қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ шу тарзда Каъбатуллоҳни яқинда туғилажак пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом учун, 40 йилдан сўнг у киши У Зотнинг ҳузуридан олиб келадиган янги шариат ва ана шу шариатга эргашадиган янги уммат –мусулмонлар учун сақлайди.

Сарваримиз Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган кунларидан бошлаб Қуръони карим суралари бирин-кетин нозил бўлар экан, Аллоҳ таоло мана шу сура орқали ўша илоҳий мўьжизадан бутун инсониятни бохабар қилиб қўйди, токи Қиёматгача Каъбатуллоҳни ўзига қибла деб билган мўминларга ибрату иззат, Аллоҳнинг динига қарши тургувчи кофирларга эса огоҳлантирув бўлсин учун.

Аллоҳ барчадан яхшироқ билувчи Зотдир.

 

Мавзуга оид:

Қуръони карим сураларининг мухтасар маънолари силсиласи

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg