«Нафсга қасам …»

Бошимизга тушган ва тушадиган барча мусибатлар, кулфатлар, чор атрофни ўраб олган фитна-фасодлар, ҳатто мусулмонликни даъво қила туриб бир-бири билан жанжаллашиб юришларнинг асл илдизи ҳар биримиз ўз нафсимизни тарбия қилолмаётганлигимиз, уни қалбимизга (қалбда мустаҳкам ўрнашиши шарт бўлган иймон, илм ва ақлу одобга) қул қилиб беролмаётганлигимиздадир.

Энг ачинарлиси, кўпчилигимиз бу нафс қуллигидан, нафсга итоат қилиб хорликка юз тутаётганлигимиздан бехабар юраверамиз, ҳақиқий озодликка, Аллоҳнинг ҳузуридаги азизликка етиш учун жиддий ҳаракат қилиб ўзимизни ўзимиз ислоҳ этмаймиз.

Аслида ҳар биримиз ўзимизни ўзимиз жуда қаттиқ тергов қилиб (тез-тез «изолятор»га тиқиб, қилган жиноятларини топиб, доимий жазоларга тортиб) туришимиз керак эди.

Нафс шу даражада хатарли ва ғаддор подшоҳки, у кўпинча ўзининг подшоҳлигини билдирмай туради. Қачонки бирон чўққига чиқсангиз, ўша пайт жарлик ёқасида турган лаҳзангизда бўйнингизга (ичингизга) боғлаб қўйган кўринмас арқони билан тўсатдан пастга тортиб, шармандаларча қулатиб ташлайди.

Шунинг учун ҳам (нафс тарбияси энг зарур, энг оғир ва энг улкан амал бўлганлиги, нафс агар тарбия қилиб қўлга олинмаса, иймонли қалбга қул қилиб берилмаса энг даҳшатли ва энг хатарли жиноятчи бўлиши очиқ-ойдин ҳақиқат эканлиги туфайли) Аллоҳ таоло шу нафснинг хатаридан огоҳлантириш учун 11 (ўн бир) марта кетма-кет, 11 та энг улкан мавжудотга қасам ичган, жумладан шу нафснинг ўзига ҳам. Чунки, нафс жуда ҳам ажойибу ғаройиб мавжудот. Агар уни тарбия қилинса бутун дуёга манфаатли бўладиган буюк ишларни бажаради. Агар у тарбия қилинмаса, бутун дунёга зиён келтирадиган ишларга чорлайди. Аллоҳ таоло НАФСдан бошқа нарсадан огоҳ этиш учун ҳеч қачон бундай такрор-такрор қасам ичмаган.

Меҳрибон Раббимиз Шамс сурасида мараҳмат қилади:

«(1) Қуёш ва (2) унинг ёғдусига қасам. (3) У (қуёш)нинг ортидан келган ойга қасам. (4) У (қуёшни оламга) ошкор қилган кундузга қасам. (5) У (қуёшни ўз зулмати билан) ўраб-яширган кечага қасам. (6) Осмонга ва (7) унинг (жуда ҳам улкан ва ажойиб тарзда) бино этилишига қасам. (8) Ерга ва (9) уни ёйиб-текис қилиб қўйилганлигига қасам. (10) НАФСга ва (11) уни расо қилиб-яратилишига қасам. Бас, (Аллоҳ таоло) унга (нафсга) фисқ-фужурини ҳам тақвосини ҳам илҳом қилиб – ўргатиб қўйди. Дарҳақиқат, уни (яъни, ўз нафсини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва уни (ўз нафсини фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса дарҳақиқат ноумид бўлди (мақсадига етолмай, зиёнкор ҳолида ҳалокатга учради)».

(Шамс сураси, 1-10 оятлар)

Нозиот сурасида ҳам айтадики:

«Бас, қачон катта бало (яъни Қиёмат) келганида – инсон ўз қилмишини эслаб қоладиган Кунда, дўзах кўрадиган (ҳар бир) кишига кўрсатиб қўйилганида. Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда ҳавойи нафсга эргашиш, куфру исёнга йўл қўйиш билан) туғёнга кетган, ҳаёти-дунёни (Охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур! Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Кунида) Раббисининг (ҳузурида) туриши (ва У Зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда албатта жаннат (унинг учун) жой бўлур».

(Нозиот сураси, 34-41 оятлар)

 

Алоқадор мавзулар:

Инсон нафси, Ҳаёт, Синов

Нафс хурсандлигини қалб хурсандлиги деб юрганлардан бўлиб қолмайлик!

Адолатнинг бошланиш нуқтаси

Ўзимизга ўзимиз баланд баҳо бериб юрамиз, афсус…

«Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин»

Инсон ҳам доимий парваришга муҳтож

Нафс балоси

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg