Қурайш сурасининг мухтасар маънолари
4 оятдан иборат ушбу 106-сурада Қурайш қабиласига Парвардигор томонидан берилган тинчлик-омонлик ва тўқлик-фаровонлик неъматлари зикр қилинади, шундай роҳат-фароғатда яшашларига сабабчи бўлган Байтуллоҳнинг Раббиси Аллоҳнинг Ягона Ўзига ибодат қилишга даъват этилади
Раҳмон (меҳрибон) ва Раҳим (раҳмли) Аллоҳ (ибодатга ҳақли Ягона Илоҳ) номи билан (бошлайман)
«1-2. Қурайшга осон қилиб қўйилиши – уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилиши учун (Аллоҳ таоло Каъбага бостириб келган асҳобул-филни ҳалок қилди).
3. Улар (яъни, Каъба атрофида яшаётган қабила) мана шу Уйнинг Парвардигори(нинг Ягона Ўзи)га ибодат қилсинлар!
4. У Зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч-омон қилиб қўйди».
Суранинг умумий мазмуни:
Қурайш қабиласига Аллоҳ таоло томонидан жуда кўп неъматлар ато этилган эди. Жумладан, уларга тижорат, олди-сотди қилсинлар, деб қишда Яманга, ёзда эса Шомга сафар қилишлари осон қилиб қўйилган ва улар бу сафарлардан доимий равишда фойдаланиб келганлар. Агар ушбу неъматлар берилмаганда улар ҳеч қандай экин ўсмайдиган Макканинг тоғу тошлари орасидаги водийда аллақачон ҳалок бўлиб кетишлари ҳеч гап эмасди.
Ушбу улкан неъматлар учун улар Байтуллоҳнинг Раббиси Ягона Аллоҳга ибодат қилишлари даркор. Айни мана шу Байтуллоҳнинг шарофатидан атроф-жавонибдаги одамлар Қурайшийларга тегмайдилар ва: «Қурайш қабиласи Байтуллоҳнинг қўшниларидир. Ким уларга бирон зиён етказса худди фил билан бостириб келган Абраҳа ва унинг қўшинига ўхшаб мана шу Уйнинг эгаси бўлган Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок бўлади», дейдилар.
Демак, Қурайш – Макка аҳли сафар-саёҳатларида бирон кимса уларга зиён бермай, тинчлик ва тўкин-сочинликда яшаётганлари учун ҳам мана шу Байтуллоҳдан ва унинг Эгаси бўлмиш Аллоҳ таолодан қарздордирлар. Бас, улар У Зотнинг Ягона Ўзига ибодат қилиш билан ўзларига ато этилган неъматларнинг шукрини адо этсинлар!
Мавзуга оид:
Қуръони карим сураларининг мухтасар маънолари силсиласи
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин
https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg