Дунё Ибн Аббосдек ҳақпарвар уламоларга муҳтож
Уламолар ҳаётидан ибратлар силсиласи
- Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу нима учун Ибн Аббосни – ёш йигит бўлишларига қарамай – улуғ ёшли ва энг илмли саҳобалар мажлисига аъзо қилиб қўйган эдилар?
- Саҳобалар даврида бир қанча ғайримусулмон қавмлар нима учун қисқа муддат ичида ўз динларини ташлаб, мусулмонликка ўтиб кетишган?
- Хаворижларнинг 4000 (тўрт минг)дан кўп аъзоси Али розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида қандай қилиб Ибн Аббос билан бир марта баҳс қилишлари оқибатида тавба қилишганди (ваҳоланки адашган тоифалар ичида тавба қилиши энг қийин бўлган кимсалар хаворижлар эди) ?
Бу каби саволларнинг жавобини билиш учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодек улуғ зотларнинг ҳаётлари билан танишиш лозим бўлади.
Биз ушбу мақоламизда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таржимаи ҳолларидан айрим нуқталарни ёдга олиш билан чекланамиз:
1. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ёшлик чоғларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилишда фидокор ва зукко болакай бўлган эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини қучоқлаб (бағирларига босиб) қуйидаги муборак дуолари билан сийлаганлар.
«اللَّهُمَّ عَلِّمْهُ الكِتابَ»
«Эй Аллоҳ, бу (Ибн Аббос)га Китобни (яъни, Қуръони карим илмларини) ўргатиб қўйгин».
(Имом Бухорий ривояти)
Яна бир ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллларини Ибн Аббоснинг елкаларига қўйиб шундай деганлар:
«اللهُمَّ فَقِّهْهُ فِي الدِّينِ وَعَلِّمْهُ التَّأْوِيلَ»
«Эй Аллоҳ, бу (Ибн Аббос)ни динда фақиҳ – уламо қилгин ва унга таъвил – (Қуръони карим) тафсирини ўргатиб қўйгин».
(Имом Аҳмад ривояти)
2. Расулуллоҳ вафот этган пайтлари Ибн Аббос 15 ёш эдилар. Абу Бакр ва Умар халифаликлари даврида энг илмли саҳобаларга бориб, ёнларида юриб, хизматларида фидойи бўлиб, улар ёд олган ҳадиси шарифларни сўраб-сўраб, барчасини ўрганиб чиққанлар.
(«Расулуллоҳ мени дуо қилиб қўйганлар, у зотнинг дуолари шак-шубҳасиз мустажоб, мен шундоғам буюк аллома бўлдим, энди бемалол уйимда ўтираверсам бўлади» демаганлар. Ёки «саҳобаларнинг ичларида уламолар кўп-ку, мен ҳам олим бўлишим шартми, шунча уламо етмайдими» деб дангасалик ҳам қилмаганлар. Ҳатто дунёвий ишларга чалғиб, тирикчиликни деб бутунлай банд бўлиб ҳам юравермаганлар).
3. Шунинг учун ҳам саҳобаларнинг ўзлари Ибн Аббос қисқа йиллар ичида чуқур илмларга эга бўлиб олганига гувоҳлик бериб, у кишини «Қуръони карим таржимони» ва «Илмда (соҳили ва туби кўринмайдиган) ДЕНГИЗ» деган атамалар билан номлашган.
4. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо тақвода ҳам, тоат-ибодатларда ҳам, гўзал ахлоқда ҳам пешқадам, золимларнинг зулмидан қўрқмайдиган ҳақпарвар бўлганликлари ҳаммага маълум ва машҳур, бу борадаги саҳиҳ ривоятлар жуда ҳам кўп.
5. Ушбу қисқагина рисоламизни имом Табарий тафсир китобларида ривоят қилган қуйидаги хабар билан якунлаймиз:
«Али розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Ибн Аббосни ҳаж мавсумига ҳожиларни бошқарувчи бош амир қилиб йўлладилар. Ибн Аббос ҳожиларга маъруза қилар эканлар, Қуръони карим сураларини тафсир қилиб борардилар. Агар у зотнинг хутбаларини турк (яна бир ривоятда форс) ва румликлар (яъни, бутун дунё аҳли) эшитишганда эди, албатта Исломни қабул қилган бўлардилар».
Мавзуга оид яна:
Саҳобалар ва уламолар ҳаёти силсиласи
Илм талабида юрган ўғлимга мактуб
Уламоларни ким обрўсизлантиряпти?
«Олимнинг йиқилиши оламнинг қулашидир»
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ (1-қисм)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози телеграм канали