Моун сурасининг мухтасар маънолари
107-сура, 7 оятдан иборат. «Моун» деб идиш-товоқ, болта-теша, қозон, пақир ва ҳоказо майда рўзғор буюмларига айтилади
Раҳмон (меҳрибон) ва Раҳим (раҳмли) Аллоҳ (ибодатга ҳақли Ягона Илоҳ) номи билан (бошлайман)
«1. Динни ёлғонга чиқарадиган кимсани кўрдингизми? (Яъни, Қиёмат куни ҳисоб-китоб ва жазо-ю мукофотлар бўлишини инкор қиладиган кимсани таниб олдингизми?)
2-3. У шундай (тошбағир, қўпол) кимсаки, етимларни ҳайдайди (ҳақларини бермайди, уларга зулм қилади) ва мискин-бечораларга таом бериш(ни ўзи ҳам бажармайди, бошқаларни ҳам шундай хайрли ишлар)га тарғиб қилмайди (эзгуликни ёмон кўради).
4-5. Бас, намозларига бепарволик қиладиган «намозхон»ларга вайл (хорлик ва азоб) бўлгайки. 6-7. Улар (намозларда ҳам бошқа амалларда ҳам) риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (одамлардан) ман қиладиган (яъни, ўзларидан бошқаларга яхшилик насиб бўлишини хоҳламайдиган бахил) кимсалардир!».
Суранинг умумий мазмуни:
Аллоҳ таоло бу сурада диннинг моҳияти ҳақида сўз юритиб, баъзи бир ўзларини диндор ҳисоблаб юрган, лекин етим-ғарибларга дилозорлик қиладиган, бечора-мискинларнинг ҳолидан хабар олмайдиган кимсаларни «Динни ёлғон дейдиганлар (яъни, Охиратда ҳисоб-китоб ва жазо борлигини инкор қилгувчилар)» деб атади.
Кимки «мен мусулмонман» деса-ю, етим-есирнинг ҳаққидан қўрқмаса; бечора-мискинларга меҳрибонлик қилмаса; оддий нарсаларга ҳам бахиллик қиладиган бўлса, ундай кимсанинг динга қарши бўлган кофирлардан фарқи йўқ.
Ўзлари ёлгиз бўлганларида намоз ўқишни «унутиб» қўядиган ва фақат эл кўрсин учун намозхон бўлиб юрадиган ҳамда қўни-қўшни, ҳамсоялар билан одатда ўртада ишлатиладиган арзимас рўзғор буюмларига ҳам бахиллик қиладиган, риёкор ва хасис кимсаларга ВАЙЛ – Охиратда хорлик ва улкан азоблар тайёрлаб қўйилган.
Тоат-ибодатларини ёлғиз Аллоҳнинг розилигини кўзлаган ҳолда мукаммал бажо этадиган, холис ният билан муҳтожларга хайр-эҳсон қилиб юрадиган ҳақиқий мўмин-мусулмонларга эса, жаннатда абадий бахт-саодат ва улкан ажру савоблар ато этилади.
Аллоҳ ҳаммадан кўра яхшироқ билгувчи Зотдир.
Мавзуга оид:
Моун сураси (Нуриддин Обидхон қори ўғли тиловати)
Қуръони карим сураларининг мухтасар маънолари силсиласи
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Ислом Овози каналини барчага улашинг, илм тарқатишда ҳиссангизни қўшинг, савобли амалингиз Қиёматгача давом этсин
https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg