Иймон китоби муқаддимаси 2-қисм

«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Иймон китобига муқаддима ёзишда давом этади:

Алллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш иймондандир.

(А)

(Улуғ тобеий, буюк имом ва адолатли халифа) Умар ибн Абдулазиз –раҳимаҳуллоҳ- (Ироқ диёрига волий қилиб юборган улуғ тобеий) Адий ибн Адий -раҳимаҳуллоҳ-га (қуйидаги насиҳатлар билан) мактуб йўллаган:

«Албатта иймоннинг фарз (амал)лари, шариат (эътиқод қилишга буюрилган масала)лари, (ҳаром қилинган) чегаралари ва (тарғиб этилган) суннатлари бор. Кимки ана шуларга тўлиқ амал қилса, дарҳақиқат у инсон иймонни мукаммал бажо этибди. Кимки уларни мукаммал бажармаса, бас, у кимса иймонни мукаммал бажо этмабди. Менга умр берилиб яшаб турсам, албатта амал қилишларингиз учун уларни (иймоннинг ана шу амалларини) сизларга баён қилиб бераман. Борди-ю ўлиб қолсам, мен ўзи сизларга ҳамроҳ бўлиб яшашга жуда муштоқ эмасман. (Балки, Аллоҳнинг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлишга муштоқман, дегандек)».

(9)

وقال إبراهيم (عليه السلام) :

{رَبِّ أَرِنِي كَيۡفَ تُحۡيِ ٱلۡمَوۡتَىٰۖ قَالَ أَوَ لَمۡ تُؤۡمِنۖ قَالَ بَلَىٰ وَلَٰكِن لِّيَطۡمَئِنَّ قَلۡبِي}. [البقرة: 260].

Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам (Қуръонда хабар берилганидек Аллоҳга илтижо қилиб) айтганлар:

«Парвардигор, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсатгин» деганида, (Аллоҳ) : «(Ҳали) иймон келтирмаганмидинг?» деди. Иброҳим айтди: «Йўқ (албатта иймон келтирганман), лекин қалбим яна ҳам таскин топиши (яъни, қалбимдаги иймоним янада мукаммалроқ бўлиши) учун…». (Бақара сураси, 260-оят).

(Б)

Муоз (розияллоҳу анҳу) ҳам (ҳамроҳларига) айтганлар: «Биз билан ўтир, бир оз иймонлашайлик».

(В)

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар:

«Ал-Яқийн (қалбда Аллоҳга ва унинг ваъдаларига тўла ишонч ҳосил этиш) иймоннинг барчаси (иймондан бўлган ҳамма яхши амалларни ўз ичига оладиган ибодат)дир».

(Г)

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ҳам айтганлар:

«Банда қалбида ғашлик пайдо қиладиган барча (шубҳали) нарсаларни тарк этмагунга қадар тақво ҳақиқатига (яъни, мукаммал тақвога – иймон камолотига) ета олмайди».

(10)

Аллоҳ таоло айтади:

{شَرَعَ لَكُم مِّنَ ٱلدِّينِ مَا وَصَّىٰ بِهِۦ نُوحٗا وَٱلَّذِيٓ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ وَمَا وَصَّيۡنَا بِهِۦٓ إِبۡرَٰهِيمَ وَمُوسَىٰ وَعِيسَىٰٓۖ أَنۡ أَقِيمُواْ ٱلدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُواْ فِيهِ}. [الشورى: 13]

«(Аллоҳ) дин қилиб Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис- саломга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз (яъни, Аллоҳ таоло) Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани – сизлар учун ҳам шариат қилиб берди: «Динни барпо қилинглар ва унда (бир-бирига қарши) фирқаларга бўлиниб кетманглар!»». (Шуро сураси, 13-оят).

(Д)

Мужоҳид (ибн Жабр раҳимаҳуллоҳ ушбу ояти карима тафсирида) айтади:
«Яъни, эй Муҳаммад, сизга ҳам, унга (Нуҳ алайҳиссаломга) ҳам (шундай) ягона ҳақ ДИНни васият қилдик».

(11)

Аллоҳ таоло айтади:

{لِكُلّٖ جَعَلۡنَا مِنكُمۡ شِرۡعَةٗ وَمِنۡهَاجٗاۚ}. [المائدة: 48].

«Сизлардан ҳар бир уммат учун шариат ва йўл қилиб бердик». (Моида сураси, 48-оят).

(Е)

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо ушбу ояти карима тафсирида) айтадилар:

«Яъни, равшан йўл ва шариат қилиб бердик, деганидир».

(12)

Аллоҳ таоло айтади:

{قُلۡ مَا يَعۡبَؤُاْ بِكُمۡ رَبِّي لَوۡلَا دُعَآؤُكُمۡ فَقَدۡ كَذَّبۡتُمۡ فَسَوۡفَ يَكُونُ لِزَامَۢا}. [الفرقان: 77].

«(Эй Расулуллоҳ, мушрикларга) айтинг: «Агар дуоингиз бўлмаса (яъни, модомики дуо қилмас экансизлар), Парвардигорим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (У Зот юборган пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлур»».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо ушбу ояти карима тафсирида яна) айтганлар:

«Дуоингиз иймонингиз» деганидир.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi