Иймон китоби муқаддимаси (1-қисм)
«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муқаддимаси ҳисобланган «Ваҳий бошланиши қандай бўлган эди…» деган биринчи китоб ёки бобни якунлаганидан сўнг «Иймон китоби»га киришган.
Иймон китобини энг биринчи бобида иймон ҳақидаги айрим ояти карималарни ва саҳиҳ ривоятларни қисқа-қисқа тарзда зикр қилиш билан бошлаган:
Иймон ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ислом бешта (пойдевор) устига бино бўлди…» деган сўзлари ҳақидаги БОБ
У сўздир ва амалдир. (Яъни, иймон қалб ва тил билан айтиладиган сўзлар, қалб ва зоҳирий аъзолар билан бажариладиган амаллардир). У (иймон тоат-ибодатлар билан) зиёда бўлиб боради ва (гуноҳ-маъсиятлар оқибатида) камайиб ҳам кетади.
Аллоҳ таоло айтди:
(1)
{هُوَ الَّذِي أَنزَلَ السَّكِينَةَ فِي قُلُوبِ الْمُؤْمِنِينَ لِيَزْدَادُوا إِيمَانًا مَّعَ إِيمَانِهِمْ}. [الفتح: 4].
«У Зот ўз иймон-ишончларига яна иймон қўшилиб зиёда бўлиши учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган Зотдир». (Фатҳ сураси, 4-оят).
(2)
{إِنَّهُمْ فِتْيَةٌ آمَنُوا بِرَبِّهِمْ وَزِدْنَاهُمْ هُدًى}. [الكهف: 13].
«Дарҳақиқат, улар («Асҳобул-Каҳф» – кофирлардан қочиб ғорда яширинган мўминлар) Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз ҳидоятларини (иймонларини) зиёда қилган йигитлардир». (Каҳф сураси, 13-оят).
(3)
{وَيَزِيدُ اللهُ الَّذِينَ اهْتَدَوْا هُدًى}. [مريم: 76].
«Аллоҳ ҳидоятга юрган кишиларга яна ҳидоятни (иймонни) зиёда қилур». (Марям сураси, 76-оят).
(4)
{وَٱلَّذِينَ ٱهۡتَدَوۡاْ زَادَهُمۡ هُدٗى وَءَاتَاهُمۡ تَقۡوَاهُمۡ}. [محمد: 17].
«Ҳидоят топган (иймон келтирган) зотларга (Аллоҳ) яна ҳидоятни (иймонни) зиёда қилур ва уларга тақво ато этур (Аллоҳдан тақво қилишга муваффақ айлар)». (Муҳаммад сураси, 17-оят).
(5)
{وَيَزۡدَادَ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِيمَٰنٗا} الآية. [المدثر: 31].
«Иймон келтирган зотларнинг иймонлари янада зиёда бўлади…». (Муддассир сураси, 31-оят).
(6)
{وَإِذَا مَآ أُنزِلَتۡ سُورَةٞ فَمِنۡهُم مَّن يَقُولُ أَيُّكُمۡ زَادَتۡهُ هَٰذِهِۦٓ إِيمَٰنٗاۚ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ فَزَادَتۡهُمۡ إِيمَٰنٗا وَهُمۡ يَسۡتَبۡشِرُونَ}. [التوبة: 124].
«Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни, мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб) : «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?» дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур ва улар шод-хуррам бўлурлар». (Тавба сураси, 124-оят).
(7)
{ٱلَّذِينَ قَالَ لَهُمُ ٱلنَّاسُ إِنَّ ٱلنَّاسَ قَدۡ جَمَعُواْ لَكُمۡ فَٱخۡشَوۡهُمۡ فَزَادَهُمۡ إِيمَٰنٗا وَقَالُواْ حَسۡبُنَا ٱللهُ وَنِعۡمَ ٱلۡوَكِيلُ}. [آل عمران: 173].
«Ундай зотларга айрим кимсалар: «(Қурайш) одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаб (бостириб келяптилар), бас, улардан қўрқингиз!», деганларида (бу хабар) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар». (Оли Имрон сураси, 173-оят).
(8)
{وَلَمَّا رَءَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ ٱلۡأَحۡزَابَ قَالُواْ هَٰذَا مَا وَعَدَنَا ٱللهُ وَرَسُولُهُۥ وَصَدَقَ ٱللهُ وَرَسُولُهُۥۚ وَمَا زَادَهُمۡ إِلَّآ إِيمَٰنٗا وَتَسۡلِيمٗا}. [الأحزاب: 22].
«Мўминлар у фирқаларни (Мадинага бостириб келган кофир аскарларни) кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва Пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (бундай оғир имтиҳон) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос». (Аҳзоб сураси, 22-оят).
Давоми бор…
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•