Тўй кечаси таҳажжуд ўқиб чиққан келин-куёв

Бўлимлар: Рисолалар

Islom Ovozi

Улуғ тобеийлардан имом Сила ибн Ашям раҳимаҳуллоҳ уйланганларида яқинлари: «Ҳаммомга кириб чўмилиб чиқинг, сўнг атирлар турадиган хонага кириб хушбўй ҳидлардан суртиб олинг» дейишди.

Кейин хонадонга келин бўлиб келган Муоза Ал-Адавийя (Уммус-Саҳбо бинти Абдуллоҳ) раҳимаҳаллоҳ билан ёлғиз қолишар экан, иккалалари ҳам тонг отгунга қадар таҳажжуд ўқиб чиқишди.

Бомдод намозида ҳолатдан хабар топган жиянлари: «Сиз келинга зулм қилдингиз…» деган маънода танбеҳ берди.

Сила ибн Ашям у кишига жавобан шундай деди:

«Ҳаммомга кирганимда дўзахни эсладим, атирхонада эса жаннат ёдимга келди. Тонг отгунга қадар дўзах ва жаннатни унутолмадим. (Шунинг учун Аллоҳдан Охират куни дўзахдан нажот бериб, жаннатга киритишини сўраб ибодат қилдим)».

* Муоза Ал-Адавийя раҳимаҳаллоҳ уммул-мўминин Оиша розияллоҳу анҳо қўлларида таълим-тарбия олган олима, обида ва зоҳида бўлган улуғ момоларимиздан.

 

Ибрат:

Бугунги келин-куёвларимиз ҳам мана шундай улуғ зотларнинг ҳаётлари билан танишиб, ўшандай зотларга ўхшашга ҳаракат қилишлари лозим. Таҳажжуд намозларини ўқишга иймонлари ва тоқатлари етарли даражада бўлмаса-да, лоақал фарз намозларни ўз вақтида мукаммал бажо этадиган бўлсинлар. Бомдод намозига ухлаб қолишдан қаттиқ ҳазар қилсинлар. Йигитлар жамоат намозларидан кеч қолмасинлар. Шунда уларнинг оилалари, авлодлари ва молу давлатларига доимо илоҳий баракалар ёғилиб туради.

Манба:

Имом Ибн Ражабнинг «Ат-Тахвиф минан-нар» (Дўзахдан қўрқитиш) китоби: 23-саҳифа.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi