«Ал-Каафирун» сурасининг мухтасар маънолари

109-сура, Маккада нозил бўлган, 6 оятдан иборат. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломни ҳам саҳобаларни ҳам Тўғри йўлдан чалғитиш ғаразида: «Эй Муҳаммад, кел, бизлар бир йил сенинг динингга кирамиз, сен ҳам бизнинг динимизга бир йил киргин…» деган таклиф билан чиқишганда Аллоҳ уларга ушбу ояти карималар билан раддия берган. Суранинг хулосаси, кофирларнинг найрангларига алданмаслик, Ягона Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиб яшаш учун даъватдир

Раҳмон (меҳрибон) ва Раҳим (раҳмли) Аллоҳ (ибодатга ҳақли Ягона Илоҳ) номи билан (бошлайман)

«1. (Эй Расулуллоҳ алайҳиссалом), айтинг: «Эй кофирлар! 2. Мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмасман. 3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Ягона Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар. (Зеро, ширк аралашган «ибодат» Парвардигор наздида эътиборга олинмас). 4. (Яна таъкидлаб айтаманки) Мен (асло) сизлар ибодат қилган нарсаларга ибодат қилгувчи эмасман. 5. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Ягона Ҳақ Илоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар. (Сизларнинг ширк билан аралашган «ибодат»ингиз У Зотнинг ҳузурида асло ибодат ҳисобланмас). 6. Сизларнинг динингиз (ширк, куфр, маъсиятларингиз ва унинг жазолари) ўзларингиз учун, менинг диним (Ягона Аллоҳнинг Ўзига сиғинишим, итоат этишим ва бунинг мукофотлари) ўзим учундир!»».

 

Мавзуга оид:

Қуръони карим сураларининг мухтасар маънолари силсиласи

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg