Энг саховатли инсон Расулуллоҳ бўлганликлари (6-ҳадис)

«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи

(Олтинчи ҳадис)

Ушбу ҳадисни имом Бухорий саҳиҳ тўпламларининг беш хил бобида турли санадлари билан ривоят қилганлар.

Биз ҳозир биринчи ўриндаги («Ваҳий бошланиши қандай бўлган эди…» бобидаги) ривояти билан танишамиз. Бу ривоятни ҳам икки хил санади билан келтирганлар.

Биринчи санади:

Бизга (устозимиз) Абдон (Абдуллоҳ ибн Усмон Ал-Марвазий) ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Абдуллоҳ (ибн Муборак Ал-Марвазий) ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Юнус (ибн Язид) ҳадис ривоят қилиб деди: (имом Муҳаммад ибн Шиҳоб) Зуҳрийдан ривоят, у киши шундай деди:
Менга Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ҳадис ривоят қилиб деди: …

Иккинчи санади:

Бизга (устозимиз) Бишр ибн Муҳаммад (Ал-Марвазий) ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Абдуллоҳ (ибн Муборак Ал-Марвазий) ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозларимиз) Юнус (ибн Язид) ва Маъмар (ибн Рошид) Зуҳрийдан ҳадис ривоят қилишди: Зуҳрий (яъни, имом Муҳаммад ибн Шиҳоб Аз-Зуҳрий) ҳадис ривоят қилиб айтди: Менга Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ҳадис ривоят қилиб деди:

(Абдуллоҳ) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтди:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча инсонлар ичида энг саховатли зот эдилар. Яна ҳам кўпроқ (энг кўп) саховатпеша бўладиган пайтлари Рамазонда Жибрил билан учрашганларида бўларди. Жибрил Рамазоннинг ҳар кечасида Расулуллоҳнинг олдиларига келардилар ва Қуръондан биргаликда дарс қилардилар (Яъни, Қуръони каримдан нозил бўлган сураларни ҳар куни кечаси биргаликда тиловат қилиб ўқишарди). Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, (Аллоҳга қасамки), эзгуликда (яхшиликлар билан эсадиган қилиб) юборилган шамолдан ҳам саховатлироқ эдилар (яхшиликларининг тезлиги, умум халқни қамраб олиши ва барчага ёқимли ва манфаатли бўлиши шундай сифатларга эга бўлган баракали шамолдан ҳам афзалроқ эди)».

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi