Мунофиқлар сифати ва оқибати
Қуръони карим сабоқлари
Биринчи иқтибос:
Аллоҳ таоло Нисо сурасида хабар беради (Ояти карималарнинг мухтасар маънолари) :
«142. Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. – Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир. – Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар.
143. Улар на у ёқлик, на бу ёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирса сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз.
144. Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Аллоҳ учун ўз зарарларингизга очиқ ҳужжат қилиб беришни истайсизми?
145. Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (энг улкан азобга дучор) бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!
146. Фақатгина тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар – ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар. Яқинда Аллоҳ мўминларга улуғ ажр ато этажак!
147. Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин (сизларни азобга тутишнинг нима кераги бор Аллоҳга)?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) Шокир – шукр қилгувчи ва Алийм – (барча нарсаларни билиб турган) Зот-ку?!
148. Аллоҳ ёмон сўзларнинг (яъни, дуоибаднинг) ошкора айтилишини суймайди. Фақат мазлум томонидан бўлса (жоиздир). Аллоҳ Самийъ (барча нарсаларни эшитиб тургувчи), Алийм (барча нарсаларни билиб тургувчи) бўлган Зотдир».
149. (Эй мўминлар), хоҳ ошкора, хоҳ яширинча бирон яхшилик қилсангиз ёки бирон ёмонликни афв қилиб юборсангиз (Аллоҳ суйган бандалардан бўлурсиз). Зеро, Аллоҳ Қадийр (барча нарсаларга Қодир) , Афувв (бандаларнинг кўп гуноҳларини афв қилиб тургувчи) бўлган Зотдир».
Иккинчи иқтибос Мунофиқун (Мунофиқлар деб номланган сура)дан:
«1. (Эй Расулуллоҳ), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни (яхши) билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканликларига (ёлғондан мусулмонликни даъво қилаётганликларига) гувоҳлик берур.
2. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар! Уларнинг қилгувчи бўлган амаллари нақадар ёмондир!
3. Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!
4. Қачон сиз уларга боқсангиз уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар. Ана ўшалар (энг асосий) душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Аллоҳ уларга уруш очсин! Қандай адашмоқдалар-а (ҳолбуки ҳақиқат очиқ-ойдин бўлиб турибди-ку)!».
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•