«Ваҳий бошланиши қандай бўлган эди?…» (5-ҳадис)
«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи
(Бешинчи ҳадис)
Имом Бухорий ривоят қилиб деди:
Бизга (устозимиз) Мусо ибн Исмоил ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Абу Авона ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Мусо ибн Абу Оиша ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Саид ибн Жубайр ҳадис ривоят қилиб деди:
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи:
«لَا تُحَرِّكۡ بِهِۦ لِسَانَكَ لِتَعۡجَلَ بِهِۦٓ » الآيات
«Сиз (Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай туринг…»
(Қиёмат сурасидаги 16-19 оятларнинг тафсири) ҳақида бундай деди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Қуръон) нозил бўлишида (илоҳий ваҳийнинг) оғирлигидан қийналардилар ва (нозил бўлган оятларни ёдлаб олиш учун тилларини ва) лабларини қимирлатиб ҳаракат қилардилар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) шу ерда яна бундай деди:
Мен сизларга (бўлган воқеани тасаввурга яқинлаштириб бериш учун) иккаласини (тилим ва лабларимни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўз тиллари ва лабларини) қимирлатганларидек қимирлатаман.
(Ибн Аббосдан ҳадисни эшитиб ривоят қилиб бераётган) Саид ибн Жубайр (ҳам) айтади:
Мен (ҳам) иккаласини (тил ва лабларни) Ибн Аббос қимирлатганини қандай кўрган бўлсам, ана шундай тарзда қимирлатиб (кўрсатиб) бераман.
Бас, (тилларини ва) икки лабларини қимирлатдилар.
Ана шунда Аллоҳ таоло ушбу (қуйидаги ояти карималар)ни нозил қилган:
«لَا تُحَرِّكۡ بِهِۦ لِسَانَكَ لِتَعۡجَلَ بِهِۦٓ * إِنَّ عَلَيۡنَا جَمۡعَهُۥ وَقُرۡءَانَهُۥ «
«16. Сиз (Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай туринг. 17. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир».
(Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо тафсирда давом этиб айтади) :
«Уни жамлаш…» деганда (яъни Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни хотиржам қилиб айтмоқдаки) : сизнинг дилингизга (нозил бўлаётган Қуръонни мукаммал тарзда жойлаб берамиз) ва сиз уни (кейин ҳеч қандай хатосиз ёд олган ҳолингизда) ўқийсиз.
فَإِذَا قَرَأۡنَٰهُ فَٱتَّبِعۡ قُرۡءَانَهُۥ
«18. Бас, қачон Биз уни (яъни, нозил бўлган оятларни) ўқиб битганимиздан сўнг сиз ҳам уни (қандай ўқилган бўлса, ана шундай) ўқишни бошлаб эргашинг!»
Ибн Аббос айтади:
Яъни, аввал қулақ солиб, жим туриб, эшитинг.
ثُمَّ إِنَّ عَلَيۡنَا بَيَانَهُۥ
«19. Сўнгра уни (нозил бўлган оятларни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир».
Ибн Аббос деди:
Яъни, сўнгра уни (нозил бўлган оятларни сизга) ўқитиш албатта Бизнинг зиммамиздадир (Яъни, Аллоҳ таолонинг зиммасидадир)!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо яна айтди:
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон Жибрил (Жаброил ваҳий билан) келса, унга қулоқ солиб турардилар, кейин (ваҳийни нозил қилиб бўлиб) кетганидан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни худди у (Жаброил) ўқиганидек ўқирдилар.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•