Мўмин ҳеч қачон умидсиз бўлмайди

ISLOM OVOZI

Бобомиз Иброҳим ва набиралари Яъқуб алайҳимассаломдан ибрат

(1)

Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимуссаломнинг бошларига мусибатлар кела бошлади.

Аввал ўғиллари Юсуфдан айрилдилар, кейин яна бир ўғиллари Бинёмин ҳам йўқолди.
Фарзанддан айрилиш мусибати туфайли кўп йиғлаганликлари оқибатида икки кўзлари ҳам кўрмай қолди.

Бироқ, мусибатлар оғирлашиб ва кўпайиб боришига қарамасдан, Меҳрибон Парвардигор Аллоҳ таолодан умидларини асло узмадилар. Аксинча қолган фарзандларига насиҳат қилиб, Аллоҳнинг марҳаматидан умидсиз бўлмасликка ва йўқолган укаларини излашда давом этишга чорлаб турдилар.

{يَا بَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِن يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلَا تَيْأَسُوا مِن رَّوْحِ اللَّهِ ۖ إِنَّهُ لَا يَيْأَسُ مِن رَّوْحِ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ}.

[يوسف: 87].

“Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг укасини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”.

(Юсуф сураси, 87-оят).

Барчага ибрат бўлган гўзал сабрлари ва Парвардигорга бўлган доимий умидворликлари натижаси ўлароқ, Аллоҳ таоло бошларига тушган мусибатларни кетказиб, йўқолган неъматларнинг барчасини қайтариб берди.

(2)

Бобомиз Иброҳим алайҳимуссалом ҳам ноумидликни қаттиқ қоралаганлар.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида хабар беради:

{۞ نَبِّئْ عِبَادِي أَنِّي أَنَا الْغَفُورُ الرَّحِيمُ (49) وَأَنَّ عَذَابِي هُوَ الْعَذَابُ الْأَلِيمُ (50) وَنَبِّئْهُمْ عَن ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ (51) إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ إِنَّا مِنكُمْ وَجِلُونَ (52) قَالُوا لَا تَوْجَلْ إِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَامٍ عَلِيمٍ (53) قَالَ أَبَشَّرْتُمُونِي عَلَىٰ أَن مَّسَّنِيَ الْكِبَرُ فَبِمَ تُبَشِّرُونَ (54) قَالُوا بَشَّرْنَاكَ بِالْحَقِّ فَلَا تَكُن مِّنَ الْقَانِطِينَ (55) قَالَ وَمَن يَقْنَطُ مِن رَّحْمَةِ رَبِّهِ إِلَّا الضَّالُّونَ}

“49. (Эй Расулуллоҳ), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина Ғафур (мағфиратли), Раҳим (Меҳрибон) Зотлигимни;

50. Ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!

51. Яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг!

52. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб: «Салом», деганларида, (Иброҳим алик олиб, уларга бир семиз бузоқни пишириб келтирди. Лекин меҳмонлар таомга қўл чўзишмагач), у: «Биз сизлардан қўрқмоқдамиз (Кимсизлар ўзи)?», деди.

53. Улар дедилар: «Қўрқмагин (биз Аллоҳ юборган элчи – фаришталармиз). Биз сенга бир билимдон ўғил (яъни, Исҳоқ) хушхабарини етказурмиз».

54. У деди: «Менга кексалик етган пайтида (фарзанд кўришим ҳақида) хушхабар келтирдингизми? Энди менга (бу ёшимда) ниманинг ҳам хушхабарини етказар эдингизлар?»

55. Улар айтдилар: «Биз сенга ҳаққу рост ( ростдан ҳам фарзанд кўришинг ҳақида) хушхабар келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!»

56. У деди: «Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат адашган (залолатга кетган) кимсаларгина ноумид бўлурлар”.

Иброҳим алайҳиссаломнинг фаришталар хабар берган илоҳий муждага нисбатан: «Энди менга (бу ёшимда) ниманинг ҳам хушхабарини етказар эдингизлар?» деган сўзлари эса, умидсизлик эмас, балки Аллоҳнинг қудратига қойил қолиб ажабланиш эди.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi