“Етарлича илмим бор, деб ўйлаган киши ўз ҳолига йиғласин”

Бўлимлар: Рисолалар

Уламолар ҳаёти ҳақида туркум мақолалар

Имом Абу Ҳанифадан 17 йил таҳсил олган буюк аллома Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ал-Ансорий талабалик чоғида бир неча кун бетоб бўлиб қолди. Имом Абу Ҳанифа ҳар куни унинг ҳолатидан хабар олиб турди. Кунлардан бирида Абу Юсуфнинг касаллиги оғирлашар экан, Абу Ҳанифа ўзининг ҳамроҳларидан бирига шундай деди:

“Вафотимдан кейин Абу Юсуф мусулмонларга (илм ўргатади деб катта) орзулар қилиб юргандим. Агар у ҳозир (шу касаллик туфайли) вафот этадиган бўлса, ундаги кўпкина илмлар ҳам у билан бирга кетиб қолишидан қўрқяпман”.

Орадан кўп ўтмасдан имом Абу Юсуф тузалиб, қулоғига имом Абу Ҳанифанинг мақтови етиб боради. Натижада у кишида (бироз бўлса ҳам) ўрганган илмлари билан мағрурланиш пайдо бўлди. (Абу Ҳанифанинг мақтовидан хабар топган) одамлар ҳам Абу Юсуфнинг илмига ва ундан фатво сўрашга қизиқиб қолишди.

Бинобарин, Абу Юсуф масжидда фиқҳ илмидан дарс бошлаб юборди, имом Абу Ҳанифанинг дарсларига эса, эътиборсизроқ бўлиб қолди.

Абу Ҳанифа Абу Юсуфнинг камнамо бўлиб қолганлиги сабабини суриштириб, унинг мустақил равишда дарс ва фатво беришга киришиб кетганига воқиф бўлди. Баъзилар Абу Ҳанифага: ”Абу Юсуф ҳақида айтган мақтовли сўзингиз унинг ўзига ҳам етиб борган” дейишди.

Шунда Абу Ҳанифа Абу Юсуф ҳурмат қиладиган бир кишига қуйидаги топшириқни юклади:

“Яъқуб (Абу Юсуф)га бориб мана бу масала ҳақида фатво сўрагин:

Бир киши кўйлагини қисқартириш мақсадида чеварга борибди ва хизмат ҳақи учун бир дирҳамга келишибди. Бир неча кундан сўнг кўйлагини олишга борганида чевар: “Мен сендан кўйлак олмаганман” деб тонибди. Кейинроқ кўйлакни қисқартирилган ҳолда эгасига қайтариб берибди. Мана шу ҳолатда чевар аввал келишилган бир дирҳамни талаб қилишга ҳаққи борми?

(Абу Юсуф) “Ҳа, ҳаққи бор”, деса ҳам “ҳаққи йўқ”, деса ҳам: “Жавобинг хато” дегин.

Дарҳақиқат, Абу Юсуф саволга аввал “ҳаққи бор”, деб жавоб берар экан, Абу Ҳанифа йўллаган киши “жавобинг хато” деди. Абу Юсуф бироз ўйланиб кўрганидан сўнг: “Ҳаққи йўқ”, деб жавоб бериб, яна “жавобинг хато” деган гап эшитди.

(“Тузоқ”қа тушганини англаб етган) имом Абу Юсуф дарҳол ўрнидан туриб ўз устози имом Абу Ҳанифа томон йўл олди.

Абу Юсуф ҳозир бўлганини кўрган Абу Ҳанифа: “Чевар масаласини деб келдингми?” деди.

Абу Юсуф: Ҳа.

Абу Ҳанифа:

“Субҳаналлоҳ! Ижарага оид бир масалага тўғри жавоб беролмайдиган одам қандай қилиб халойиққа фатво беради, қандай журъат билан Аллоҳнинг дини ҳақида сўзлаш учун ҳалқа очиб олади? Ўз ҳаддини билмайдими? “Илм ўрганишдан беҳожат бўлдим (етарлича илм олиб бўлдим)” деб ўйлаган киши ўз ҳолига йиғласин! (Яъни, Қиёматда бундай инсонларнинг аҳволи жуда ачинарли бўлади. Ўлим келиб қолишидан тезроқ Аллоҳга ёлвориб тавба қилиб олишимиз даркор)”.

Имомнинг танбеҳларидан хулоса олган Абу Юсуф: “Устоз, менга илм ўргатинг” деди.

Шундан кейин имом Абу Ҳанифа чевар масаласини ҳам баён қилиб берди:

“Чевар кўйлакни тонганидан кейин қисқартирган бўлса (хизмат ҳақи учун деб айтилган бир дирҳамни талаб қилишга) ҳаққи йўқ. Чунки, у кўйлакни ўзи учун қисқартирган бўлади. Агар тонишдан олдин қисқартирган бўлса ҳаққи бор, зеро у ҳолда кўйлакни асл эгасига бераман деган ният билан қисқартирган бўлади”.

Яна Аллоҳ билгувчироқдир.

Манба:

(Имом Ал-Хатиб Ал-Бағдодийнинг “Ал-Фақиҳ ва Ал-Мутафаққиҳ” китоби, 2/78-79)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg