Пайғамбар дуоси учратган бахтли меҳмон
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллламнинг доимий одатлари таомни албатта меҳмонлар билан бирга баҳам кўриш бўлган.
Оиша бинти Саъддан ривоят:
Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига таом қўйилди, бироқ ўша пайт ҳеч қандай меҳмон йўқ эди. Шунда У зот дарҳол дуо қилиб шундай дедилар:
“اللَّهمَّ سُقْ إلى هذا الطَّعامِ عبدًا تحبُّهُ ويحبُّكَ”
“Эй Аллоҳ, ушбу таом(ни мен билан бирга тановул қилиш) учун Ўзинг уни суйган ва у ҳам Сени яхши кўрадиган бир бандани йўллагин”.
Бас, (орадан кўп вақт ўтмасдан) Саъд ибн Аби Ваққос кириб келди (ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга овқатланди)”.
(Имом Баззор “ал-Баҳруз-заххор” (Муснад)да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилишган. Силсилаи саҳиҳа: 3317-ҳадис)
Саъд ибн Аби Ваққос ким?
* “Ашараи мубашшарин” деб танилган ўнта энг улуғ саҳобий киромнинг бири, ҳаётлик чоғида жаннат хуш хабари берилган.
* Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Омина бинти Ваҳбга қабиладош.
* Уҳуд жангида Саъднинг жиҳоддаги шижоатини янада кучайтириш учун Расулуллоҳ у кишига: “Эй Саъд, (найзаларингни) от! Отам-Онам сенга фидо бўлсин…” деб айтганлар.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•