Рим императори Ҳирақл ҳақидаги ҳадис ва қисса (охирги қисм)

ISLOM OVOZI

«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи

Абу Суфён (Ибн Аббосга бу қиссани ривоят қилиб беришда давом этиб) айтади:

Ҳирақл шу сўзларни гапирганидан, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборган) мактубни ўқиб бўлганидан сўнг унинг ҳузурида шовқин-сурон кўпайиб, овозлар (баланд) кўтарилиб кетди. Биз эса у ердан чиқариб юборилдик. Чиқариб юборилар эканмиз, ҳамроҳларимга айтдим: Дарҳақиқат Ибн Аби Кабша (Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом)нинг иши жуда кучайиб кетди-ку, ҳатто Банул-Асфар (румликлар)нинг подшоҳи ҳам ундан қўрқадиган бўлиб қолибди.

(Абу Суфён яна шундай деди: )

Ана шу кундан бошлаб ич-ичимдан ишониб юрардимки, у (Муҳаммад алайҳиссалом) яқинда барибир ғолиб бўлажак, то Аллоҳ менинг қалбимга ҳам Исломни киритди (яъни, кейинчалик Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириб, Исломга кирдим).

 

Ийлиё (Байтул-Мақдис) соҳиби (ҳокими) Ибн Нозур (ёки Ибн Нотур) Ҳирақл дўсти, Шом диёридаги насороларга епископ (назоратчи ва руҳоний) эди. (Шу одам) айтади:

(Кунлардан бирида) Ҳирақл Ийлиё (Байтул-Мақдис)га келган пайт сиқилган (ғамгин) ҳолида тонг оттирди. Шунда унинг патриархларидан баъзилари сўрашди: Кўринишингиздан сиқилиб қолганга ўхшаяпсиз (нима бўлди, тинчликми) ?

Ибн Нозур (яна) айтади:

Ҳирақл мунажжим ҳам эди, юлдузларга қараб (келажак воқеалар ҳақида тахминлар қилиб) турарди. (Патриархлар ана шу куни Ҳирақлнинг сиқилиб турганлиги сабабини сўрашганида) уларга жавобан айтдики:

Мен бу кеча юлдузларга қарар эканман, хатна подшоҳи зоҳир бўлганини кўрдим. Бу уммат (ҳозирги замондаги халқлар) ичидан кимлар хатна қилади (қайси халқ фарзандларини хатна қилишга одатланган) ?

Улар (Ҳирақлга) жавоб бериб айтишди:

Яҳудийлардан бошқа ҳеч ким хатна қилмайди. Уларни деб ўзингизни сиқиб ўтирманг. Мамлакатингиз вилоятларига мактуб йўлланг, у ерлардаги барча яҳудийларни қатл этиб юборишсин, бўлди (иш битади, подшоҳлигингизга таҳдид соладиганлардан қутуласиз).

Мана шу мавзуда маслаҳатлашиб туришган пайт Ғассон (араб қабилаларидан бири) подшоҳи юборган бир одамни Ҳирақл олдига келтирилди. У одам ўша пайт (араблар ичида) бир пайғамбар (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зоҳир бўлганлиги (борган сари араб қабилалари устидан ғалаба қозониб бораётганлиги) хабарини етказди.

Ҳирақл бу хабарни эшитар экан, шундай деди:

«(Ғассон подшоҳи юборган мана бу араб элчига) қарангларчи, хатна қилинганмикан ёки йўқми?

Унга қараб (авратини очиб кўриб), хатна қилинганлигини айтишди.

Кейин ундан арабларнинг одати ҳақида сўради. У одам: «Улар (яъни, араблар) хатна қилишади» деб жавоб берди.

Шунда Ҳирақл айтди:

«Ҳа, демак, бу мана шу умматнинг подшоҳлиги (белгиси экан), дарҳақиқат, у зоҳир бўлди!»

(Ҳирақл кўрган тушининг таъбири Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари зоҳир бўлиши, Ислом дини бутун дунёга тарқалиши эканлигини англаб етди)».

Бас, Ҳирақл  ўзининг Румийя (шаҳри)даги дўстига мактуб йўллади. У ҳам Ҳирақл каби билимдон (илмли диндор ва тақводор) эди.

Кейин Ҳирақл Ҳимс (Шом диёридаги машҳур шаҳар)га отланди.

(Ҳирақл Форс империяси устидан ғалаба қозонган пайти Ҳимс шаҳрини ўз давлатининг пойтахти қилиб олиб, Ҳимсдан то Байтул-Мақдисгача Аллоҳга шукрона сифатида пиёда юриб боргани айтилади. Икки шаҳарнинг орасидаги масофа 395 км атрофида).

Ҳали Ҳимсга йўл юрмасиданоқ (Румийядаги) дўстидан Ҳирақлнинг раъйини – Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқатан рост пайғамбар бўлиб келганликлари ҳақидаги фикрини тасдиқлайдиган жавоб хати етиб келди.

Шундан кейин Ҳирақл ўзининг Ҳимсдаги даскараси (қасри)да Рум каттазангларининг тўпланишларига изн бериб, у ернинг барча дарвозаларини (учрашувга чақирилган каттазанглар ичкарига киришганидан кейин) қулфлаб қўйишга буюрди ва дарҳақиқат мустаҳкам тарзда қулфланди.

Кейин Ҳирақл уларга (тепадаги айвонидан) юзланиб айтдики:

Эй Рум аҳли! Сизлар нажот топишингиз ва давлатингиз мустаҳкам (ва бардавом) бўлиши учун тўғри йўлга юрасизларми – мана бу пайғамбар (Муҳаммад)га байъат берасизларми (яъни, шундай қилинглар) ?

Бас, улар (Ҳирақлнинг бу сўзини эшитишлари биланоқ) дарҳол ёввойи эшаклардек дарвозалар томон отилишди, қарашсаки ҳамма эшиклар қаттиқ қулфланган.

Ҳирақл уларнинг бундай отилиб чиқишга ҳаракат қилганликларини кўрар экан, иймон келтиришларидан умидсиз бўлган ҳолида: «Уларни яна менинг олдимга қайтаринглар» деди.

Кейин (уларга) айтдики:

«Мен ҳозирги сўзимни сизларнинг ўз динингиз (бузилган насронийлик дини)га бўлган мустаҳкам ишончингизни синаш мақсадида айтдим. Дарҳақиқат, мана кўрдим (собитқадам экансизлар)» деди.

Шунда улар Ҳирақлга сажда қилиб, ундан рози эканликларини изҳор этдилар.

Ҳирақлнинг охирги хабари шундай бўлган эди.

(Яъни, у Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ пайғамбар эканликларига тўла ишонч ҳосил қилган, аммо подшоҳлигидан айрилиб қолишдан, ўз давлатининг каттазанглари уни ўлдириб юборишларидан қўрқиб Исломни қабул қилмаган, Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаи киромларга қарши жанг қилишда давом этган. Охири, мағлуб бўлиб, Шом диёридан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Байтул-Мақдис фатҳ этилиб, мусулмонлар қўлига ўтган).

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi