Хатони тўғрилаш учун икки хил усул
Ёхуд
Акса уриш қиссаларидан ибрат
- Акса урган киши «Алҳамду лиллаҳ» демаса, нима қилиш керак?
Маълумки, акса урган киши яқинидаги инсон эшитадиган овоз билан Аллоҳга ҳамд айтиши суннатдир. Ҳамд айтганини эшитган киши унинг ҳаққига «Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сени Ўз раҳматига олсин) деб дуо қилиши ҳам суннат.
Баъзи одамлар ушбу суннатни гоҳида унутиб – кичкина бўлса ҳам – хатога йўл қўядилар.
Шундай ҳолатда унинг ёнида ўтирган биродари бу суннатни имкон қадар энг гўзал услуб билан, кўнгилни оғритмайдиган тарзда эслатиб қўйиши афзал бўлади.
Айрим ўринларда жиддийроқ услубни қўллаш лозим бўлиши ҳам мумкин.
Қуйидаги сатрларда ҳар икки ҳолат учун ҳам гўзал намуна бўладиган иккита қисса билан танишамиз.
Биринчи қисса:
Имом Авзоий (табаи тобеийлардан бўлган буюк аллома) ҳузурида бир киши акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтмади. Шунда имом у инсонга юзланиб: «Акса урган киши нима дейиши керак эди?» деб савол тариқасида мурожаат қилди. У киши дарҳол «Алҳамду лиллаҳ» деб жавоб берди. Кейин имом Авзоий унга: «Ярҳамукаллоҳ» деган дуони айтди.
(Манба: Имом Хаттобийнинг «Маолимус-Сунан» китоби)
Иккинчи қисса:
Аббосий халифа Абу Жаъфар Ал-Мансур бир куни имом Сивор ибн Абдуллоҳ (ўша даврда Ироқдаги Басра шаҳрига қози бўлган уламо) раҳимаҳуллоҳ ёнида акса урди.
Имом Сивор ибн Абдуллоҳ унга «Ярҳамукаллоҳ» демади.
Халифа ғазаби келиб: «Нима учун мен акса урсам сен «Ярҳамукаллоҳ» демайсан?» деди.
Имом жавоб берди: Сен ўзинг «Алҳамду лиллаҳ» демадинг-ку!
Халифа: Ичимда айтдим!
Имом: Мен ҳам ичимда айтдим!
Халифа: Мен сизни қозиликдан бўшатмоқчи бўлиб турган эдим. Модомики, менга ҳам хушомад қилмас экансиз, бошқаларга ҳам хушомод қилмаслигингиз аниқ. Боринг, (ҳақ йўлда собитқадам турган ҳолингизда) қозиликни давом эттиринг!».
(Манба: Имом Суютийнинг «Тарихул-Хулафо» китоби)
- Билиб қўйган яхши:
Ислом фиқҳида қозиликнинг қатор шартлари бор. Муаян бир шахсни қози этиб таъйинлаш шаръан жоиз бўлиши учун унда бир қанча хислатлар, хусусиятлар топилиши шарт қилинади.
Ана шу хусусиятлардан бири шуки:
Ҳақиқат қаршисида ҳеч кимни риоя қилмаслик, хоҳ халифа бўлсин, хоҳ вазир, хоҳ бой-бадавлат, хоҳ ўзининг ота-онаси, хоҳ бошқа шахс бўлсин. Яъни, қози ҳатто мусулмон давлатнинг энг катта раҳбари (халифами, подшоҳми, раисми, бошвазирми ёки бошқа) устидан ҳам ҳукм чиқаришга ҳақлидир.
Агар қози: «Бу подшоҳни халифаликдан бўшатилсин!» деб ҳукм чиқарса, қонунни ижро этиш бўйича масъул муассаса албатта унга итоат қилиши шарт.
Бу масала хаёлий нарса эмас, асло. Мусулмонларнинг 1440 йиллик тарихларида мана шундай адолатпарвар давлатлар ҳам бўлган.
Аллоҳ барча нарсаларни атрофлича билиб, иҳота этиб турган Зотдир.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•