Уламоларни ким обрўсизлантиряпти?
Долзарб ҳадиси шарифлар
Уламоларни обрўсизлантириш бугунги кунда Ислом умматининг бошига тушган энг катта фитналардан бири эканида шубҳа йўқ. Зеро, омма халқнинг уламоларга бўлган ишончи йўқолиши оқибатида улар соф ислом динини кимдан ўрганишни билолмасдан адашиб кетадилар.
Уламоларни обрўсизлантириш фитнаси асосан икки кўринишда бўлади.
1. Ҳақиқий уламоларга қарши ташвиқотлар олиб бориш ва уларни йўқ қилиш
Ислом уммати эътироф этган ҳақиқатпарвар уламоларнинг фатволаридаги баъзи бир кам учрайдиган хатоларни бўрттириб кўрсатиш ёки тўғри фатволарини ҳам нотўғри талқин қилиш ва агар улар ҳаёт бўлсалар, жамиятдан (хоҳ ўлдириш хоҳ туҳматлар билан қамаш орқали хоҳ бошқа йўл билан) тезроқ четлатиш ва йўқ қилиш билан бўлади. Биз ҳозир иккинчи кўринишга кенгроқ тўхталмоқчимиз.
2. Уламо бўлмаган кимсаларни уламо қилиб олиш
Уламоларни обрўсизлантириш фитнасининг яна бир кўриниши душманларга энг катта хизматларни тақдим этадиганлар, минг афсуслар бўлсинки, айнан уламо қилиб олинган илми ва тажрибаси саёз инсонлар бўладилар.
Улар Аллоҳ учун ҳақ сўзни золимлар қаршисида ҳам омма халқ олдида ҳам тўғри баён қилиб бериш ўрнига, шахсий ва дунёвий манфаатларини устун қўйиб, худди ўтган умматлардан яҳуду насоролар йўл қўйган хатони такрорлайдилар.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 71-оятида бу қабиҳ гуноҳни қаттиқ қоралаб айтади:
{يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لِمَ تَلْبِسُونَ الْحَقَّ بِالْبَاطِلِ وَتَكْتُمُونَ الْحَقَّ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ}
«Эй аҳли китоб, нима учун ўзингиз билган ҳолингизда ҳақни ботилга аралаштирасиз ва ҳақни беркитасиз?!»
Бу каби аянчли воқеалар охири замон – Қиёмат аломатларидан биридир. Фитналар кўпайиб кетган пайт мўмин-мусулмон киши ўзининг иймонига яна ҳам кўпроқ эҳтиёт бўлиб, ҳар лаҳзада ажал келиб қолишига тайёр туриши лозим.
Аллоҳ Ўзи барчамизга инсоф берсин, фитналаниб қолишдан асрасин, мана бу имтиҳон дунёсидан эсон-омон иймону исломда, Ягона Аллоҳнинг Ўзига тоат-ибодатда яшаб ўтиб олайлик.
Умматни залолатга етаклайдиган «қалбаки уламолар» ҳақида ҳадиси шарифлар
1-ҳадис
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
إن اللهَ لا يقبضُ العلمَ انتزاعًا ينتزِعُهُ من العبادِ، ولكن يقبضُ العلمَ بقبضِ العلماءِ، حتى إذا لم يُبْقِ عالمًا، اتخذَ الناسُ رُؤوسًا جُهَّالًا، فسُئِلوا، فأفْتَوا بغيرِ علمٍ، فضلوا وأضلوا
رواه البخاري
«Албатта Аллоҳ илмни бандалардан (уламоларнинг қалбларидан худди бир нарсани суғургандай) суғуриш йўли билан тортиб олмайди. Балки, уламоларни вафот эттириш билан илмни олиб қўяди. Ҳатто бирорта ҳам олим киши қолмаганидан сўнг одамлар жоҳил – илмсиз кимсаларни ўзларига раҳнамо қилиб оладилар ва (бу жоҳил раҳнамолар) савол сўралганларида улар илмсизлик билан (Аллоҳдан қўрқмасдан олди-қочди гапларни гапириб) фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашадилар ва (бошқаларни ҳам) адаштирадилар!».
(Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа муҳаддис алломаларнинг ривоятлари)
2-ҳадис
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
أَكْثرُ مُنافِقي أمَّتي قرَّاؤُها
رواه أحمد وقال أحمد شاكر: إسناده صحيح
«Умматимнинг ичидаги мунофиқларнинг энг кўпи (яъи, энг ашаддийлари) қориларидир».
(Имом Аҳмад ривоятлари, Аҳмад Шокир: санади саҳиҳ)
Яъни, Қуръонни ва Қуръон илмларини риё ва хўжакўрсин учун ўрганиб оладиган, ташқи кўриниши уламо, асл ҳақиқати эса дунёпараст, мансабпараст бўлган кимсалардир.
3-ҳадис
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
.هَلاكُ أُمَّتي في الكِتابِ واللَّبَنِ
قالوا: يا رسولَ اللهِ، ما الكِتابُ واللَّبَنُ؟
.قال: يَتعَلَّمون القُرآنَ فيَتأوَّلونَهُ على غيرِ ما أَنزَل اللهُ عزَّ وجلَّ، ويُحِبُّون اللَّبَنَ فيَدَعون الجَماعاتِ والجُمَعَ ويَبْدُون
«Умматимнинг ҳалокати Китоб (Қуръонга тўғри амал қилмаслик ва илмсизлик) ва сут (таом ва дунё лаззатларига берилиб кетиш) туфайли бўлади».
Шунда саҳобалар дейишди:
Китоб ва сутнинг маъносини айтиб беринг, эй Аллоҳнинг расули.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Қуръонни мунофиқлар ўрганиб олиб, Аллоҳ азза ва жалла нозил қилмаган маъноларга буриб, мўминларга қарши (ҳужжат қилиб) тортишиб юрадилар.
Сутни (еб-ичишни қаттиқ) севадиган одамлар пайдо бўладилар, бас, улар чекка жойларга (боғу роғларга, оромгоҳларга) чиқиб, жамоатларни ташлаб қўядилар (мусулмонлар билан масжидда жамоат бўлиб намоз ўқимай қўядилар), жумъа (намоз)ларни ҳам тарк қиладилар».
(Имом Аҳмад ва имом Ҳайсамий ривоятлари)
Замахшарий раҳимаҳуллоҳ:
Расулуллоҳнинг «мунофиқлар ўрганиб оладилар» деган сўзларидаги «мунофиқлик»дан кўзлаган мақсадлари риёкорликдир. Чунки, риёкорликда ҳам мунофиқликда ҳам ичидаги мақсади ташидаги нарсасидан ўзгача бўлади».
(Файзул-Қадир китоби, 2/102)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•