Рим императори Ҳирақл ҳақидаги ҳадис ва қисса (2-қисм)

ISLOM OVOZI

«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи

Ҳирақл таржимонига шундай деди:

Унга (Абу Суфёнга) айтгин:

Сендан унинг (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг) насаби ҳақида сўраганимда, зодагонлардан эканини айтдинг. Пайғамбарлар ўзи худди шундай – ўз қавмининг зодагонлари ичидан пайғамбар қилиб юборилади. (Аллоҳ уларни ана шундай асил ва тоза насаблилар ичидан танлайди).

Яна сендан «У пайғамбарликни даъво қилиб чиқишидан олдин сизларнинг ичингизда ундан олдинроқ бошқа бирон киши айтганмиди (мен пайғамбарман деб чиққанмиди)» деб сўрадим, сен «йўқ» дединг. Мен айтаман: Агар ундан олдин бирон киши шундай даъво билан чиққан бўлганида «Ўзидан олдин айтилган гапни даъво қилиб чиқибди-да бу ҳам» деган бўлардим.

Яна сендан «Унинг боболаридан биронтаси подшоҳ бўлганмиди» деб сўрадим, сен «йўқ» дединг. Мен айтаман: Агар боболаридан биронтаси подшоҳ бўлганида «Бобосининг подшоҳлигини қайтадан қўлга киритишга ҳаракат қилаяпти» деган бўлардим.

Яна сендан «У пайғамбарликни даъво қилиб чиқишидан олдин, уни (бирор марта) ёлғон гапиришда айблаганмисизлар?» деб сўрадим. Сен «йўқ», дединг. Дарҳақиқат мен биламанки, одамларга ёлғон гапиришдан тийилган киши Аллоҳ номидан ҳам ёлғон гапирмайди. (Аллоҳ номи билан ёлғон гапиришдан сақланиши яна ҳам аниқроқ бўлади).

Яна сендан «Унга эргашаётганлар одамларнинг ичидаги обрў-мартабали кишиларми ёки заиф кишиларми» деб сўраганимда, сен «Унга заифлар эргашяпти» деб айтдинг. Худди шундай, заиф кишилар ўзи доим пайғамбарларга (биринчи бўлиб) эргашувчилардир.

Яна сендан «Улар кўпайиб боришяптими ё камайиб кетишяптими» деб сўрадим, сен «кўпайиб боришяпти» дединг. Иймон – дин ишлари мукаммал бўлгунга қадар худди шундай бўлади.

Яна сендан «Уларнинг орасида (Ислом) динидан норози бўлиб, ундан қайтиб чиқиб кетаётганлари ҳам учраяптими?» деб сўрадим, сен «йўқ» дединг. Албатта, иймон лаззати қалбларнинг ич-ичига кириб борар экан худди шундай бўлади (Иймон лаззатини топган инсон ҳеч қачон уни тарк этмайди).

Яна сендан «Хиёнат қилиши учраб турадими» деб сўрадим, сен «йўқ» дединг. (Ростгўй) пайғамбарлар худди шундай, улар (ҳеч қачон) хиёнат қилмайдилар.

Яна сендан «У сизларни нимага буюряпти» деб сўрадим, сен «Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинглар, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-боболарингиз айтган гапларни ташланглар, деяпти. Яна бизни намоз ўқишга, ростгўйликка, иффатли-покдомон бўлишга, … буюряпти» деб айтдинг.

Бас, агар сен у (Муҳаммад) ҳақида айтган гапларинг ҳақ – рост бўлса, албатта у яқин (келажак)да Менинг мана бу икки оёғим турган жойларни ҳам эгаллаб олади. Мен дарҳақиқат (бир пайғамбар) келишини билардим, лекин айнан сизларнинг орангиздан чиқади деб ўйламаган эканман. Агар мен унинг олдига (эсон-омон) етиб бора олишимни (аниқ) билганимда эди, албатта у билан учрашишга бутун вужудим ила ҳаракат қилардим. (Қанийди) мен унинг ҳузурида бўлсам эди, унинг икки оёғини (ҳам) ювардим (ва барча хизматини бажарардим)».

Сўнг Ҳирақл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (унга йўллаган) Бусро (минтақасининг) раҳбарига Диҳя (розияллоҳу анҳу) орқали юборган мактубларини олиб келинишини талаб қилди. Бусро раҳбари уни Ҳирақлга топширди. Ҳирақл мактубни ўқир экан, унда қуйидаги сўзлар ёзилганди:

«Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳнинг номи билан (бошлайман). Аллоҳнинг бандаси ва Унинг элчиси Муҳаммаддан «Азими Рум» -Румликларнинг каттаси Ҳирақлга! Ҳидоятга эргашганлар учун САЛОМ. Аммо баъд. Бас, албатта мен сени (сизни) Ислом даъвати ила (ҳақ динга) даъват этаман (чақираман). Исломга киргин, (Охират ва дунё азоби ва балоларидан) саломат (тинч-омонда) бўласан (ҳамда) Аллоҳ сенга (сизга) ажру савобларингни икки баробар қилиб беради. Агар бош тортадиган бўлсанг арийсийлар (сенга эргашганлар ва қўл остингда бўлганлар)нинг гуноҳлари (ҳам) зиммангга тушади.

{يَا أَهْلَ الكِتَابِ تَعَالَوْا إِلَى كَلِمَةٍ سَوَاءٍ بَيْنَنَا وَبَيْنَكُمْ أَنْ لاَ نَعْبُدَ إِلَّا اللَّهَ وَلاَ نُشْرِكَ بِهِ شَيْئًا وَلاَ يَتَّخِذَ بَعْضُنَا بَعْضًا أَرْبَابًا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَقُولُوا اشْهَدُوا بِأَنَّا مُسْلِمُونَ}

(Аллоҳ айтди: «Эй Расулуллоҳ! (Уларга) айтгин) Эй аҳли китоб (яҳуду насоролар), бизларнинг ва сизларнинг орамизда ҳақ деб билинган тўғри сўзга келинглар, (у шундай сўзки) Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга сиғинмайлик, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайлик, баъзиларимиз бошқа баъзиларимизни Аллоҳдан ўзга худолар (ҳаддан зиёд улуғланадиган нарсалар) қилиб олмайлик. Агар (яҳуду насоролар бу сўзга итоат қилишдан) бош тортасалар, бас, сизлар (эй мусулмонлар) уларга айтинглар: Гувоҳ бўлиб қўйингларки, албатта биз мусулмонлармиз (Ягона Аллоҳнинг Ўзига таслим бўлган мўминлармиз)!«.

Оли Имрон сураси, 19-оят

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳирақлга йўллаган мактублари шу ерда тугади)

Қиссанинг давоми бор …

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi