Ўзбекистон Президентига мактаб формаси ҳақида очиқ мурожаат

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович Мирзиёевга

“Қалам” жамиятининг

МАКТАБ ФОРМАСИ ҲАҚИДА ОЧИҚ МУРОЖААТИ

Ҳурматли Президент Шавкат Миромонович!

Сизга бу мурожаатни ёзишимизга Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистонда амалга оширалаётган тарихий ислоҳотлар халқимизда Сиз ва ҳукуматга нисбатан ўйғотган ишончга кичик бир қарор оқибатида дарз кетиш эҳтимоли пайдо бўлганлиги сабаб бўлди. “Қалам” жамияти Сизнинг аралашувингиз ёрдамида мана шу қарорга қўшимча киритилиб халқ ва ҳукумат ўртасида шаклланаётган ишончнинг мустаҳкамланишини ва Сиз бошлаган ўта муҳим ислоҳотлар ўзининг мантиқий якунига эришишини, ҳамда Ўзбекистонимиз равнақ топишини истайди.

Гап шундаки, шу йилнинг 15 августида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формаси ҳақидаги 666-сон қарори эълон қилинди. Таассуфки, бу қарор мактабларда қизларга рўмол ўрашни ман қилади ва тиззадан пастини ёпадиган кийим кийишни фақат қиш фаслига чеклайди. Шу кунларда юртимизнинг турли бурчакларидан қизларимиздан рўмолларини ечиш талаб қилинаётгани ҳақида ташвишли хабарлар келмоқда. Натижа ўлароқ, бутун бир жамиятнинг узоқ кутилган орзуси – жамиятдаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳити таҳлика остида қолди.

Ҳолбуки, бу қарорга бир кичик ўзгартириш киритилиб, атиги истаган қизларимизга (масалан, баъзи ўлкалардаги каби бошланғич синфдан тепадагиларга) рўмол ва тизадан пастни ёпадиган кийим кийиш мумкинлигини қонунга қўшиб қўйиш билан ҳал қилиниш мумкин. Шу иш қилинишини Сиздан илтимос қилиб қоламиз, муҳтарам Президент (Шавкат Мирзиёев – Shavkat Mirziyoyev)!

Шу ўринда Сиз раҳбарлигингизда ватанимиз ўзлаштирган ички ва ташқи сиёсатдаги ўлкамиз ривожини таъминловчи янги оқилона ва воқеъий ёндашувдан жуда мамнун эканлигимизни таъкидлаймиз. Халқимиз бундан жуда хурсанд ва у Сизнинг шахсингизда ўзини тараққиёт сари етакловчи халқпарвар лидерни кўришни жуда истамоқда.

Бунинг учун, ҳозирда шаклланаётган халқ ва ҳукумат орасидаги ишонч давом этиши ва янада мустаҳкамланиши лозим. Хусусан, узоқ йиллар давомида жамият четига суриб қўйилган диндорларни яна бир бор қўлдан бой бермаслик зарур.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Бу масалани Сиз ечишингиз мумкин. Илтимос, ушбу қатлам ўзини яна бир бор жамиятдан ётсирашига, атрофидагилар ва ҳукуматдан ҳафсаласи пир бўлиб, турли нотўғри йўлларга одим ташлашига имкон берилмасин. Бу қатлам ичида ҳам ватанпарвар ва халқи хизмати учун жонини беришга ҳозир сон-саноқсиз ватандошларимиз мавжуд. Фақат бунинг учун, уларга ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида муносабат кўрсатилиши, жумладан қизларининг мактабда рўмол ва тиззадан пастни ёпадиган кийим билан ўқишига рухсат берилиши лозим.

Умид қиламизки, Сизнинг аралашувингиз натижасида диндорларнинг шу кунгача ҳеч ким қулоқ солмаган, аслида эса бармоқ билан саналарли истаклари қондирилиб, уларнинг имкониятларидан ҳам ўлкамизда бошланган кенг қамровли ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида унумли фойдаланилади.

Сизга камоли эҳтиром ила,

“Қалам” жамияти бошқарув ҳайъати