Ислом, рўмол ва тарих ҳақида қисқа маълумотлар

Толиб ака Ёқубов саволи:

Дўстлар! Мен бир оми одамман, кўп нарсаларни тушунмайман. Масалан, ҳозирги кунда қизлар бошига рўмол ўраб юриши керакми-йўқми, қиз бола мактабга бошяланг борса бўладими-йўқми, деган масалалар қизғин муҳокама қилинаяпти. Биров ундай дейди, биров бундай – бошим қотиб қолди. Отам мулла Ёқуб диндор, қишлоғимизда кўзга кўринган ва ҳурматли инсон эдилар, бироқ на энамни ва на-да учта опамни номоз ўқишга, мактабга рўмол ўраб боришга мажбурламаганлар. Опаларим турмушга чиққачгина бошидан рўмолни узмайдиган бўлишди. Ушбу саволлар жавобини билмоқчиман:

1) Отам ҳақ бўлганларми ёки ноҳақми?

2) Қизлар рўмол ўрашга мажбурми ёки ихтиёри ўзидами?

3) Ислом динида шахс эркинлиги тушунчаси борми-йўқми?

4) Ёш, қадди-қомади келишган, шаклу-шамойили (фигураси) гўзал аёлга кўзи тушган эркакда кўз зиноси пайдо бўлади, дейишади.

Савол:

Кўз зиноси пайдо бўлишига ким айбдор – аёлми, эркакми? Аёл бўлса нега, эркак бўлса нега?

Жавобингиз учун олдиндан ташаккуримни билдираман.

 

Муҳиддин Обидхон қори ўғли жавоби:

Азиз устозимиз Толибжон ака! Аллоҳ сизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Отангиз мулла Ёқубни раҳмат-мағфиратига олган бўлиб, жаннатда олий мақомларга кўтарсин.

(1)

Саволингизга мен бир мусулмон сифатида қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Аллоҳ таоло ҳеч кимни мажбурлаб мусулмон ёки кофир қилмайди. Ҳар бир инсон ўз ихтиёри билан динга кириши ва динда фарз қилинган амалларни бажариши лозим.

Аёлларнинг ҳижоб ўрашлари ҳам динимизда фарз қилинган амаллардан биттаси. Ўз ихтиёри билан муслима бўлган аёл албатта ҳижоб фарзини ҳам бажаришга ҳаракат қилади.

Ҳижоб ўрамаётган муслима аёлларга келсак, уларни ҳеч ким ҳижоб ўрамагани учун кофир бўлди деб айтмайди. Лекин «Аллоҳга берган ваъдасига тўла амал қилмаяпти, бу албатта гуноҳ. Агар авратларни беркитиш ва рўмол ўраш фарзлигини билмаганидан очиқ юрган бўлса, билмагани учун гуноҳкор бўлмайди, балки ўз динини ўрганмасдан юравергани учун гуноҳкор бўлади» дейилади. Чунки ўз ихтиёри билан Динга кириш, «Динда фарз қилинган амалларни ўрганаман ва уларни бажараман» деб Аллоҳга ваъда бериш ҳисобланади. Бироқ, Меҳрибон Аллоҳ инсонларнинг кўп гуноҳларини кечириб туради. Шунга биноан балки ҳижобсиз муслима аёлларнинг ҳам ушбу гуноҳларини кечириши мумкин. Лекин бунга ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. Аллоҳ кимнинг гуноҳини кечириб юборади-ю, кимни гуноҳига яраша, яъни берган ваъдасини бузганига яраша ҳисоб-китоб қилади, буни фақат Ўзи билади.

Динни тушунганлар эса, билган нарсаларини айтиб одамларни огоҳ этиб қўйишлари керак, холос.
Энди марҳум отангизнинг ҳолатларига келсак, бу муайян бир шахсий ҳолат, унинг ҳар-хил томонларини аниқлаб олмасдан туриб бир нарса дейиш қийин. Балки ўша пайт вазият оғир бўлгани учун индамасдан туришга мажбур бўлгандирлар. Зеро, ҳаммамиз биламизки атеист ваҳшийлари Ислом ва мусулмонларга қарши қанча-қанча қатағонлар уюштириб, миллион-миллион инсонларни қириб ташлашди…

Тарихдан яна бир мисол, бир неча аср муқаддам Испаниядаги салибчи христианлар ҳам миллион-миллион мусулмонларни христианликни қабул қилишга мажбурлашган, қабул қилмаганларни қириб ташлаганлар. Ўша пайтларда ҳам қанча-қанча мусулмонлар зоҳирларидан христианликни қабул қилиб туришга мажбур бўлишган. Ана шундай инсонлар ўз фарзандларига Ислом ҳақида бир оғиз сўз ҳам очолмасдан ўтиб кетганлар.

Аллоҳ Ўзи барчаларимизни раҳмати-мағфиратига олсин.

(2)

«Фигураси» гўзал аёл ҳақида

Бу мавзу ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. Парвардигор бу оламни имтиҳон дунёси қилиб қўйган, хоҳлаймизми-йўқми имтиҳонга кириб бўлганмиз. Энди «нима учун мени имтиҳон қиляпсан, Ўзинг ҳамма нарсани олдиндан биласан-ку» деб эътироз билдириб ўзимизни ўзимиз баттар гуноҳкор қилмаслигимиз ўзимизга фойда.

Яхшиси, имтиҳонлардан имкон қадар аъло баҳо билан ўтиб олишга ҳаракат қилаверайлик.

Аёллар эркаклар кўзига чиройли кўринадиган, эркаклар аёлларга нисбатан жозибадор қилиб қўйилган. Ҳар икки томон ҳам имтиҳонда. Аёллар ҳам авратларини беркитиб юришга буюрилган. Эркаклар ҳам авратларини беркитиб юришга буюрилган. Фақат аёллар беркитиши лозим бўлган аврат чегараси кўпроқ қилиб белгиланган. Аёллар эркакларга тикилиб қарашлари ман қилинмаган. Аммо эркаклар аёлларга тикилиб қарашлари ман қилинган.

Илоҳий фармонларга нисбатан «нима учун, қанақасига…» каби саволлар билан эътироз билдиришга инсонларнинг ақли етарли эмас. Ақл кучининг худди бошқа аъзоларнинг кучи каби чеклаб қўйилган чегараси бор. У чегарадан ўтиб кетса ўзига ўзи фақат зиён келтиради. Масалан, худди тонна-тонна тошларни кўтараман деб ҳаракат қилган инсон ана шу тошлар тагида эзилиб ҳалок бўлиши табиий бўлганидек, ақли етмаган нарсаларга аралашаверадиган одам ҳам фақат адашади, оқибати жуда ёмон бўлади.

Аллоҳ ато этган ақл кучини Аллоҳ рухсат берган доирада яхши ишлатса жуда ҳам кўп ихтиролар, кашфиётларни ўйлаб топади ва бутун инсониятга фойдаси тегади.

Агар ниятини ҳам холис қилиб олса Охиратда албатта чексиз ажру савобларни ҳам қўлга киритади.

 

Қобил Миллажоновдан савол:

Мусулмонлар салбчи мусулмонлар Европасида каердан пайдо бўлиб колишганди ўзи?

Жавоб:

Саккизинчи милодий аср ўрталарида Испания халқи орасида фуқаровий урушлар бўлган, унда уларнинг бир қисми Африка қитъасига қочиб ўтиб, ўша пайтдаги мусулмон давлат – Умавийлар халифалигидан ёрдам сўрашган. Умавийлар халифалиги қўмондонларидан Ториқ ибн Зиёд ва Мусо ибн Нусайр каби тобеинлар Испанияда қирилаётган оддий халқни қутқариш учун оз сонли мужоҳид аскарлари билан бориб фатҳ қилишган ва оддий халққа умуман тегишмаган, уларни Ислом динига киришга мажбур ҳам қилишмаган. У ердаги христианларнинг аксарлари ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг гўзал ахлоқ-одобларини кўриб Ислом динини ўз ихтиёрлари билан қабул қилишган. Шу билан у диёр ҳам саккиз асрга яқин муддат давомида мусулмон мамлакатга айланган.

Кейин мусулмонлар Ислом аҳкоми ва ахлоқидан аста-секин узоқлашиб, диний илм-маърифатга бепарво бўлиб кетишлари оқибатида бир-бирлари билан урушиб, айримлари салибчи христианлардан ўзларининг мусулмон биродарларига қарши ёрдам сўрашгача бориб, Ислом ва мусулмонларга хиёнат қилишган. Салибчиларга бу ҳолат жуда ҳам қўл келиб, аста-секин барча мусулмон амирликларни бирин-кетин йўқ қилишган ва оддий халқни ҳам қириб ташлашган. Тарих жуда узун, ундан ўрганилиши лозим бўлган ибратлар эса чексиз.

Аллоҳнинг Ўзи янада билгувчироқ бўлган Зотдир.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi