Мусаффо қалбнинг 5 та шифобахш дармони
Қалб Парвардигорига яқинлашган сари соғлом ва мусаффо бўлиб боради.
Қуйидаги сатрларда ана шундай бахтли ҳаётни қўлга киритган қалбга ҳамроҳ бўлиб юрадиган 5 та шифобахш дармонни қисқа-қисқа эслаб ўтамиз:
1. Доимо Аллоҳни зикр қилиб юриш.
Меҳрибон Раббимиз башорат беради:
«Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олур«.
(Раъд, 28)
Аллоҳни зикр қилиш кўп-кўп намоз ўқиш, Қуръон тиловати, такбир, таҳлил, тасбиҳ, ҳамду санолар айтиб юриш, У Зотнинг исм-сифатларини ёд олиш ва ана шу исму сифатлар тақозо қиладиган солиҳ амалларни бажариш билан бўлади.
2. Гуноҳ-маъсиятлардан, ҳаром ишлардан узоқ бўлиш;
3. Қуръони карим тафсирини, ҳадиси шарифларни ва шарҳларини такрор-такрор ўқиб туриш;
4. Буюк уламоларнинг ҳузурларида илм олиш ва асарларини ўрганиш;
Аллоҳ таоло ҳақиқий уламолар ҳақида хабар беради:
«Аллоҳдан бандалари орасидаги уламоларгина қўрқурлар. Шак-шубҳасиз Аллоҳ Азиз (қудратли) ва Ғафур (мағфиратли) Зотдир».
(Фотир, 28)
5. Охиратни эслаб, қабрларни зиёрат қилиб ўлимга тайёр туриш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим. Энди Муҳаммад ўз онасини зиёрат қилиши учун рухсат берилди. Сизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар! Зеро, у (қабрлар) Охиратни эслатади!».
(Термизий ривоятлари).
* Изоҳ:
Исломнинг аввалида қабрларни зиёрат қилишдан қайтарилгани ҳикмати, одамлар у пайт Аллоҳга ширк келтириб қабрда ётганлардан мадад сўраб юборишлари ва ўлим мусибатига сабр қилолмасдан дод-вой қилишлари хавфи бўлган. Кейинроқ исломий таълим-тарбия кенг тарқалиб, ширку хурофотлардан озод бўлинган. Қабрларни зиёрат қилинганда Ягона Аллоҳнинг Ўзига дуо қилиб, қабрда ётганларга салом йўллаб, Аллоҳдан офият ва мағфират сўралади. Қабрда ётганларга илтижо қилиш эса энг улкан гуноҳ – ширкдир.
Аллоҳ барчаларимизни ширкдан узоқ қилсин. Қабрларни зиёрат қилганимизда Охират (Қиёмат даҳшатлари, ҳисоб-китоб, жаннат, дўзах) ёдимизга тушиб, қалбимиз соғайиб, тоат-ибодат ила ўлимга тайёр турадиган бўлайлик.
«Эй Раббим! … Мени Жаннатин-наийм (ноз-неъматлар билан тўлиб-тошган абадий жаннат) ворисларидан қилгин… Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда, мол-давлат ҳам болалар-фарзандлар ҳам (ҳеч қандай) наф беролмайдиган Кунда мени шарманда қилмагин! У Кунда фақатгина Аллоҳнинг ҳузурига соғлом-мусаффо бўлиб келган қалб (ўз соҳибига) манфаат келтирур (шифобахш дармонларга эга бўлган қалб инсонни дўзахдан нажот топиб, жаннатга – абадий бахт оламига кириши учун ягона сабаб бўлур)«.
Бу илтижолар Иброҳим алайҳиссаломнинг муборак дуоларидан. Уни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Шуаро сурасида (69-89 оятларида) бизга ҳам ўргатган).
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
https://telegram.me/islomovozi