Ҳақиқий «жиннилик»
Роса ҳаракат қилиб-қилиб, триллион-триллион пулларни жамлаганидан кейин, тўсатдан уларнинг ҳаммасига ўт қўйиб, бирпасда кулга айлантириб ташлаган инсон ҳақида нима дейиш мумкин?
Ҳамма уни «шак-шубҳасиз жинни-пинни бўлиб қолибди» деса керак.
Дунёда бундан ҳам баттар жиннилик борми?
Бор!
Кимдир ҳақиқатан ақлдан озиб, дунёвий бойликларини бир лаҳзада барбод қилиб ташласа, ундай инсон ҳар ҳолда Қиёмат куни бу қилган иши учун сўроққа тутилмайди.
Бироқ қуйидаги «жиннилик»нинг оқибати жуда ҳам даҳшатлидир.
Муборак мавсумларда таот-ибодатларни кўп-кўп бажариб, чексиз ажрларни қўлга киритган киши, агар яна қайтадан гуноҳ-маъсиятларга ружуъ қўйиб, жамлаган барча савобларини бирпасда куйдириб ташлайдиган бўлса, бундай кимсанинг «жиннили»гининг Охиратдаги ҳисоб-китоби жуда оғир бўлади!
Ақл-ҳуши жойида бўлган, ўз нафсини мустаҳкам равишда жиловлай олган киши бундай «жиннилик»дан жуда ҳам қаттиқ ҳазар қилади.
Кимки шундай «жиннилик» сари яна қайтадан қадам ташлаб қўйган бўлса, дарҳол тавба-тазаррулар қилиб, тезда Меҳрибон Парвардигори ҳузурига қайтиб олсин. Зеро, ЎЛИМ ТЎСАТДАН КЕЛАДИ !
.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«53. (Эй Расулуллоҳ! Одамларга) Айтинг: (Аллоҳ сизларга нидо қиляпти: Турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган эй бандаларим! Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан (сизларга чексиз даражада меҳрибонлик қилишидан) ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Ғафур (мағфиратли) ва Раҳийм (меҳрибон , раҳмли Зотдир).
54. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишингиздан илгари (яъни, Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлиб қолишдан ёки ҳалокатга учраб, дўзах ва қабр азобига йўлиқишингиздан олдин), Парвардигорингизга қайтинглар — Унга бўйинсунинглар!
55. Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари Парвардигорингиз томонидан сизларга нозил қилинган энг гўзал нарса (Қуръони карим ва Суннати Набавийя)га эргашинглар!
56. Бирон жон: «Аллоҳ ҳақида (яъни, У Зотга тоат-ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга ҳасрату надоматлар! Ростдан ҳам мен (Унинг динини масхара қилгувчилардан бўлган эдим», деб қолмаслиги учун;
57. Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта тақводорлардан бўлур эдим», деб қолмаслиги учун;
58. Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани энди мен учун яна бир карра (дунёга қайтиб яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (тезроқ Аллоҳга тавба қилиб, У Зотнинг фармонларига – Қуръону Суннатга эргашиб, тақво аҳлидан бўлиб яшанглар!).
59. (Акс ҳолда унга Аллоҳ айтади): «Йўқ, (Мен сенга ҳидоят йўлини кўрсатган эдим), аниқки, сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон деган эдинг ва мутакаббирлик қилиб, кофирлардан бўлган эдинг».
60. Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми ахир?! (Албатта бор! Жаҳаннам уларни кутиб турибди!).
61. Аллоҳ, тақво қилган зотларни ютуқлари ила (жаҳаннам азобидан) қутқарур ва уларга бирон ёмонлик етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар».
.
(Зумар сурасидаги ояти карималардан лавҳалар эди. Мақола жуда ҳам узун бўлиб кетишидан қўрқиб шу ерда тўхташга мажбур бўлдим. Аллоҳнинг оятларини ўқиб, улардан гўзал ибратлар олишда давом этиш нақадар улкан лаззат).
Мадинаи Мунавварадан
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
Қурбонлик байрамининг 2-куни
11-12-1439 ҳ. = 22/08/2018 м.