Арафа ва Арафот деб номланиш сабаби

Маърифат калимаси араб тилида икки хил маънода келади: билмоқ ва танимоқ.

عَرَفَ – Арафа – билди, таниди (Эркак кишига айтилади).

عَرَفَتْ – Арофат – таниди, билди (Аёл кишига айтилади).

Арафа куни ва Арафот майдони ушбу ном билан аталиш сабабида турли ривоятлар бор.

Жумладан:

1. Аллоҳнинг амри ила Иброҳим алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом ҳаж амаллари бажариладиган жойларни таништириб-таништириб, Арафот майдонига етиб боришади ва ана шу ернинг чегараларини кўрсатиб, у ерда Арафа куни туриб дуо қилиш лозимлигини айтганларидан кейин Иброҳим алайҳиссаломдан «Арафта?» деб сўрайдилар. Яъни, «билиб олдингизми», деган маънода. Иброҳим алайҳиссалом «арафту – билиб олдим» деган мазмунда жавоб берадилар. Шунинг учун «Арафа – билиб олди», деган ном билан аталган.

2. Яна бир ривоятга кўра, Аллоҳ таоло Одам Отамиз ва Ҳавво Онамиз алайҳимассаломни Ерга туширган пайт Ўзининг ҳикматига биноан уларни бошқа-бошқа жойларга нозил қилган. Кейин иккалалари ҳам Ерни кезиб, бир-бирларини излаб-излаб, Арафот майдонига етиб келишар экан, узоқдан кўзлари бир-бирига тушиб, бир-бирларини таниб, ўша ерда учрашиб олишган экан. Шунинг учун «Арофат» (Яъни, Ҳавво Онамиз Одам Отамизни таниди, деган маънода)ги ном билан аталган.

 

Қўшимча маълумотлар:

– Арафот майдонининг араб тилидаги ёзилиши: عَرَفَات

– Бу сўзни ўзбек тили талаффузига яқинлаштириб айтилганда “Арафот” бўлади.

– Арафот майдонини “Арафа” деб ҳам айтилади.

– Арафа майдони ўртасидаги кичкина тоғни “Раҳмат (Меҳрибонлик) тоғи” деб номланган. Омма халқ уни “Арафа тоғи” деб ҳам айтишади. Бироқ, Арафа ҳудуди нафақат ўша тоғ билан чекланган, балки миллионлаган ҳожиларни бемалол сиғдирадиган катта майдон. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида Раҳмат тоғи ёнида туриб: “Мен шу ерда турдим, бироқ Арафанинг барча ҳудуди мавқифдир (ҳожилар дуо қилиб туришлари учун белгилаб берилган жойдир)” деганлар. (Муслим ривоятлари).

 

Манбалар:

– Имом Табарий тафсири, Бақара сураси, 198-оят тафсири.
– Имом Ибн Аби Шайба мусаннафи, Ҳаж китоби, 14131-ривоят.
– Имом Ибн Жавзийнинг «Кашфул-Мушкил» китоби: 2/156

 

Алоқадор мавзулар:

Қисқа, бебаҳо ва шошилинч, бутун дунё аҳлига: Арафа лаҳзасига тайёрмисиз?

Арафа ва ийд кунлари айтиладиган такбирлар (Такбири ташриқ)

Арафа куни рўзаси ҳақида муҳим эслатмалар

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi