Вазирлар маҳкамасининг “мактаб формаси” қарорида рўмол ва лозимга жой йўқми?

Кеча Ўзбекистонда жойлашган бир қанча сайтларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формаси ҳақидаги 666-сон қарори қабул қилингани билдирилди. Бу қарор “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган бўлиб, унинг баҳсли лойиҳасига кенг жамоатчилик, жумладан “Қалам” ҳам ўз муносабатини (bit.ly/2nFZ8Tk) билдирган эди.

Гап шундаки, бу қарор аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи мусулмон бўлган ўлка мактабларида қизларга очиқчасига миллий кийимларимиз бўлмиш рўмолни ўраш ва қиш фаслидан бошқа пайтда лозимни (қишда ҳам фақат шим кийиш мумкин) кийишни ман қилади. Қарор бу ўқув йилида ихтиёрий бўлсада, келаси йилдан мажбурийдир.

Ушбу қарорнинг мавжуд шаклда қабул қилиниши ўта афсусланарли бўлиб, ўлкамиз раҳбариятига нисбатан халқ ичида кейинги пайтларда шаклланиб келаётган ишонч ва ҳукумат билан халқ ўртасидаги жарликнинг йўқолишига, демакки келажакка умидга жиддий путур етказади.

Ишонамизки, бу қарорга тезда тегишли ўзгартиришлар киритилиб, ўзбек миллий кийимларининг ажралмас қисми бўлмиш рўмол ва лозим ҳам қабул қилинадиган мактаб формаси алтернативларидан бири сифатида жой олади.

Қарорнинг қабул қилингани манабаси сифатида келтирилган бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Фейсбук саҳифасидан бу хабарнинг олиб ташлангани ва унинг татбиғи ҳам бу йил ихтиёрий эканлиги ушбу афсусланарли қарор ҳаётда салбий оқибатлар келтириб чиқармасидан илгари тўғриланиши мумкинлигига ишора қилса ажаб эмас.

Шунинг учун, “Қалам” ўзбек миллий кийимига бефарқ бўлмаган барча ўзбекистонликларни ўз истакларини маҳаллий мутасадди ташкилотларга етказишни тавсия қилади. Ким билади дейсиз, балки айнан Сизнинг мурожаатингиз сабабли қизларимиз мактабга рўмол ва лозимда ҳам бориш ҳуқуқига эришар.

Айниқса, бу масала ўз ислоҳотлари билан юртдошларимиз қалбида умид уйғотган муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга шахсан етиб боришига эришиш катта ютуқ бўлурди.

Муҳтарам ўқувчи, Сиз ҳам бефарқ бўлманг, УШБУ ПОСТНИ БОШҚАЛАРГА УЛАШИНГ!

“Қалам” таҳририяти

www.qalam.biz

http://www.qalam.biz/qalam/%d0%bc%d1%83%d0%bd%d0%be%d1%81%d0%b0%d0%b1%d0%b0%d1%82/2018/17/maktab_formasi_qaroriga_munasabat.html