Аллоҳ ислом душманларига муҳлат беряпти
Бутун оламларнинг Парвардигори бўлган Меҳрибон Аллоҳ таолонинг раҳмат-марҳамати чексизлиги туфайли ҳатто У Зотга энг ашаддий душман бўлган кофиру золим кимсаларга ҳам тавба қилишлари учун етарли даражада муҳлат – узоқ умр ва турли имкониятлар бериб туради.
Лекин, ҳеч кимни ҳеч қачон эътиборсиз ва беҳикмат ташлаб қўймайди.
Барча нарсага Қодир ва ҳамма ишлари ҳикматли бўлган Зот Мўминун сурасининг охирги оятларида марҳамат қиладики:
«115. Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Асло ундай эмас)! 116. Зотан Ҳақ Подшоҳ — Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат У – улуғ арш Соҳиби бўлган Зот (Ўзи Ягона Ҳақ Илоҳдир)! 117. Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар. 118. (Эй Аллоҳнинг бандаси ва расули), айтинг: «Парвардигорим, Ўзинг (гуноҳларимизни) мағфират қилгин ва (ҳолимизга) раҳм айла. Сен Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг энг яхшиси бўлган Зотсан».
(Мўминун сураси, 115-118)
Ториқ сурасининг якунида ҳам айтади:
«15. Албатта (кофирлар Ислом динига қарши турли) ҳийла-найранг қилурлар. 16. Мен ҳам бир ҳийла қилурман (яъни, уларнинг ҳийла-найрангларига муносиб жазо берурман). 17. Бас, (эй Расулуллоҳ), сиз уларга озгина вақт-муҳлат беринг (яъни, сиз уларнинг озорлари, макр-ҳийлалари, фитна-фасодлари қаршисида собитқадамлик ила сабр қилиб туринг, майли улар бугун дину иймонга қарши қўлларидан келганини қилсинлар, агар тезроқ тавба қилмасалар яқинда албатта, қилмишларига яраша жазоларини олурлар)!».
Анфол сурасининг 30-оятида ҳам хабар беради:
«Улар (Ислом душманлари) макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг зўридир».
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда ҳам келади:
Абу Мусо Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Албатта Аллоҳ золим кимсага муҳлат ва имконият бериб туради. (Тавба қилмай юраверганидан сўнг) вақти келиб, уни (қаттиқ азоб билан) ушлар экан, у ҳеч қаёққа қочолмайди».
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ояти каримани ўқидилар:
{وَكَذَٰلِكَ أَخْذُ رَبِّكَ إِذَا أَخَذَ الْقُرَىٰ وَهِيَ ظَالِمَةٌ ۚ إِنَّ أَخْذَهُ أَلِيمٌ شَدِيدٌ}
«(Аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни Парвардигорингиз (азобу балолар билан) ушлаганида, мана шундай ушлайди. Унинг ушлаши – азоби аламли ва қаттиқдир».
(Ҳуд сураси, 102-оят)
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•