Рим императори Ҳирақл ҳақидаги ҳадис ва қисса (1-қисм)

ISLOM OVOZI

«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи

Кириш сўзи

Бу қисса саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган жуда машҳур қиссалардан. Уни Бухорийдан ташқари Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ҳам ривоят қилишган. Имом Бухорий эса бу қиссани «Саҳиҳул-Бухорий»нинг 14 та бобида турли санадлари ила (яъни, бошқа-бошқа устозлардан) бир қанча илмий масалаларга ишора қилган ҳолларида, мухтасар ва муфассал ривоятларини келтириб ўтганлар. Биз бу ерда энг биринчи – «Ваҳий бошланиши қандай бўлган эди …» бобида келтирилган ривоятини зикр қилиш билан чекланамиз, зеро бу батафсил ривоятдир. Қиссанинг айрим нуқталаридаги изоҳлар «Умдатул-Қорий» ва «Фатҳул-Борий» китобларидан олинди.

 

Имом Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий айтади:

Бизга Абул-Ямон Ҳакам ибн Нофеъ ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга Шуайб Зуҳрийдан ривоят қилиб хабар берди. Зуҳрий деди: Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд менга хабар бериб деди: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо хабар бериб айтди:

Абу Суфён ибн Ҳарб (розияллоҳу анҳу) хабар берди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфён ва Қурайш кофирлари билан сулҳ тузган йиллари Қурайш қабиласининг карвони Абу Суфён бошчилигида Шом диёрига тижорат учун борган эди.

Ўша пайт Ҳирақл (Рим императори) Абу Суфёнга элчи юбориб уларни (Қурайш карвонини) ўзининг қасрига чақиртирди. Шунда улар Ийлиё (Аллоҳнинг Уйи – Байтул-Мақдис)да Ҳирақлнинг ҳузурига боришди. Ҳирақл уларни ўзининг мажлисига олиб киришга буюрди. Ҳирақлнинг атрофида Рум (Рим) давлатининг катталари (энг юқори мансабдорлари) ўтиришганди.

Ҳирақл ўз таржимонини чақиртириб сўради: Пайғамбар эканлигини даъво қилаётган анави киши (Мадинадаги Муҳаммад алайҳиссалом)га сизларнинг қайси бирингизнинг насаби-қариндошчилиги яқинроқ?

Абу Суфён жавоб берди:

Бу ердагиларнинг ичида Муҳаммадга энг яқин қариндош бўлган инсон менман.

Ҳирақл (ўз хизматчиларига буюриб) : Бу (Абу Суфён)ни менинг олдимга яқинлаштиринглар, ҳамроҳларини ҳам яқинлаштириб, унинг орқасига қўйинглар (ҳаммалари менга юзланиб туришсин) ва уларга айтингларки: Мен мана бу (Абу Суфён)дан анави киши (пайғамбарлигини айтаётган Муҳаммад) ҳақида сўрайдиган нарсаларимни сўрайман. Агар Абу Суфён менга у ҳақда ёлғон гапирса (яъни, Муҳаммадга туҳмат қилса) ёлғон гапирганини айтинглар, деди.

Абу Суфён (Ибн Аббосга ушбу қиссани ҳикоя қила туриб) шундай деди:

Аллоҳга қасамки, гапларимдан ёлғон топиб олишларидан ҳаё қилмаганимда албатта у ҳақда ёлғон гапирардим. (Яъни, «Муҳаммадни ёмонлар эдим». Чунки Абу Суфён у пайт Пайғамбаримизга энг ашаддий душман сифатида қарар эди. Лекин «Абу Суфён ёлғончи экан» деган гап чиқишини ўзи учун шармандалик ҳисоблаган, иззати нафси ўз обрўсини сақлаш учун рост гапиришга мажбур қилган, ёлғон гапиролмаган).

Ҳирақл(нинг биринчи саволи шу бўлдики) :

У (Муҳаммад)нинг насаби сизларнинг орангизда (арабларнинг ичида) қай даражада (зодагонми ёки паст табақаданми)?

Абу Суфён:

У бизнинг ичимизда (шон-шарафли) насабга эга (зодагон).

Ҳирақл:

Бу гапни (пайғамбарлик даъвосини) у айтиб чиқишидан олдин сизларнинг ичингизда (Муҳаммаддан олдинроқ) бошқа бирон киши айтганмиди (араб қабилалари орасида Муҳаммаддан олдин пайғамбарликни даъво қилиб чиққан киши бўлганми) ?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл: Ота-боболаридан биронтаси подшоҳ бўлганми?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл:

Унга эргашаётганлар одамларнинг ичидаги обрў-мартабали кишиларми ёки заиф кишилар?

Абу Суфён: Заиф кишилар.

Ҳирақл: Улар кўпайиб боришяптими ё камайиб кетишяптими?

Абу Суфён: Кўпайиб боришяпти.

Ҳирақл:

Уларнинг орасида (Ислом) динидан норози бўлиб, ундан қайтиб чиқиб кетаётганлари ҳам учраяптими?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл:

(Муҳаммад) бу гапини (пайғамбарлик даъвосини) айтишидан олдин, уни (бирор марта) ёлғон гапиришда айблаганмисизлар?

Абу Суфён: Йўқ.

Ҳирақл:

Хиёнат қилган пайтлари бўлганми?

Абу Суфён:

Йўқ, лекин биз ҳозир маълум муддатгача у билан сулҳ тузганмиз, бу аснода у нималар қилишини (яъни, тузилган сулҳга хиёнат қилаётган бўлишини ёки хиёнат қилмаётганлигини) билмаймиз.

Абу Суфён (шу ўринда Ибн Аббосга қарата) айтади: (Ёлғон ишлатмаган ҳолимда Муҳаммадни ёмонлаш учун) мана шу гапимдан бошқа биронта сўз киритиб (қистириб) кетишга имкон тополмадим.

Ҳирақл:

Унга қарши жанг қилдингларми?

Абу Суфён: Ҳа.

Ҳирақл:

Унга қарши жангларинг қандай бўлди?

Абу Суфён:

Орамиздаги уруш бир ундай – бир бундай бўляпти. Гоҳида у бизга зарар етказяпти (устимиздан ғолиб бўляпти), баъзан биз унга зарар етказяпмиз.

Ҳирақл:

У сизларни нималарга буюряпти (нима қилишга чақиряпти)?

Абу Суфён:

Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинглар, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-боболарингиз айтган гапларни ташланглар, деяпти. Яна бизни намоз ўқишга, закот беришга, ростгўйликка, иффатли-покдомон бўлишга, қариндошларга яхшилик қилишга буюряпти.

(Давоми бор)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi