Мўминлар нафаси савобли амаллар (Таҳорат аҳамияти ҳақида оят-ҳадислар)
Таҳорат (покланиш) аҳамияти, фазилати, турлари ва даражалари ҳақида ояти карималар ва ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Биз ушбу қисқагина рисоламизда фақатгина 3 та оят ва 5 та ҳадисни ёдга олиш билан чекланамиз, холос.
Ояти карималар :
Биринчи оят:
«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиз (билан жинсий алоқа қилиш)дан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз (жимо қилмангиз) ! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ сизларга буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ таввоб – (доим) тавба қилиб тургувчиларни ва таҳоратланувчи – ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади».
(Бақара, 222)
Иккинчи оят:
«Эй иймон келтирган зотлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни, нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз! Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни, юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди».
(Моида, 6)
Учинчи оят:
«Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши урушган кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат энг гўзал ишни – яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. 108. (Эй Расулуллоҳ), ҳеч қачон у масжидда намозга турманг! Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, сиз ўшанда туришингиз лойиқроқдир. Унда таҳоратланиб туришни – покланиб туришни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ муттоҳҳирин – ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар«.
(Тавба, 107-108)
Ҳадиси шарифлар
(1) Бирини ҳадис: «Фақат мўмин кишигина доимо таҳоратли бўлиб юради».
Савбон, Амр ибн Ал-Ос ва яна баъзи саҳобалар розияллоҳу анҳумдан ривоят
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«(Ҳақ йўлда мустаҳкам туриб) тўғри юринглар, ҳеч қачон (Шариат тарғиб этган барча амалларни мукаммал даражада) қамраб ололмайсизлар. Билингларки, амалларингизнинг энг афзали намоздир ва фақат мўмин кишигина доимо вузуъ – таҳорат олиб (таҳоратли бўлиб) юради».
(Ибн Можаҳ, Ибн Ҳиббон ва Мунзирий ривоятлари)
Ҳадис шарҳида имом Божий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтмоқчиларки, яна Аллоҳ Билгувчироқдир, ёқимсиз – қийин шароитларда ҳам бошқа ҳолатларда ҳам доим таҳорат олиб юришни мунофиқ кимса қилолмайди. Фақат мўмин кишигина ана шундай бўлиб юра олади (таҳорати ушалиши биланоқ ҳар қандай шароитда бўлса ҳам дарҳол яна таҳоратли бўлиб олади)».
(Мунтақо китоби: 1/74)
(2) Иккинчи ҳадис: Нафсга ёқмайдиган оғир ҳолатларда ҳам мукаммал даражада таҳорат олиш гуноҳларни кетказади ва баланд даражаларга кўтаради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Сизларни Аллоҳ у билан гуноҳларни ўчириб ташлайдиган ва яна ана шу (амал) билан даражаларни баланд қиладиган нарсага (амалга) далолат қилайинми?».
Саҳобалар айтишди:
«Албатта эй Расулуллоҳ (бизларга ана шу амал ҳақида хабар беринг)!».
(Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бериб) айтдилар:
«(Нафсга) ёқимсиз (оғир келадиган) ҳолатларда таҳоратни мукаммал бажо этиш, масжидларга (юриб боришда) кўп-кўп қадам ташлаш (узоқ-узоқ масофалардан ҳам кундалик беш вақт намозларни жамоат билан ўқиш учун доим бориб туриш) ва намоздан кейин навбатдаги (фарз намозларни жамоат билан ўқиш учун масжидда ўтириб, ибодатда давом этиб) намозни кутиб туриш – бас мана шу (ҳақиқий) рибот (жиҳод)дир, бас мана шу (ҳақиқий) рибот (жиҳод)дир!».
(Имом Муслим ривоятлари)
(3) Учинчи ҳадис: Иймоннинг ярми таҳоратдир.
Абу Молик Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Таҳорат иймоннинг ярмидир. «Алҳамду лиллаҳ» (деб холис ният ила зикр айтиш яхши амаллар) тарозисини тўлдиради, «Алҳамду лиллаҳ» ва «Субҳаналлоҳ» (деб Аллоҳни ёд олиб юриш) осмонлар-у Ер орасини (ажру савоблар билан) тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа(лар бериш мўмин учун Аллоҳ ҳузурида очиқ-ойдин) ҳужжатдир. Сабр (ҳақ йўлда собитқадам ва бардошли бўлиш алангали) ёғдудир. Қуръон сенинг манфаатинг учун (агар унга амал қилсанг) ёки сенга қарши ҳужжатдир (агар унга амал қилмасанг)…».
(Муслим, Термизий ва Насоий ривоятлари)
(4) Тўртинчи ҳадис: Ухлашдан олдин таҳорат олиш ва зикрларни ўқиб ётиш фазилати
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Ётоғингга келганингда худди намозга таҳорат олганингдек таҳорат олгин, кейин ўнг томонинг билан ёнбошлагин, кейин шундай дегин (қуйидаги дуони ўқигин) :
اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ ، وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ ، رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ ، لَا مَلْجَأَ وَلَا مَنْجَا مِنْكَ إِلَّا إِلَيْكَ ، اللَّهُمَّ آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ ، وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ
«Эй Аллоҳ, юзимни (бутун вужудимни) Сенга топширдим, барча ишларим учун Сени вакил қилдим, белимни (баданимни) Сенга суянтирдим, (савобингга) умидвор, (азобингдан) қўрққан ҳолда (Ўзингга илтижо қиламан), Сендан қочиб борадиган на бошпанам ва на нажот топар жойим бор, фақат Сенинг Ўзинг (ҳузурингдан бошпана ва нажот тилайман). Эй Аллоҳ, Сен нозил қилган Ўзингнинг Китобингга ва ва Сен элчи қилиб юборган Набий – Пайғамбарингга иймон келтирдим…».
Бас, сен ана шу тунингда вафот этиб қоладиган бўлсанг, бас, албатта сен Фитрат устида (Аллоҳ яратган соф тавҳид фитрати устида вафот этган) бўласан. Бу калималарни (ушбу дуони) гапирадиган гапларингнинг энг охиргиси қилгин!».
(Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Ҳадис шарҳида имом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«(Ухлашдан олдин таҳорат олишнинг қатор) фойдалари бор. Жумладан, ўлим тўсатдан келиб қолган тақдирда (иймон ва солиҳ амал жиҳатидан) мукаммал ҳолатда бўлади. Бу насиҳатда яна ўлимга тайёрланиб туриш мақсадида қалбнинг таҳоратини бажаришга – қалб касалликларидан покланиб туришга тарғиб ҳам бор. Чунки баданнинг таҳоратидан кўра қалбнинг таҳорати муҳимроқ… Яна таҳоратли бўлиб ухлаган кишининг тушлари ҳам ҳаққу рост туш бўлиши эҳтимоли кучаяди, шайтон унинг тушига кириб (бўлар-бўлмас, бемаъни тушлар билан) безовта қилишидан узоқроқ (тинчроқ) бўлади…».
(5) Бешинчи ҳадис: Чин қалби ила жаннатий бўлишни истаган инсон доимо савобли амаллар билан яшайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан олдин Билол (розияллоҳу анҳу)га шундай дедилар:
«Эй Билол! Исломда (яшаётганингдан буён) энг кўп умидвор бўлган ҳолингда бажарган амалингни менга айтгинчи, зеро жаннатда менинг олдимда сенинг оёқ кийиминг (қадам ташлаб юрганинг) овозини эшитдим».
Билол (розияллоҳу анҳу) жавоб берди:
«Мен кеча-ю кундузнинг қайси лаҳзаси бўлишидан қатъи назар (мукаммал даражада) таҳорат олар эканман, албатта ана шу таҳорат ила насиб бўлганича намоз ўқийман».
(Бухорий ривоятлари. «Мукаммал даражада» деган мазмуни Муслим ривоятларида келган).
Имом Термизий Бурайда ибн Ҳусойб Ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис қуйидагича ворид бўлган:
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отганда Билолни чақириб шундай дедилар:
«Эй Билол, сен қандай қилиб жаннатга мендан олдин кирдинг? (Зеро, ҳар сафар тушимда) жаннатга кирар эканман, олдимда сенинг шарпангни эшитаман. Кейин (яна жаннатда) тўрт бурчак шаклдаги тилла-олтиндан бино бўлган баланд бир қасрнинг олдига келдим ва бу қаср кимники, деб сўрадим. (Фаришталар) «Араблардан бўлган бир кишига қарашлидир, дейишди. Шунда «Мен арабман, бу қаср кимники?» дедим. «Қурайш (қабиласи)дан бўлган бир инсоннинг қасри» дейишди. «Мен қурашийман (Қурайш қабиласиданман), қаср кимники?» дедим. «Муҳаммаднинг умматидан бўлган бир кишининг қасри» дейишди. «Мен Муҳаммадман, қаср кимники?» деганимдан кейин «Умар ибн Хаттобники» деб жавоб беришди».
Билол розияллоҳу анҳу айтдилар:
«Эй Расулуллоҳ, мен ҳар доим азон айтар эканман, албатта икки ракъат намоз ўқийман. Қачонки таҳоратим ушалса, албатта ана шу заҳоти таҳорат оламан ва ортидан Аллоҳ учун икки ракъат намоз ўқишни ўз устимдаги бурчим деб ҳисоблайман».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Мана шу икки амалинг туфайли (таҳоратинг ушалиши биланоқ дарҳол яна таҳорат олиб намоз ўқишинг ва азон айтганингдан кейин ҳам албатта икки ракъат намоз ўқишга одатланиб олганинг туфайли жаннатга биринчилардан бўлиб кирар экансан)».
* Изоҳ:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳу ҳақида «Қандай қилиб жаннатга мендан олдин кирдинг» дейишларининг ўзига хос маъноси ва фазилати бор. Жаннатга энг биринчи бўлиб қадам босадиган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлишлари ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар собит бўлган. Билол эса, жаннатга кирилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида юрадилар, худди энг ишончли хизматчилар ўз раҳбарларининг олдиларида, уларнинг қўриқчилари, ҳимоячилари ва хизматчилари бўлиб юрганлари каби. Имом Мулла Али қори, имом Ибн Малак ва бир қатор уламолар ҳадиси шарифни шу маънода шарҳлаганлар. Айнан Билол розияллоҳу анҳу учун бундай улуғ шараф ва мартаба насиб бўлишининг сабаби, чунки у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёда ҳам энг яқин муаззинлари ва хизматчилари бўлганлар.
Яна Аллоҳ Билгувчироқдир.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•