Зулҳижжанинг ўн кунлиги ҳақида қисқача эслатма
Бир неча соатлардан сўнг ёки эртага кечқурун Зулҳижжа ойи бошланиши эҳтимоли бор. Янги ҳилол кўриниши билан иншоаллоҳ сиз азизларни бохабар этишга ҳаракат қиламиз.
Бу ой Аллоҳ таоло ҳаром қилган энг улуғ тўрт ойнинг биридир.
Унинг аввалги ўн куни йил давомидаги кунларнинг энг улуғи, энг афзали. Зеро бу кунлар ичида Арафа куни (9-зулҳижжа), Қурбонлик байрами (10-зулҳижжа) ва ҳажнинг асосий амаллари бажариладиган кунлар (8, 9, 10, 11, 12, 13 зулҳижжа кунлари) бор.
Аллоҳ таоло Фажр сурасининг иккинчи оятида «Ўн кечага қасам» деб айтганда ана шу Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунига ишора қилган. Буюк Парвардигоримиз фақат ва фақат жуда ҳам улуғ нарсаларга қасам ичган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигини бошлар эканлар, шундай деб башорат берганлар:
«Бошқа кунлардаги амаллар бу кунларда қилинганчалик афзал эмас».
Саҳобалар сўрашди:
Ҳатто жиҳод ҳам (бу кунларда бажариладиган ибодатлардан афзал бўлолмайди)ми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Ҳатто жиҳод ҳам афзал бўлолмайди, фақатгина ўз жонини ва молини хавф-хатарга қўйиб чиққан ва (улардан) ҳеч нарса билан қайтмаган (яъни, жонини ҳам барча мол-мулкларини ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳодда фидо қилиб шаҳид бўлиб кетган) кишининг (жиҳоди бу кунлардаги солиҳ амаллардан афзал бўлади) холос».
(Бухорий, Термизий ва бошқа муҳаддис имомларнинг ривоятлари).
Демак, ушбу бебаҳо кунларни имкон қадар барча турдаги ибодатлар – намозлар, рўзалар, садақалар, Қуръон тиловатлари, Аллоҳни қалбу тил билан тўхтовсиз зикр қилиб юриш, умра-ю ҳаж, қурбонлик, ота-онага хизмат, қариндошларга яхшилик, фарзу суннат илмларни ўрганиш, таълим бериш, фарзандлар тарбияси, гўзал ахлоқли муомала, даъват ва бошқа турли-туман эзгуликлар ила ғанимат билишимиз лозим.
Ҳайит кунлари рўза тутиш ҳаром :
Зулҳижжанинг аввалги кунларида рўза тутишни истаганлар фақат тўққизинчи кунгача тутишлари мумкин.
Айниқса, тўққизинчи – Арафа куни рўза тутиш нафл рўзалар ичидаги энг афзал рўзадир. Ҳажга борганлар эса Арафот майдонида рўза тутмаган ҳолларида дуо-илтижолар билан бардам-бақувват бўлиб ибодат қилишлари афзал.
10-зулҳижжа Азҳо-Қурбон ҳайити кунидир. У кунда рўза тутиш барчага ҳаром, асло жоиз эмас. Ундан кейинги уч кун – ташриқ кунлари ҳам рўза тутилмайди.
Зулҳижжа кунлари ва Рамазон кечалари :
Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги ва Рамазоннинг охирги ўн кунлиги фазилатлари борасидаги ояту ҳадисларни атрофлича ўрганиб чиққан уламолар шундай хулоса қиладилар:
Кундуз жиҳатидан қаралганда, Зулҳижжанинг аввалги ўн кунидаги кундузлар Рамазоннинг кундузларидан афзалроқ, чунки Зулҳижжа кундузларида Арафа ва Азҳо кунлари бор. Кечқурун жиҳатидан қаралганда Рамазоннинг охирги ўн кечаси афзалроқ, чунки унда Қадр кечаси мавжуд.
Яна Аллоҳнинг Ўзи Билгувчироқдир.
Меҳрибон Раббимиз барчаларимизни доимо холис ниятли бўлишга, қисқагина умримизда, айниқса мана бундай улкан лаҳзаларда солиҳ амалларни кўп-кўп бажариб олишимизга муваффақ айласин ва Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин. Омин.
Муҳиддин Обидхон қори ўғли