«Акс ҳолда бошқалар қўлида хор бўламиз, зор бўламиз…»

Бўлимлар: Матбуот

Қўлимда Ислом оламида жуда ҳам машҳур «Фатволар» мажмуаси турибди ва уларни мароқ билан мутолаа қиляпман:
1. Ал-Фатово ал-Ҳиндийя.
2. Фатово Қозихон.
3. Ал-Фатово ал-Баззозийя.

«Ал-Фатово ал-Ҳиндийя»ни ватандошимиз Бобурнинг авлодларидан,

подшоҳ Муҳаммад Аврангзеб Оламгирнинг амри билан бир жамоа фақиҳлар томонидан ёзилган. Шунинг учун китоб улуғ бобомиз шарафига «Ал-Фатово ал-Оламгирийя» деб ҳам номланади.

«Фатово Қозихон» эса имом Қозихон Ўзгандий Фарғоний томонидан таълиф қилинган. Бул зот Бурҳониддин Марғинонийнинг шогирдлари бўлиб, «Фатово»дан ташқари «Амолий», «Воқиот», «Шарҳуз-зиёдот» каби мўътабар китобларнинг муаллифидирлар.

«Ал-Фатово ал-Баззозийя» бўлса, имом Муҳаммад Кардарий Бариқиний Хоразмийнинг қаламларига мансуб. Китоб шу даражада шарафли бўлганки, муфтий Абус Сауддан: «Нега муҳим масалаларни жамлаб, фатво борасида китоб таълиф этмайсиз?» деб сўралганда, «Мен бу тўғрида «Баззозийя» соҳибидан ҳаё қиламан», деган эканлар.

Уламоларнинг эътирофига кўра, бу уч китобдан иборат мажмуа-тўплам ҳанафий фиқҳи энциклопедияси саналади. Эътиборлиси, бундай йирик илмий иш эгалари бизнинг ватандошларимиз, бизнинг боболаримиз.

Китоблар ёзилган даврлар тўғрисида хаёл суриб, ватандошларимиз ҳокиму олими билан дини исломга қанчалик вафодор, муҳаббатли, камарбаста ва билимдон бўлганларини кўз олдимга келтирдим. Аллоҳнинг охирги рисолати – Исломнинг қонунчилик ва усули, ҳамда уларни ривожлантириш вазифаси улуғ боболаримиз зиммаларида бўлгани ва уни шараф билан адо этганларидан ҳайратландим ва (ҳозирги ҳолимиздан) ўкиндим.

Мен ёзаётганларим билан аждодларимиз билан фахрланиш ёки ҳозирги ҳолимиздан ёзғиришни мақсад қилмадим*. Фақат бир нарсани айтиб қўйиш муддаойим:

АСЛИМИЗНИ, ИЛДИЗИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК. БИЗ КИМЛАРНИНГ АВЛОДИМИЗ ВА ВАТАНИМИЗ ҚАНДАЙ БИЛИМ ВА МАФКУРА БЕШИГИ БЎЛГАН? ШУНИ ЁДДА ТУТАЙЛИК!

ТАСАВВУР, ТАФАККУР ВА ТАСАРРУФИМИЗДА ШУЛАРНИ УНУТМАСАК, БАС. УЛАРДЕК БЎЛИШИМИЗГА АНЧА ИШ БОР. АММО УЛАРГА МУНОСИБ БЎЛИШ ҚЎЛИМИЗДАН КЕЛАДИ ВА ШУНДАЙ БЎЛИШГА МАСЪУЛМИЗ ВА МАЖБУРМИЗ. АКС ҲОЛДА БОШҚАЛАР ҚЎЛИДА ХОР БЎЛАМИЗ, ЗОР БЎЛАМИЗ.

—-
* Дарвоқе, мазкур фатво китоблар ислом олами мамлакатларининг ҳаммасида нашр қилинмоқда ва қизиқиш билан ўқилмоқда, ўрганилмоқда. Бизда ҳозирги исломий таълимимиз ва унга ёндашувимиз билан улардек бўлиш у ёқда турсин, боболаримиз меросини ҳижжалашга ҳам қурбимиз етмайди, афсус.

Мубашшир Аҳмад (Фэсбук саҳифасидан олинди)