«Жаннатга киролмайсизлар…», «Жаннатга кирасизлар…» (5 ҳадис)

ISLOM OVOZI

Навбатдаги рисоламизда «Жаннатга киролмайсизлар…» ва «Жаннатга кирасизлар» деган ибора билан келган ҳадиси шарифларнинг айримлари билан танишамиз.

(1) Биринчи ҳадис:

Иймоний муҳаббатдан айрилиш хатари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«والذي نفسي بيده، لا تدخلون الجنة حتى تؤمنوا، ولا تؤمنوا حتى تحابوا، أوَلَا أدلكم على شيء إذا فعلتموه تحاببتم؟ أفشوا السلام بينكم».
رواه مسلم

«Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, жаннатга киролмайсизлар то мўмин бўлмагунингизча, мўмин бўлолмайсизлар то бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча. Шундай бир нарса борки, агар уни бажарсангизлар бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар, сизларни ана шу нарсага йўллаб қўяйми? Ораларингизда саломлашишни ёйинглар (тарқатинглар, яхши эшитиладиган овоз билан мукаммал салом беринглар…)«.

(Имом Муслим ривоятлари, Иймон китоби, «Жаннатга фақатгина мўминлар кирадилар» деб номланган боб)

 

(2) Иккинчи ҳадис:

Ҳаждаги набавий хутбадан лавҳа.

Абу Умома Ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу айтдилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида хутба қилаётган пайтлари шундай деганларини эшитдим:

«اتقوا اللهَ ربكُم ، وصلّوا خمسكُم ، وصُومُوا شهركُم ، وأدّوا زكاةَ أموالكُم ، وأطيعُوا ذا أمركُم ، تدخُلوا جنةَ ربكُم»

«Парвардигорингиз Аллоҳ(нинг азоби)дан қўрқинглар, беш вақт (фарз намозлар)ингизни ўқинглар, (Рамазон) ойи (рўзалар)ингизни тутинглар, мол-мулкларингиз закотини (ҳақдорларига) беринглар, иш бошингизга итоат қилинглар, (шундай қилсангизлар) Парвардигорингиз жаннатига кирасизлар!».

(Имом Термизий ривоятлари)

 

Яна бир ривоятда:

إنه لا نَبِيَّ بعدي ولا أُمَّةَ بعدَكم، ألا فاعبدوا ربَّكم، وصَلُّوا خَمْسَكم، وصوموا شَهرَكم، وأَدُّوا زكاةَ أموالِكم، طَيِّبَةً بها أنفسُكم، وأطيعوا أُمَراءَكم تدخلوا جنةَ ربِّكم

«Шубҳасиз, мендан кейин (ҳеч қандай) пайғамбар йўқ ва сизлардан кейин бошқа уммат ҳам бўлмайди (Қиёматгача Ислом уммати давом этади). Огоҳ бўлинглар! Парвардигорингиз(нинг Ягона Ўзи)га ибодат қилинглар, беш вақт (фарз намозлар)ингизни ўқинглар, (Рамазон) ойи (рўзалар)ингизни тутинглар, мол-мулкларингиз закотини (ҳақдорларига) ич-ичингиздан рози бўлган ҳолингизда беринглар, (мусулмон) амирларингиз (раҳбарларингиз)га итоат қилинглар, (шундай қилсангизлар) Парвардигорингиз жаннатига кирасизлар!».

 

(3) Учинчи ҳадис:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилмаганлар жаннатга кирмайди.

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«والَّذي نفسي بيدِه لَتدخُلُنَّ الجنَّةَ كلُّكم إلَّا مَن أبى وشرَد على اللهِ كشرادِ البعيرِ»

قالوا : يا رسولَ اللهِ ومَن يأبى أنْ يدخُلَ الجنَّةَ ؟

قال :» مَن أطاعني دخَل الجنَّةَ ومَن عصاني فقد أبى»

«Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасам, барчаларингиз албатта жаннатга кирасизлар, фақатгина (жаннатдан) ўзи бош тортиб, худди туя ўз эгасидан қочгандек Аллоҳдан қочиб кетган кимсагина (жаннатга кирмайди)».

(Шунда саҳобалар) айтишди:

Эй Расулуллоҳ! Ким ҳам жаннатга киришдан бош тортарди?

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар:

«Ким менга итоат қилса албатта жаннатга киради, ким менга осий бўлса дарҳақиқат ана шу кимса (жаннатга киришдан) бош тортган бўлади».

(Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари)

 

Имом Ҳайсамийнинг ривоятларида эса қуйидагича ворид бўлган:

مَن أطاعَني دخَل الجَنَّةَ ومَن عصاني دخَل النَّارَ

«Ким менга итоат қилса албатта жаннатга киради ва ким менга осий бўлса албатта дўзахга киради».

 

(4) Тўртинчи ҳадис:

Жаннат гарови фақат Аллоҳнинг Ягона Ўзига ибодатда бўлиш ва одамларга яхшилик қилиб яшаш.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«اعبدوا الرحمنَ ، وأطعموا الطعامَ ، وأفْشُوا السّلامَ تدخلوا الجنةَ بسلام»

«Раҳмон (таоло)га ибодат қилинглар, (одамларга) таом едиринглар ва (ораларингизда) саломлашишни ёйинглар (бир-бирларингизга яхши эшитиладиган овоз билан мукаммал саломлашишни тарқатинглар), шунда жаннатга салом – омонлик ила кирасизлар (жаннатга хотиржамлик ва осойишталик ила кирасизлар)«.

(Термизий ва Мунзирий ривоятлари)

 

(5) Бешинчи ҳадис:

Мадинада умум халққа эълон қилинган энг биринчи нидо.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтадилар:

لَمَّا قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم المدينةَ انجَفَل الناسُ إليه وقيل قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم فجِئْتُ في الناسِ لِأَنْظُرَ إليه فلما استَثْبَتُّ وجهَ رسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم عَرَفْتُ أن وجهَه ليس بوجهِ كذابٍ وكان أَوَّلُ شيءٍ تكلم به أن قال:

أَيُّها الناسُ أَفْشُوا السلامَ، وأَطْعِمُوا الطعامَ، وصَلُّوا والناسُ نِيَامٌ، تَدْخُلوا الجنةَ بسَلَامٍ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага (ҳижрат қилиб) етиб келганларида одамлар (бошқа барча ишларини ташлаб) у кишининг олдиларига келиб ўраб олишди. (Чор атрофдан одамларнинг оғзида) «Аллоҳнинг элчиси келди, Аллоҳнинг элчиси келди, Аллоҳнинг элчиси келди…» деган гаплар янграрди. Мен ҳам ҳамма қатори у кишини бир кўриш учун келдим. Расулуллоҳнинг юзларини аниқ-тиниқ кўрар эканман, билдимки (тўла ишонч ҳосил қилдимки) бу инсоннинг юзи каззоб кимсанинг юзи эмас (бу одам ёлғончи бўлиши мумкин эмас). Ўшанда у кишининг энг биринчи айтган сўзи (ҳадислари) шу бўлдики:

أَيُّها الناسُ أَفْشُوا السلامَ، وأَطْعِمُوا الطعامَ، وصَلُّوا والناسُ نِيَامٌ، تَدْخُلوا الجنةَ بسَلَامٍ

«Эй одамлар, саломлашишни ёйинглар (бир-бирингизга очиқ-ойдин эшитиладиган овоз билан салом бериб, саломлашишни тарқатинглар), (қариндошларга, қўни-қўшниларга, камбағал-муҳтожларга, меҳмонларга ва барчага…) таом беринглар, одамлар ухлаб ётган пайтлари сизлар (кечалари таҳажжудга туриб кўп-кўп) намоз ўқинглар, ана шунда сизлар тинч-омонлик билан (хотиржамлик, осойишталик ила) жаннатга кирасизлар».

(Термизий ривоятлари)

 

Ибн Можанинг «Сунан»ида, Бағавийнинг «Шарҳус-Сунна»сида, Мунзирийнинг «Тарғиб ва тарҳиб»ида, Нававийнинг «Азкор»ида ва Табризийнинг «Мишкотул-масобийҳ»ида ҳадиси шарифнинг қуйидаги зиёдаси ҳам собит бўлган:

«وصِلوا الأرحامَ…».

«Қариндошларингизга силаи раҳм қилинглар (яхшиликлар билан тез-тез хабар олиб туринглар)».

 

* Абдуллоҳ ибн Салом ким эди?

Мадинада яшаган яҳудий қабилаларнинг энг катта олимларидан бири бўлганлар. Исломни қабул қилишларидан олдин ўз қавмлари ичида катта обрў-эътибор билан кўтар-кўтар қилиб юрилган бу зот Исломга кириб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлари биланоқ қабиладошлари у кишидан бутунлай воз кечиб юборишади. Шунга қарамасдан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Ислом динида собитқадам давом этганлар.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi