Тишсиз «калит» ишламайди
«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи
Имом Бухорий ёзадилар:
Жаноиз китоби (Жаноза ва вафот этиш ҳақидаги ҳадислар тўплами)
(Биринчи) боб:
Кимнинг энг охирги сўзи «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бўлса …
(Имом) Ваҳб ибн Мунаббиҳдан сўралди:
Жаннат калити «Лаа илааҳа иллаллоҳ» эмасми?
У киши жавоб берди:
«Албатта ва лекин ҳеч қандай калит йўқки, унинг тишлари бўлмаса! Тишлари мавжуд бўлган «калит» олиб келсанг (жаннат дарвозаси) очилади, бўлмаса очилмайди».
(Имом Бухорий ушбу бобга оид айрим ҳадисларни ривоят қилиб яна ёзадилар) :
(1237-ҳадис)
Бизга Мусо ибн Исмоил ҳадис ривоят қилиб деди: бизга Маҳдий ибн Маймун ҳадис ривоят қилиб деди: бизга Восил Ал-Аҳдаб (ўз устозлари) Маърур ибн Сувайддан, у киши (улуғ саҳобий) Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«أتاني آت من ربي فأخبرني – أو قال بشرني – أنه من مات من أمتي لا يشرك بالله شيئاً دخل الجنة
فقلتُ: وإن زنى وإن سرق؟
قال : وإن زنى وإن سرق!
«Раббим (ҳузури)дан бир (фаришта Жибрил) олдимга келиб менга хабар берди (башорат берди)ки, менинг умматимдан кимдаким Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ўлса албатта жаннатга киради».
Шунда мен айтдим (яъни Абу Зар Расулуллоҳга савол бердилар) : Ҳатто зино қилса ҳам, ўғрилик қилса ҳам-а?
(Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар:
«Ҳатто зино қилса ҳам, ўғрилик қилса ҳам».
(1238-ҳадис)
Бизга Умар ибн Ҳафс ҳадис ривоят қилиб деди: бизга Отам (Ҳафс) ҳадис ривоят қилиб деди: бизга Аъмаш ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга Шақиқ (улуғ саҳобий) Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб деди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«من مات يشرك بالله شيئا دخل النار».
«Кимки Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиб (Аллоҳга ширк келтириб) ўлса албатта дўзахга киради».
Мен ҳам айтдим (яъни, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадис ва бошқа далилларга таянган ҳолда айтдилар) :
«Кимки Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ўлса албатта жаннатга киради».
ИЗОҲ :
1. Уламолар Қуръони карим ва суннати набавийядан мавзуга алоқадор барча далилларни жамлаб, уларнинг ҳаммаси бир-бирига мувофиқ эканлигини шарҳлаб айтадиларки:
Аллоҳга иймон келтирган, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолида вафот этган мусулмон кишининг охирги қароргоҳи жаннат бўлади, агар у Ислом динидан бутунлай чиқариб ташлайдиган куфри акбарга тушиб қолмаган бўлса.
Қотиллик, ароқхўрлик, зино, ўғрилик ва ҳоказо гуноҳлар шак-шубҳасиз жуда ҳам улкан ва хатарли гуноҳлар. Бундай гуноҳларни билиб-билмай қилиб қўйган фосиқ киши тезроқ тавба қилмаса бориб-бориб куфри акбарга тортилиб кетиши мумкин. Лекин, бу гуноҳларнинг ўзи билан инсонга кофир ёки мушрик деб ҳукм чиқарилмайди. Чунки, Аллоҳ таоло ширки акбар ва куфри акбардан бошқа барча гуноҳларни мағфират қилиб-кечириб юбориши эҳтимоли бор. Кечирмаган тақдирда ҳам бу гуноҳлар мусулмон кишини дўзахда абадий қолдирмайди, балки гуноҳига яраша жазосини олганидан сўнг Аллоҳнинг марҳамати ила жаннатга олиб чиқилади. Яна Аллоҳ Билгувчироқдир.
2. Баъзи одамлар «муҳими мусулмон бўлиб ўлсак бўлди экан, гуноҳ ишларни қилиб қўйсак ҳам, дўзахга тушиб гуноҳларимизга яраша жазо олсак ҳам, охири барибир жаннатга кирар эканмиз-ку», деб дўзах азобини ўзларича енгил санашлари мумкин. Аслида эса дўзахнинг бир лаҳзаси ҳам чексиз даҳшатдир , бу дунёнинг барча лаззатларини бутунлай эсдан чиқартириб ташлайди. Бу борада ҳам қатор ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
يؤتى بأنعم أهل الدنيا من أهل النار يوم القيامة، فيصبغ في النار صبغةً، ثم يقال: يا ابن آدم هل رأيت خيراً قط؟ هل مر بك نعيمٌ قط؟ فيقول: لا والله يا رب، ويؤتى بأشد الناس بؤساً في الدنيا من أهل الجنة، فيصبغ صبغةً في الجنة، فيقال له: يا ابن آدم هل رأيت بؤساً قط؟ هل مر بك شدةٌ قط؟ فيقول: لا، والله ما مر بي بؤسٌ قط، ولا رأيت شدةً قط
رواه مسلم
«Дунёда энг кўп неъматлар билан неъматланиб (одамлар назарида жуда ҳам маза қилиб) яшаган бир дўзахий кимсани Қиёмат куни олиб келинади ва дўзах оловига бир марта (жуда қисқа муддатга) чўктириб чиқарилади. Кейин ундан сўралади: эй Одам боласи, сен (дунёда ҳаётинг давомида бир марта бўлса ҳам) биронта яхшилик кўрганмисан? (Дунё неъматларидан) қандайдир бир неъматни учратганмисан (озгина бўлса ҳам баҳра олганмисан?). Шунда у жавоб беради: Йўқ, асло, Аллоҳга қасам, (Сенга қасам ичиб айтаман) эй Раббим, (дунёда ҳеч қандай яхшилик кўрмаганман, ҳеч қандай неъмат – бирон бир лаззат топмаганман…). Яна дунёда энг оғир мусибатлар ичида қолиб азобланиб яшаган жаннатий бир кишини олиб келинади ва жаннатга бир марта (қисқа муддатга) киргизиб чиқарилади. Сўнг ундан сўралади: эй Одам боласи, сен (дунёда бир марта бўлса ҳам) қандайдир бир мусибатга йўлиққанмисан, бирор бир машаққатли ҳолат бошингга тушганми? Шунда у жаваб беради: Йўқ, асло, Аллоҳга қасам, менинг бошимдан ҳеч қандай оғир ҳолат ўтмаган (бирор бир мусибатга ёки ҳеч қандай қийинчиликка учрамаганман)».
Имом Муслим ривоятлари.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•