РАМАЗОН КЕЧАЛАРИ туркумидан шеърлар.
Шайх Обидхон қори
Швеция, 1428 ҳ. (2007 м.)
Тарихда ягона
Ўтиб бормоқдадир саноқли кунлар,
Зикру тиловатли мароқли тунлар…
Айтингчи, не учун бу улуғ неъмат
Бунчалар қисқа-а, ноёб, ғанимат?..
– Ҳа, инсон умрига ишорадир бу,
Тарихда ягона, бир борадир бу!
Рамазон остонасида
Ваъдага вафо ҳам мўминга хосдир,
Бу ой иншоаллоҳ, қолмас гуноҳим.
Ғанимат фурсат бу, тавбалар ростдир,
Ададсиз малаклар бўлгай гувоҳим.
Дўстларинг сафига мени ҳам сайла,
Дуойим рад этма, қабул қил оҳим!
Холис тоатингга Сен лойиқ айла,
Эй менинг Ғафуру Раҳим Илоҳим!
Яхшилик жарчиси
Одам зурриётин йўқлаб ҳар замон
Нурлар улашгали келгай Рамазон.
Бежиз эмасдир бу, демак, унутма:
Оламда эзгулик ҳокимдир ҳамон!
Бу шундай мавсумки, замину осмон
Покланур, ўзгарур яхшию ёмон.
Яхшилик ичрасен – сен ҳам яхши бўл!
Шундан иборатдир матлуби иймон.
Фақат Рамазон
Рамазон учун деб, осмондан ой ҳам
Ҳар кеча ёғдирур маърифат-ирфон.
Самога йўл солган солиҳ амаллар
Ўрнини тўлғазур мағфират-ғуфрон.
Хаёлни банд айлаб, руҳни забт этмиш,
Гўзал, оҳанрабо тиловат, Қуръон.
Йўқсилларни йўқлаб, остона хатлаб,
Қалбларни эритгай саховат-эҳсон.
Бутун олам бўйлаб Қиёмат қадар
Исломга ёғилгай шарофат-ла шон
Ер узра бундайин қонунни жорий
Қилолмас бирор бир салтанат-султон
Бунча фазилатни жамул жам этган
Рамазон ойидир, фақат Рамазон!