«Албатта жаннатга киради…» дейилган 3 ҳадис

Ўтган рисоламизда «жаннатга кирмайди…» деб бошланган 9 та ҳадисни ўрганган эдик.

Бугун иншоаллоҳ Саҳиҳи Муслим (имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами)да ривоят қилинган, «Албатта жаннатга киради…» деган жумла билан собит бўлган ҳадиси шарифларнинг фақат учтаси билан танишамиз.

 

* Эслатма:

«Албатта жаннатга киради…», «Албатта жаннатга кирасизлар, агар …» ёки «жаннатга кирмайдилар…», «жаннатга кирмайсизлар то … » ва ҳоказо жумлалар билан зикр қилинган ҳадиси шарифлар ва уларда баён қилинган амаллар кўп. Биз келажакда иншоаллоҳ уларнинг орасидан энг муҳимлари деб билганларимизни танлаб-танлаб, аста-секин таржима қилиб боришга ҳаракат қиламиз.

Ҳозир ўрганадиганимиз ҳадиси шарифларда зикр қилинган амалларнинг хулосаси қуйидагилар:

1. Аллоҳнинг Ўзи ягона ҳақ илоҳ деб иймон келтириш;

2. У Зотга ҳеч қандай ширк келтирмаслик;

3. Муҳаммад алайҳиссалом У Зотнинг расули эканликларига иймон келтириш;

4. Беш вақт фарз намозларни тўкис бажо этиш;

5. Закот беришга қодир бўлганлар ҳақдорларга беришлари;

6. Қариндошларга яхшилик қилиш.

 

(1) Биринчи ҳадис:

Аллоҳга ширк келтирмасдан фарз амалларни бажариб яшаган киши.

Абу Айюб Ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда кетаётган пайтлари бир аъробий (одамларга кўп аралашмасдан чекка жойларда ёки саҳроларда яшашга одатланган одам) рўпараларига чиқиб, туяларининг жиловидан тортиб шундай деди:

«Эй Муҳаммад – ёки эй Расулуллоҳ -, жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амал ҳақида менга хабар бергин!».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол тўхтаб, саҳобаларига юзланиб: «(Бу инсон) дарҳақиқат ҳидоятга муваффақ қилинди» дедилар.

(Кейин яна аъробийга қараб) : «Нима дединг?», деб (саволини такрорлашини) талаб қилдилар. Бас, (аъробий) саволини яна қайтадан сўради.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«تعبد الله ولا تشرك به شيئاً وتقيم الصلاة وتؤتي الزكاة وتصل ذا رحمك».

«Аллоҳга ибодат қиласан, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайсан (Аллоҳ таолога ҳеч қандай ширк келтирмасдан Ягона Ўзига ибодат қиласан), намозни бажо этасан, закотни (ҳақдорларига) берасан ва қариндошларингдан хабар олиб (уларга яхшилик қилиб) турасан».

Аъробий (жавобни эшитиб) орқасига бурилиб кетар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

«إن تمسّك بما أُمِر به دخل الجنة».

«У буюрилган амалларни агар маҳкам тутса албатта жаннатга киради!».

 

(2) Иккинчи ҳадис:

Тавҳид калимаси билан вафот этган киши.

Усмон (ибн Аффон) розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«من مات وهو يعلم أنه لا إله إلا الله دخل الجنة».

«Кимки ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи (ягона ҳақ) илоҳ эканлигини билган (чин қалби билан ишонган) ҳолида ўлса албатта жаннатга киради».

 

(3) Учинчи ҳадис:

Аллоҳ таолога икки шаҳодат калимаси билан рўбарў бўлган киши.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган илоҳий мўъжизалардан бири ҳақида қисса)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга йўлда (сафарда) эдик. Қавм (саҳобаи киромлар)нинг озиқ-овқатлари тугай деб қолгани туфайли туялардан айримларини сўйдирмоқчи бўлдилар.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу: эй Расулуллоҳ, озайиб қолган озиқ-овқатларнинг барчасини бир жойга жамлаб, Аллоҳга дуо қилсангиз» дедилар. Бас, шундай қилдилар. Кимда буғдойдан озгина қолган бўлса буғдойини олиб келди, кимда хурмодан озгина қолган бўлса хурмосини олиб келди, кимда данак бўлса данагини олиб келди.

Шу ерда ровий (Абу Солиҳ) Абу Ҳурайрадан сўради: Данакни (кўтариб юриб) нима қилишарди?

Абу Ҳурайра жавоб бердилар: (Егани ҳеч нарсалари қолмаганидан) данакни сўриб-сўриб, устидан сув ичишарди.

Абу Ҳурайра қиссада давом этдилар:

Кейин ана шу (озгина қолган) таомлар устида дуо қилдилар. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилиб бўлганларидан сўнг) саҳобалар таомларни қайтадан олиб кета бошлашди, (Аллоҳ бу таомларни шу даражада кўпайтириб бердики) ҳатто барчалари ўзларидаги идишларни тўлдириб-тўлдириб олдилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадиси шарифни айтдилар:

«أشهد أن لا إله إلا الله وأني رسول الله ، لا يلقى اللهَ بهما عبدٌ غيرَ شاكّ فيهما إلا دخل الجنة»

«Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақатгина Аллоҳ (ҳақ) илоҳдир ва Мен Аллоҳнинг элчисиман. Кимки мана шу иккита калима билан, у ҳақда шак-шубҳа қилмасдан Аллоҳга рўбарў бўлса (яъни ушбу икки шаҳодатга чин қалби билан иймон келтириб гувоҳлик берган ҳолида вафот этса) албатта жаннатга киради!».

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi