Аллоҳ йўлидаги муҳаббат белгиси ҳақида боб
«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи
Имом Бухорий Одоб китобида ёзадилар:
Аллоҳ йўлидаги муҳаббат белгиси ҳақида боб
Аллоҳ таоло айтади:
{إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ} الآية. [آل عمران: 31].
«Айтинг (эй Расулуллоҳ): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади…».
(Оли Имрон сураси, 31-оят).
(6168-ҳадис)
Бизга (устозимиз) Бишр ибн Холид ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Муҳаммад ибн Жаъфар (ўз устозлари) Шўъбадан, у киши (ўз устозлари) Сулаймондан, у киши (ўз устозлари) Абу Воилдан, у киши (улуғ саҳобий) Абдуллоҳ (ибн Масъуд)дан ҳадис ривоят қилиб айтдилар:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Инсон севган кишиси билан бирга (бўлади)».
(6169-ҳадис)
Бизга (устозимиз) Қутайба ибн Саид ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Жарир (ўз устозлари) Аъмашдан, у киши (ўз устозлари) Абу Воилдан ҳадис ривоят қилиб айтдилар:
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу (хабар бериб) дедилар:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб: эй Расулуллоҳ, бир қавмни яхши кўрган аммо уларга етишолмаган (яъни, ана шу қавм амал қилган амалларни бажаролмаган, улардек улуғ мақомларга кўтарила олмаган) киши ҳақида нима дейсиз?, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Инсон севган кишиси билан бирга (бўлади)».
(6170-ҳадис ҳам шу маънода).
(6171-ҳадис)
Бизга (устозимиз) Абдон ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга Отам (ўз устозлари) Шўъбадан (ҳадис ривоят қилиб) хабар берди: Шўъба (ўз устозлари) Амр ибн Муррадан, у киши Солим ибн Абил-Жаъддан, у киши (улуғ саҳобий) Анас ибн Моликдан ривоят қилди:
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: эй Расулуллоҳ Соат (Қиёмат куни) қачон?, деб сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«(Сен) унга (Қиёмат куни учун) нима тайёрлаб қўйдинг?», дедилар.
У киши жавоб берди: мен на намоз, на рўза ва на садақани (жуда ҳам) кўпайтириб Қиёмат учун тайёргарлик кўра олганим йўқ. Лекин, Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Сен яхши кўрган кишинг билан бирга (бўласан)».
Яна бир ривоятда (3688-ҳадис охирида) Анас розияллоҳу анҳу айтдилар:
Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари «Сен яхши кўрган кишинг билан бирга (бўласан)» (деган ҳадислари) билан шод бўлганимизчалик бошқа ҳеч нарса билан хурсанд бўлмаганмиз. Бас, мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакрни ва Умарни яхши кўраман, гарчи уларнинг амалларидек амал қилолмаган бўлсам ҳам.
(Саҳиҳул-Бухорий, Китобул-Адаб, «Аллоҳ йўлидаги муҳаббат белгиси ҳақида боб».
Хулоса:
* Аллоҳ ва Расулига чин муҳаббат қўйган киши бутун ҳаётини Аллоҳ ва Расулига итоат билан ўтказишга ҳаракат қилиб яшайди;
* Бу дунёда кимларга муҳаббат қўйиб яшасангиз Қиёматда ўшалар билан бирга бўласиз;
* Абадий бахт-саодатга етишни истаган инсон мўминларни яхши кўриши ва уларга ўхшаб ҳақиқий мусулмон бўлиб яшаши лозим.
Аллоҳ Билгувчироқдир).
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•