«Жаннатга кирмайди…» деб бошланган 9 ҳадис

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига жуда ҳам раҳм-шафқатли зот бўлганликлари учун Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таолонинг ваҳйини умматларига мукаммал тарзда етказиб кетганлар. Шу жумладан инсонларни жаннатдан маҳрум этадиган ёмон ишлардан қайта-қайта гоҳлантирганлар.

Меҳрибон ота-оналар ўзларининг фарзандлари бахтли ҳаёт кечириб яшашлари учун уларга ёмон ишларга ва ёвуз кимсаларга яқинлашмасликни ўргатишлари лозим бўлгани каби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бизни яхши амалларга тарғиб этиш билан бир қаторда ёмон ишлардан қайтарганлар, токи билиб-билмасдан уларга қўл уриб дунё ва охиратда ўзимизга ўзимиз зиён келтириб қўймаслигимиз учун.

Қуйидаги сатрларда имом Бухорий ва имом Муслим каби буюк муҳаддис имомларимиз ривоят қилишган «Жаннатга кирмайди…» деган жумла билан бошланган (ёки якун топган) ҳадиси шарифлардан 9 тасини келтириб ўтамиз.

Келинглар, аввал ушбу ҳадисларда зикр этилган ёки ишора қилинган улкан гуноҳларни ёдлаб олишимиз осон бўлиши учун қисқача санаб чиқайлик:

1. Аллоҳга ва Унинг ҳақ динига кофир бўлиш, Ягона Зотга ширк келтириш;
2. Мутакаббирлик;
3. Ота-онага оқ бўлиш;
4. Қариндошчиликни узиш;
5. Қўшнига озор бериш;
6. Чақимчилик;
7. Ҳаромхўрлик;
8. Одамларнинг мол-мулкларига солиқ тўлатиб уларга зулм қилиш;
9. Ароқхўрлик;
10. Сеҳр ва сеҳргарларга ишониш;
11. Тақдирни инкор қилиш;
12. Қилган амалини (Аллоҳга ва одмларга) миннат қилиш;
13. Қўполлик ва тошбағир бўлиш.

 

(1) Биринчи ҳадис: Ислом динига иймон келтирмаганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«يا ابنَ الخطَّابِ ! اذهَبْ فنادِ في الناسِ إنه لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ إلا المؤمنونَ».
رواه مسلم

«Эй Ибн Хаттоб! Одамларга нидо қилгин: Шубҳасизки, жаннатга (ҳеч ким) кирмайди, фақат мўминларгина (кирадилар)!».

(Имом Муслим ривоятлари).

Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд, Салмон Ал-Форисий ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳум ривоят қилишган ҳадисларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ إلَّا نفسٌ مُسلِمةٌ».
رواه مسلم وابن حبان

«Жаннатга (ҳеч ким) кирмайди, фақатгина мусулмон жон (эгаси киради холос)».

(Муслим ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).

 

(2) Иккинчи ҳадис: мутакаббирлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«لاَ يَدْخلُ الجنَّةَ مَن كان في قلبِه مثقالُ ذرَّةٍ من كِبرٍ . قال رجلٌ : إنَّ الرَّجلَ يحبُّ أن يكونَ ثوبُه حسنًا ونعلُه حسنةً . قال : إنَّ اللهَ جميلٌ يحبُّ الجمالَ . الكِبرُ بَطرُ الحقِّ وغمطُ النَّاسِ»
رواه مسلم

«Қалбида зарра миқдорича кибр – мутакаббирлик бўлган кимса жаннатга кирмайди!».

Шунда бир киши сўради:

«Уст кийимим чиройли (покиза), оёқ кийимим ҳам чиройли бўлиши менга ёқади. (Яъни, бу кибрга кириб қолмайдими?).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Албатта Аллоҳ гўзал Зотдир, гўзалликни яхши кўради. (Яъни, кийимларинг покиза ва чиройли бўлишини яхши кўришинг кибр эмас). Кибр – ҳақни эътироф этмаслик ва инсонларни пастга уриш!».

(Имом Муслим ривоятлари)

 

(3) Учинчи ҳадис: қариндошчиликни узган кимса.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ قَاطِعُ رَحِم».
رواه البخاري ومسلم وأبو داود والترمذي وغيرهم.

«Қариндошчиликни узган кимса жаннатга кирмайди».

(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишган).

 

(4) Тўртинчи ҳадис: қўшнисига озор берадиган кимса.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ من لا يأمنُ جارُه بوائقَه».
رواه مسلم

«Қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаган (қўшниларини тинч қўймаган, уларга озор берадиган) кимса жаннатга кирмайди!».

(Имом Муслим ривоятлари)

 

(5) Бешинчи ҳадис: чақимчилар.

Ҳузайфа ибнул Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

» لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ قتَّاتٌ» وفي رواية «نَمَّامٌ»
رواه البخاري ومسلم

«Чақимчи жаннатга кирмайди».

(Бухорий ва Муслим ривоятлари)

 

(6) Олтинчи ҳадис: ҳаромхўрлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ لحمٌ نبَت مِن سُحْتٍ».
رواه ابن حبان وصححه الأرناؤوط.

«Суҳт – ҳаромдан озуқа олган гўшт – аъзои жисм жаннатга кирмайди».

(Ибн Ҳиббон ривояти, Арноут саҳиҳ санаган).

 

(7) Еттинчи ҳадис:

Ароқхўр, сеҳрга ишонадиган, тақдирни инкор қиладиган, ота-онасига оқ бўладиган ва қилган амалини (Аллоҳга ва одамларга) миннат қиладиган кимсалар.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ مَنَّانٌ ولا عاقٌّ والديهِ ولا مُدمِنُ خمرٍ»

رواه الإمام أحمد وغيره.

«Миннатчи (қилган амали билан Аллоҳга ва бошқаларга гапириб фахрланувчи), ота-онасига оқ бўладиган (уларни ранжитадиган) ва ароқхўр кимсалар жаннатга кирмайди».

(Имом Аҳмад ривоятлари)

Яна бир ривоятда:

«لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ مُدمنُ خمرٍ و لا مؤمنٌ بسِحرٍ و لا قاطعُ رحمٍ»

Яна бир ривоятда:

«Ароқхўр, сеҳрга ишонадиган ва қариндошчиликни узадиган кимсалар жаннатга кирмайди».

Яна Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«لاَ يَدْخُلُ الجَنَّةَ عاقٌّ ، ولا مُدمِنُ خمرٍ ، ولا مُكذِّبٌ بقدَرٍ»

رواه البزار بسند حسن.

«(Ота-онасига) оқ бўлган, ароқхўр ва тақдирни инкор қилувчи кимсалар жаннатга кирмайди».

(Имом Баззор ривоятлари)

 

(8) Саккизинчи ҳадис: одамларнинг мол-мулкларига солиқ тўлатиб уларга зулм қиладиган кимса.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ صَاحِبُ مَكْسٍ»

رواه الإمام أبو داود وغيره.

«Макс соҳиби (одамларнинг мол-мулкларига солиқ тўлатиб уларга зулм қиладиган кимса) жаннатга кирмайди».

(Имом Абу Довуд ривоятлари).

Турли-туман солиқлар орқали одамларга зулм қилиш энг улкан гуноҳлардан, ҳатто зинодек энг қабиҳ ишдан ҳам улканроқ гуноҳ эканлигига ишора қилинган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифнинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аёл зинодан мукаммал даражада тавба қилганлигига гувоҳлик бериб шундай дедилар:

«وَالذي نفسي بيدِه ! لقد تابت توبةً لو تابها صاحبُ مكْسٍ لغُفِرَ لهُ»

قطعة من حديث طويل رواه الإمام مسلم

«(Бу аёл) шундай тавба қилдики, агар макс соҳиби (одамларнинг мол-мулкларига солиқ тўлатиб зулм қиладиган золим кимса) ҳам шундай тавба қиладиган бўлса унинг ҳам гуноҳи кечириб юбориларди».

Ҳадиси шарифдан олинадиган ибратлардан бири шуки, одамларга зулм қилишга одатланган кимсаларнинг тавба қилиши, тавба қилса ҳам тавбаси қабул бўлиши осон эмас экан. Ундай золим кимса Аллоҳнинг ҳузурида афв этилиши учун жуда ҳам кучли ва мукаммал даражада тавба қилиши керак, худди ўзларини зинонинг охиратдаги азобидан қутқариб, шу дунёдаёқ покланиб олиш мақсадида тошбўрон қилинишларини бир неча йилгача қатъий равишда талаб қилиб туриб олган буюк саҳобийя онамизнинг тавбаларидек жуда ҳам кучли тавба бўлиши лозим. Яна Аллоҳ билувчироқдир.

 

(9) Тўққизинчи ҳадис: қўпол ва тошбағир кимсалар.

Ҳориса ибн Ваҳб Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«لا يَدْخُلُ الجَنَّةَ الجَواظُ ، ولا الجَعْظَرِيُّ».
رواه أبو داود وغيره

«Қўпол кимса ҳам тошбағир кимса ҳам жаннатга кирмайди».

(Имом Абу Довуд ривоятлари)

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам набиралари Ҳасан ёки Ҳусайнни ўпаётганларини кўриб: «менинг ўнта болам бор, биронтасини ҳам ўпмаганман» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бериб дедилар:

«مَنْ لاَ يَرْحَمْ لاَ يُرْحَمْ».

رواه أبو داود والترمذي

«Раҳм-шафқат қилмайдиган кимсага раҳм қилинмайди».

(Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg