Энг улкан гуноҳлар ва энг улуғ ибодатлар

Саҳиҳул-Бухорийдан ўтаётган илмий дарсларимиз асносида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифлари орасидан иборалари қисқа, маънолари жуда ҳам чуқур ва долзарб бўлганларини танлаб-танлаб озгина-озгинадан ўрганиб борамиз, иншоаллоҳ.

Энг улкан гуноҳлар

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«أكْبَرُ الكَبَائِرِ الإشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الوَالِدَيْنِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ».

رواه البخاري ومسلم.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Кабоир (гуноҳи кабиралар)нинг энг улкани: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳликдир».

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Тул аёлга ва мискин – камбағалга ёрдам бериш ажри

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«السَّاعِي عَلَى الأرْمَلَةِ وَالمِسْكِينِ كَالمُجَاهِدِ فِي سَبِيلِ اللهِ»  وأحسبه قال – يشك القعنبي – «وَكَالقَائِمِ لاَ يَفْتُرُ وَالصَّائِمِ لاَ يُفْطِرُ».

رواه البخاري ومسلم.

«Тул (эри ўлган аёл) ва мискин (камбағал) хизматида ҳаракат қилаётган (мўмин) киши худди Аллоҳ йўлида жиҳод қилаётган мужоҳид кабидир».

Имом Қаънабий (имом Бухорийнинг устозлари ушбу ҳадисни ривоят қилаётиб) дедилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна мана бундай дегандилар деб ўйлаяпман:

«… (Кечалари билан) чарчамасдан қоим бўлиб ибодат қиладиган ва (кундузлари) оғзини очмай (емай-ичмай) рўза тутадиган (мўмин) киши кабидир».

(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Ибрат:

1. Энг улкан савоблар Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиб яшаган мўмин ва мўминаларга берилади. Ибодат эса фақатгина намоз ва рўзалар билан чекланмаган. Бева-бечораларга, етим-есирларга холис Аллоҳ учун, зарра миқдорича миннат қилмасдан ёрдам бериб яшаш ҳам ибодатнинг энг улуғ турларидан ҳисобланади.

2. Тулларга, беваларга, етимларга, камбағал ва муҳтож инсонларга ёрдам бериш осон, лекин бу ишларни холисона бажариш ва ана шу холисликда собитқадам тура олиш осон эмас. Баъзилар зоҳирларидан Аллоҳ учун, ичларида эса дунёвий манфаатларни кўзлаган ҳолларида ёрдам қўлини чўзадилар. Ундайлардан бўлиб қолишдан Аллоҳ Ўзи асрасин. Холис Аллоҳ учун ёрдам бериш осон бўлмаганлиги учун ҳам Охиратда мана шундай улуғ ажрлар ваъда қилинган. Зеро, жаннатга кира олиш учун инсу жин шайтонлари ва ҳавои нафс ҳужумларига қарши курашда собитқадам туриб бериш даркор.

3. Тул ва мискинга холис ёрдам берган киши учун шундай улуғ ажрлар берилар экан, тул ва мискинларнинг ўзларининг ажру савоблари ва жаннатдаги мақому мартабалари қандай бўларкин? Ақлли инсон мана шундай тафаккур қилади ва уларга паст назар билан эмас, балки ҳавас назари ила боқади. Тул ва мискин бўлиб қолган кишилар – агар бошларига тушган мусибатларга Аллоҳ учун сабр қилиб яшасалар – жаннатда жуда ҳам улуғ мақомларга кўтариладилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{وَلَنَبْلُوَنَّكُم بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ (155) الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُم مُّصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ (156) أُولَٰئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ (157)}

[البقرة: 155-157]

«Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: « Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли (мўмин)ларга хушхабар беринг (эй Расулуллоҳ). Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар (ҳақ йўлга) ҳидоят қилинган зотлардир».

(Бақар сураси, 155-157 оятлар).

{إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُم بِغَيْرِ حِسَابٍ}

[الزمر: 10]

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур».

(Зумар сураси, 10-оят).

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg