Қиёмат куни Арш соябонида роҳат олиб ўтирадиган етти тоифа мўминлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Аллоҳ таоло етти тоифа (мўминлар)ни Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда (яъни Қиёмат куни) Ўзининг соясида (Арши аъло остида) соялантиради:

(Ана шундай улуғ мақомга кўтариладиган етти тоифа мўминларнинг биринчилари) одил имом (мўмин-мусулмон адолатпарвар раҳбарлар) ;

(Иккинчилари) Аллоҳга тоат-ибодатда улғайган йигит(ва қизлар) ;

(Учинчилари) қалби масжидга боғланган (намозни, жамоатга эрта бориб биринчи сафда туриб ибодат қилишни қаттиқ суйган обид) киши(лар) ;

(Тўртинчилари) бир-бирларини Аллоҳ учунгина яхши кўрган икки киши. Улар Аллоҳ учун муҳаббатлашганлари учун жамланадилар ва Аллоҳ йўлида тарқаладилар;

(Бешинчилари) обрў-эътиборли ҳамда гўзал аёл уни ўзига чақирган (зинога чорлаган) вақтда: “Мен Аллоҳдан қўрқаман” деган (фаҳш ишлардан ва унинг барча воситаларидан ўзини олиб қочадиган) киши(лар ва иффатларини ана шундай асраб яшайдиган мўмина аёллар);

(Олтинчилари) ўнг қўли берган садақани чап қўли ҳам билмай қоладиган даражада (жуда ҳам қаттиқ) махфий равишда (холисона Аллоҳ учун) садақа қилувчи киши. (Ихлосига путур етиб қолмаслиги учун садақасини барча одамлардан қаттиқ яширади. Чунки биров билиб қолса садақа берувчининг нафси шодланиб, одамларнинг мақтовига мойил бўлиб, ихлосига зарар етиб қолиши хатари кучли бўлади. Аллоҳга мухлис киши эса ундай хатардан ўзини узоқ тутади) ;

(Еттинчилари) ёлғиз қолган пайтлари Аллоҳни ёд олиб – зикр қилиб, икки кўзидан ёш оққан (Ягона Аллоҳ учун йиғлаган) кишилар (ва ана шундай мўмина аёллардир)».

(Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқа бир қатор муҳаддис имомлар ривоят қилганлар)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi