Динимиз рухсат берган ихтилофлар ҳақиқий бағрикенглик
Савол:
Саволим бориди. Биз ҳозир Швецияда – Стокгольмда яшаймиз. Бу ерда рамазонинг биринчи кунини баъзилар 16 май, бошқалар 17 май деб эълон қилишди. Кимники тўғри? Кейин бу ерда саҳарлик ва ифторлик вақтлари ҳам ҳар-хил, туркларники арабларникидан сал бошқачароқ. Қайси бирига қараб тутайлик?
Олдиндан рахмат, Аллоҳ рози бўлсин…
Жавоб:
Бу каби ихтилоф динимизда рухсат берилган ихтилоф. Холис ният ва дилал-ҳужжатга асосланган ихтилофлар Исломнинг нақадар бағри кенг дин эканлигини кўрсатади. Саҳобаи киромлар ҳам жуда кўп масалаларда ихтилоф қилишган. Бир қанча масалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли фикрларга бўлинган саҳобаларнинг барчаларини тўғри йўлда эканликларини таъкидлаганлар.
Оддий мисол, Қуръони карим ҳам бир неча қироатлар билан ривоят қилинган. Яъни, Аллоҳнинг ҳузуридан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ана шундай турли қироатлар билан нозил бўлган. Бу Аллоҳнинг яна бир мўъжизаси, аслида. Хилма-хил қироатлар, лекин бир-бирига қарама-қарши эмас. Аксинча, бир-бирини қўллайдиган янги-янги маъноларни ифода этади. Бу эса, ўз навбатида Қуръони каримнинг чексиз уммон эканлигини яққол кўрсатиб турадиган ҳақиқат.
Шариатимиз мақтайдиган ихтилофга яна бир мисол, Бани Қурайза ғазотида аср намозини қачон ўқиш масаласи бўйича йўлда кетаётган бир гуруҳ саҳобалар икки тоифага бўлиниб, ҳар икки тоифа ўзларининг далил-ҳужжатларига таяниб, айни дамда бир-бирларининг тушунчаларини ҳурмат қилиб, бирлари олдинроқ, иккинчилари кейинроқ, алоҳида-алоҳида бўлиб, намоз ўқишгани қиссаси. Бу воқеадан кейинроқ хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар иккала гуруҳнинг ишларини маъқуллаганликлари маълум ва машҳурдир.
Бугунги кунимизда ҳам рамазон ойини бошлашда, ҳайит кунини белгилашда, ифторлик ва саҳарлик вақтларини аниқлашда рўй бераётган ихтилофларда ҳар ким Аллоҳ унга ўргатганича, қалби – иймони хотиржам бўладиган аҳл илм устозга эргашиши мумкин.
Сизлар ҳам илм билан, тақво билан фатво бераётган жамоат бошлиқларига эргашаверинглар. Айни вақтда бошқа жамоатга эргашаётган биродарларингизни асло маломат қилманглар, улар ҳам ўзлари ишонган аҳли илм ва аҳли тақво устозларга эргашаяптилар, деб яхши гумонда бўлиб, бирга бажариш иложи бўлган хайрли амалларни бирга бажарилаверади, бирга бажариш имкони бўлмаса барча томонлар бир-бирларига яхши гумонда бўлиб, йўлларида давом этаверишлари керак.
Валлоҳу аълам.
Ислом Овози таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•