Бемор бўлиб вафот этиш фазилати

Мусулмон киши вафот этишидан олдин маълум муддат бетоб бўлиб ётиши Аллоҳнинг марҳаматларидан, илоҳий фурсатлардан биридир. Чунки, у ана шундай бебаҳо муҳлат асносида ҳаёти давомида йўл қўйган барча гуноҳлари ва хато-камчиликлари учун тавба-тазаррулар қилиб олишга улгуради.

Тўсатдан вафот этиб қолишда эса гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилолмай қолиш хавфи жуда кучли. Инсон зоти ҳар куни билиб-билмасдан қанча-қанча гуноҳларга, хато-камчиликларга йўл қўйиб юради.

Улуғ зотлар «ажалнинг тўсатдан келиб қолиши илоҳий ғазаб бўлиши эҳтимоли бор» деб, Аллоҳдан тақво қилиб, Ягона Ўзига тазарру этиб, қўрқиб турардилар.

Кофиру золим, фосиқу фожир кимсаларнинг устига тўсатдан азоб юборилишидан Аллоҳ таоло кўп огоҳлантирган. Жумладан, қуйидаги ояти карималарда ҳам айтадики:

{وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا إِلَىٰ أُمَمٍ مِّن قَبْلِكَ فَأَخَذْنَاهُم بِالْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّعُونَ (42) فَلَوْلَا إِذْ جَاءَهُم بَأْسُنَا تَضَرَّعُوا وَلَٰكِن قَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (43) فَلَمَّا نَسُوا مَا ذُكِّرُوا بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّىٰ إِذَا فَرِحُوا بِمَا أُوتُوا أَخَذْنَاهُم بَغْتَةً فَإِذَا هُم مُّبْلِسُونَ}

[الأنعام: 42-44]

«(Эй Расулуллоҳ), маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишгач), шояд тавба-тазарру қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз. 43. Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарру қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарру қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон қилиб юрган ишларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандир. Энди — ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод бўлиб (фахрланиб) турганларида, уларни тўсатдан ушладик (бошларига улкан азобимизни туширдик). Бас, бутунлай умидсизликка учрадилар».

(Анъом сураси, 42-44 оятлар)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак дуоларидан бирида Аллоҳга илтижо қилиб айтадилар:

«اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ».

«Эй Аллоҳ, Сенинг неъматларинг кетиб қолишидан, офиятинг (бало-мусибатларга) ўтиб кетишидан, тўсатдан келиб қоладиган интиқомингдан ва барча турли ғазабларингдан Ўзинг менга паноҳ бергин».

(Имом Муслим ривоятлари, 2739-ҳадис)

 

Тамим ибн Салама раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Орамиздан бир киши тўсатдан ўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бўлган бир киши айтди:

«(Бундай ҳалок эттириш) ғазаб ила ушлашдир!».

Саҳобий киромнинг ушбу сўзларини Иброҳим (Ан-Нахаий) раҳимаҳуллоҳга зикр қилинди. Шунда у зот бунга изоҳ бериб айтди:

«Улар (Расулуллоҳ алайҳиссалом, саҳобаи киромлар ва улуғ инсонлар) ғазаб ила ушлашдек ҳалок бўлишдан қўрқишарди».

(Ибни Аби Шайба ривоятлари, 3/370)

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам 13 кунга яқин бетоб бўлиб ётганларидан сўнг вафот этганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбларимиз иймон лаззатлари билан тўлган ҳолида, Аллоҳга энг яқин бўлган лаҳзаларимизда вафот этишимизни насиб айласин …

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi