Етти хил бобда қайта-қайта такрорланган ҳадис ва унинг ҳикматларидан намуналар
«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи
Имом Бухорий саҳиҳ тўпламларини ниятни холис қилиш аҳамияти ҳақидаги ҳадиси шариф билан бошлаганликларига ўтган суҳбатимизда бироз изоҳ бериб ўтдик.
Бугунги дарсимизда ушбу муборак ҳадисни имом Бухорий яна бошқа олтита бобда турли санадлари билан (яъни, бошқа-бошқа устозлардан) бир қанча илмий масалаларга ишора қилган ҳолларида ривоят қилганларини ёдга оламиз.
Биринчиси мана шу ерда Саҳиҳул-бухорийдаги энг биринчи ҳадис ўлароқ ривоят қилдилар.
Иккинчиси, Иймон китобида «Амаллар ният биландир…» деган бобда ривоят қилганлар (54-ҳадис).
Учинчиси, «Озод этиш китоби»нинг озод қилиш, талоқ қилиш ва шунга ўхшаш масалаларда унутиш ёки хатога йўл қўйиш, озод қилишда фақат Аллоҳ таолонинг Юзини ният қилиш шартлиги ҳақидаги бобда (2529-ҳадис).
Тўртинчиси, «Ансорийларнинг фазилатлари» китобида «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва асҳобларининг Мадинага ҳижрат қилишлари» бобида (3898-ҳадис).
Бешинчиси, Никоҳ китобининг «Бирор аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилган ёки бирор яхши амал қилган киши нимага ният қилган бўлса ўша нарсаси (берилиши ёки номаи аъмолига битиб қўйилиши) ҳақидаги боб»да (5070-ҳадис).
Олтинчиси, «Қасамлар ва назрлар китоби»нинг «Қасамлардаги ният боби»да (6689-ҳадис).
Еттинчиси, «Ҳийлалар китоби»да «Ҳийла қилиш йўлларини тарк этиш» бобида (6953-ҳадис).
Биринчи ривоятдан бошқа барча ривоятларда ҳадиси шарифнинг қуйидаги зиёдаси мавжуд:
«Кимники ҳижрат қилиш(дан кўзлаган ният)и Аллоҳ ва Унинг расулига (етиш) бўлса, бас унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг расулига (етиш учун бўлган деб ёзилади)».
* Шу ерда савол туғилади:
Нима учун имом Бухорий ҳадиси шарифнинг мана шу зиёдаси билан келган ривоятлардан биронтасини биринчи ўринда зикр қилмадилар?
Бунинг жавобини баъзи уламолар қуйидагича шарҳлаганлар:
(1)
Имом Бухорий жуда ҳам камтар, Аллоҳдан мукаммал даражада ҳаё қиладиган тақводор зот эдилар. Шу боисдан ўзларини ўзлари мақтаётгандек бўлиб қолмаслик учун «… бас, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг расулига (етиш учун)…» деган зиёдаси билан келган ривоятларни биринчи ўринга қўймаганлар.
(2)
Яна бир сабаби, биринчи ўринда келтирилган ривоятдаги устозлари маккалик ва Қурайш қабиласидан бўлган муҳаддис имом эди. (У ҳам бўлса имом Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Ийсо Ал-Маккий Ал-Қураший Ал-Ҳумайдий).
Маккаи мукарраманинг, Қурайш қабиласининг ҳурмати туфайли ва ваҳийнинг бошланиши Маккаи мукаррамада бўлганлиги учун ҳам ана шу маккалик қураший устознинг ривоятини биринчи ўринда зикр қилганлар.
Валлоҳу аълам.
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
«Ислом Овози» таҳририят аъзоси
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•