Тўхтабой масжиди фаолларидан Абдураҳмон ака Охиратга риҳлат қилдилар

«Инна лиллаҳи ва инна илайҳирожиъун»

Кеча – Душанба (2018 йил 30-апрел) Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида мусулмонларнинг яна бир азамат ўғлони муҳтарам Абдураҳмон ака Иброҳимов 58 ёшларида Охиратга риҳлат қилдилар. Жанозалари бугун – Сешанба (2018 йил 1-май) пешин намозида Чимир Ота масжидида ўқилди.

Ушбу таъсирли муносабат билан Ислом Овози таҳририяти у кишининг оила аъзоларига, яқинларига ва Аллоҳ йўлидаги барча биродарларига чуқур таъзияларини изҳор этади.

Аллоҳ таоло Ўзининг мусулмон бандаси марҳум қадрдонимиз Абдураҳмон акани ғариқи раҳмат айласин, Фирдавс жаннатларидаги олий мақомларга кўтарсин.

АБДУРАҲМОН АКА ҲАЁТЛАРИДАН АЙРИМ ИБРАТЛАР

Муҳтарам Абдураҳмон акамиз 1990 йиллардан 1995 йилларгача Тошкент, Эски шаҳар Чақчимон маҳалласида жойлашган Тўхтабойвачча жомеъ мажсидида Аллоҳнинг дини учун ва мўмин-мусулмонлар манфаати йўлида устозимиз шайх Обидхон қори ва барча масжид жамоати аҳли билан биргаликда кўп яхши хизматлар қилганлар.

Ҳаётлари давомида ҳамма инсонларга баробар хушмуомалали, ҳалим, вазмин бўлганликлари, ҳақиқат устида жасорат, шижоат ва собитқадамлик ила турганликлари билан ажралиб турардилар.

Тўхтабой масжидида бир неча йил ҳисобчи бўлиб ишлаганларида масжидга тушган барча хайри эҳсон ва садақаларни жуда ҳам омонатдорлик билан ҳисоб-китоб қилиб борганликларига кўпчилик мусулмонлар гувоҳлар.

90 йиллар охирроғида собиқ ҳукуматнинг зулмлари авжга миниб, минглаган мусулмонлар қамоққа ташланар экан, қатағонлар тўлқини бу акамизни ҳам четлаб ўтмади.

Абдураҳмон ака ҳам «қора рўйхат»га киритилиб, қидирувга тушишлари оқибатида қўшни мамлакат – Қозоғистонга ҳижрат қилдилар. У киши муҳожирликда ҳам қўлларидан келганича Ислом ва мусулмонларга холисона хизмат қилиб яшашдан тўхтамадилар.

2005 йил Андижон қатиломи ортидан Қозоғистондаги вазият ҳам муҳожир ўзбекларга нисбатан оғирлашиб кетди. Натижада Абдураҳмон акани Қозоғистон КНБ си қўлга олиб, Ўзбекистон МХХ сига топшириб юборди.

Шундай қилиб, Абдураҳмон ака мазлум ҳолларида Ўзбекистон қамоқхоналарида узоқ йиллар давомида қийноқ ва азоблар остида қолдилар.

2010 йили Аллоҳнинг марҳамати ила озодликка чиқдилар. Бироқ, ҳеч қандай айблари бўлмаса-да барибир ҳукуматнинг «қора рўйхат»идан исмлари 2017 йил келгунга қадар ўчирилмади.

 

АБДУРАҲМОН АКАДАГИ РОСТГЎЙЛИК ВА ШИЖОАТ НАМУНАСИ

Янги Президент Шавкат Мирзиёев жанобларининг буйруқлари билан 18 мингдан зиёд мазлум мусулмонларни «қора рўйхат»дан ўчириш бошланар экан, Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари ҳаммадан Президент номига афв қилишларини сўраб ёзилган мурожаатга қўл қўйишларини талаб қилишганди.

Шунда Абдураҳмон ака йиғилиш бўлиб турган жойда барчанинг гувоҳлигида ўринларидан туриб, сўзга чиқиб:

«Ҳурматли мажлис ҳайъати, менга нисбатан айтилаётган бундай айбловларнинг биронтасини қилмаган инсон бўлсам, қандай кечирим сўрайман?» деб мурожаат қиладилар.

Саволларига жавоб берган бир мулозим: «Ҳа энди, битта қоғозни шундай қорайтириб берасиз-да» дейди.

Абдураҳмон ака сўзларини яна қайтадан таъкидлаб: «Ўзингиз ўйланг, мен қилмаган ишимни қилгандек бўлиб, ёлғон гапириб кечирим сўрайманми? Қандай қилиб ахир?» деган маънода яна савол берадилар.

Шундан кейин мажлис ҳайъати Абдураҳмон акага қараб: «Бўлди, жойингизга ўтиринг, кейин гаплашамиз», дейишади.

Орадан бир ҳафтача ўтгандан сўнг тумандаги «қора рўйхат»дагиларни назорат қилиб турадиган ИИБ ходимларидан бири Абдураҳмон акани ўз идорасига чақириб: «Ака, сиз рўйхатдан ўчирилдингиз, бўлди! Энди сизни бошқа безовта қилмаймиз!» деб айтди.

Мана, бугун биз ҳам айта оламиз:

Энди Абдураҳмон акани ҳеч ким безовта қилмайди иншоаллоҳ. Умидимиз Ягона Аллоҳнинг Ўзидан. Абдураҳмон ака қабрдаги жаннат боғларидан бир боғда Аллоҳнинг неъматларидан баҳраманд бўлиб, роҳату фароғатда ётсинлар. Охират қойим бўлганда эса, Аллоҳ барчаларимизни Ўзининг Фирдавс жаннатларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ этсин, Ўзининг жамолини томоша қилиб абадий неъматларда яшашимизни насиб этсин. Омин , Ё Раббал-оламийн.

Ислом Овози таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi