Саҳиҳул-Бухорийнинг 1-ҳадиси ва у нима учун биринчи ўринда келтирилгани баёни
«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи
Имом Бухорий «Ал-Жомиус-саҳиҳ» (саҳиҳ ҳадислар тўплами) китобларининг аввалида ёзадилар:
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий кела бошлаши қандай бўлган эди? Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: «(Эй Муҳаммад) Албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби сизга ҳам ваҳий қилдик». (Нисо сураси, 163-оят)
(Биринчи ҳадис)
Бизга (устозимиз Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Ийсо Ал-Маккий) Ал-Ҳумайдий ҳадис ривоят қилиб айтди: Бизга (устозимиз) Суфён (ибн Уяйна ўз устозлари) Яҳё ибн Саид Ал-Ансорийдан ҳадис ривоят қилиб деди: Яҳё ибн Саид Ал-Ансорий сўзлади: Менга Муҳаммад ибн Иброҳим Ат-Таймий (ўз устозлари) Алқама ибн Ваққос Ал-Лайсийдан эшитганини хабар бериб деди: Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу минбарда туриб айтаётганларини эшитдим: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (қуйидагича) сўзлаётганларини эшитдим:
«Албатта амаллар ниятлар биландир ва Шубҳасиз ҳар бир киши учун у ният қилган нарсаси (битилади). Бас, кимники ҳижрат қилиш(дан кўзлаган ният)и бирор дунё(вий манфаат)га етиш бўлса ёки бирор аёлни никоҳига олиш бўлса, бас, унинг ҳижрати (ана шу) ҳижрат қилган нарсаси учун (бўлган деб ёзилади)«.
(Яъни, бундай инсон Аллоҳ учун ҳижрат қилиш савобидан маҳрум бўлади, номаи аъмолига «бу кимса дунё учун ёки севган аёлига етиш учун ҳижрат қилган» деб ёзиб қўйилади, ичида шундай ният қилганлиги туфайли. Зоҳири худди Дин йўлида ҳижрат қилгандек бўлиб кўрингани Охиратда унга фойда бермайди, Аллоҳ асрасин).
БУ ҲАДИС НИМА УЧУН БИРИНЧИ ЎРИНДА КЕЛТИРИЛДИ?
Имом Бухорий «Саҳиҳул-Бухорий» тўпламларини ниятни холис қилиш аҳамияти ҳақидаги ушбу муборак ҳадис билан бошладилар.
Яна бошқа бир қатор буюк имом-алломалар ҳам китобларини мана шу ҳадисни ривоят қилиш билан бошлаганлар. Ҳатто имом Абдураҳмон ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ айтганларки: «Китоб ёзмоқчи бўлган киши ушбу ҳадис билан бошласин … Мен агар бир қанча бобларга ажратиладиган китоб ёзадиган бўлсам, бу ҳадисни ундаги ҳамма бобларга киритаман». («Жомиул-улум вал-ҳикам» китоби).
Имом Бухорийнинг ушбу тартибларидан кўзлаган мақсадлари ва ишора қилмоқчи бўлган ҳикматлари ҳақида шориҳлар (Саҳиҳул-Бухорийни шарҳлаган муҳаддис ва фақиҳ уламолар) бир қанча қавлларни зикр қилишган.
Жумладан, ушбу ҳадисни биринчи ўринда ривоят қилиб келтириш билан имом Бухорий энг аввало ўзларига ўзлари насиҳат қилаётандек:
«Ушбу хайрли амалингдан ҳам бошқа солиҳ амаллардан ҳам, айниқса илм олиш ва илм тарқатишдан олдин энг аввало ниятингни холис Аллоҳ учун қилиб олгин!«.
ВАҲИЙ БОШЛАНИШИ БОБИГА БУ ҲАДИСНИНГ ҚАНДАЙ АЛОҚАСИ БОР?
Шориҳларнинг жавобларидан бу ўринда қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўладиган илоҳий ваҳийларда бандалар бажаришлари лозим бўлган шаръий амаллар баён қилинади. Ана шу шаръий амалларнинг энг биринчи пойдевори ниятни Аллоҳ учун холис қилишдир.
2. Ниятни холис қилиш ҳақидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат масаласини зикр қилдилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари халойиқ орасидан ажраб, одамлардан холи жойга – Ҳиро ғорига бориб, худди Аллоҳга ҳижрат қилгандек бўлишларидан, Аллоҳга муножот қилиб ўтиришларидан бошланди.
Валлоҳу аълам.
(Давоми бор)
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
«Ислом Овози» таҳририят аъзоси
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•