Яқин кунларда «Саҳиҳул-Бухорийдан илмий дарслар» силсиласи

Аллоҳнинг мадади ила Саҳиҳул-Бухорий китобидан илмий дарслар силсиласини бошлаш ниятидамиз, иншоаллоҳ.

Дарсларимиз ҳозирча фақат матн тарзида сайтимизга ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга қўйиб борилади. Келажакда, иншоаллоҳ бу дарсларни аудио ва видео шаклда тақдим этиш ниятимиз ҳам бор.

Бу дарсларда «Саҳиҳул-Бухорий»нинг бошидан охиригача ҳаммасини мукаммал даражада таржима қилиб ва шарҳлаб чиқмоқчи эмасмиз. Зеро, бу узоқ йилларга чўзиладиган жуда ҳам улкан илмий лойиҳа.

Биз ҳозирча китобнинг бошидан бошлаб, илмимиз етганича муҳим ҳадислар ичидан яна ҳам муҳимроқлари деб билганимизни, айниқса энг аввало омма халқ ва бошланғич талабаларнинг савияларига муносиб келадиганларини танлаб-танлаб, енгил изоҳлар билан тақдим этиб бориш истагидамиз.

Ҳар бир эзгу ишда Меҳрибон Парвардигоримизнинг мадади ва тавфиқини дуо-илтижолар билан сўраб қоламиз.

 

«САҲИҲУЛ-БУХОРИЙ»ГА БУ ҚАДАР ЭЪТИБОР НИМА УЧУН ?

Маълумки, буюк аллома, амирул-мўминин фил-ҳадис Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий бобомиз – раҳимаҳуллоҳ – саралаб-саралаб, бир китобга жамлаган ва бутун жаҳонга «Саҳиҳул-Бухорий» деб танилган ҳадислар тўплами Қуръони каримдан кейинги энг биринчи ўринда турадиган улуғ китобдир.

Бу китобни Ислом уламолари бир овоздан қабул этишларининг сабаби имом Бухорийнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандайдир қариндошчилиги ё у зотнинг авлодлари билан таниш-билишчилик қилгани ёки Бухорои шариф деб мақталадиган диёрда таваллуд топгани учун эмас, асло! (Бухорони дунёга танитган китоб Саҳиҳул-Бухорийдир. Кўпчилик халқлар шу китобни эшитиб «Бухоро деган шаҳар боракан, Бухорий деган олим ўтган экан» деб илм ва уламоларга эҳтиромларини изҳор этиб келмоқдалар).

Саҳиҳул-Бухорий Қуръони каримдан кейинги даражадаги энг улуғ мақомга кўтарилиши, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари орасидан энг саҳиҳлари жамлангани, уларни жуда ҳам кучли даражада илмий-фиқҳий тартибга солингани ва асрлароша тарихда ўтган буюк алломаларнинг илмий тадқиқотлари ана шу ҳадиси шарифлар ҳақиқатан ҳам саҳиҳ ҳадислар эканини исбот этгани натижасидир.

Саҳиҳул-Бухорийнинг аҳамияти ва бу китоб устида олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳақида ҳар қанча суҳбатлашсак ҳам охирига етишимиз қийин.

Биз бу ерда фақат унинг айрим шарҳлари, қайси босмаси энг ишончли босма эканлиги, кейин ҳадис ва мазҳаб мавзуси ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз холос.

 

«САҲИҲУЛ-БУХОРИЙ»НИНГ ЭНГ ИШОНЧЛИ БОСМАСИ

«Саҳиҳул-Бухорий»нинг энг ишончли ва энг мукаммал босмаларидан бири «Табъати Султонийя» – «Табъати Амирийя» деб танилган босмасидир. Бу босманинг ҳам тарихи узун.

Унинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, Миср диёридаги «Азҳари шариф» деб танилган ва яқин-яқингача Ислом оламидаги энг эътиборли буюк илмий даргоҳ бўлиб келган дорилфунуннинг ўз давридаги мутахассис алломаларидан 16 (ўн олти) та ҳадисшунос уламо биргаликда «Саҳиҳул-Бухорий»нинг янги чоп этилаётган босмасини қайта-қайта текшириб чиққанлар.

Ана шу уламолардан иборат бўлган илмий мажлис Усмонли халифалигининг олийжаноб султонларидан бири бўлмиш «Султон Абдулҳамид Иккинчи»нинг бевосита фармони ила айнан «Саҳиҳул-Бухорий»нинг энг ишончли босмасини бутун дунёга қайтадан тарқатиш мақсадида ташкил этилган.

Шундай қилиб «Табъати Султонийя» (султонлик босмаси) 1313 ҳижрий сана (1895 милодий йил) дан бошлаб Ислом оламида «Саҳиҳул-Бухорий» китобининг энг эътиборли босмаси сифатида эътироф этилган.

 

«САҲИҲУЛ-БУХОРИЙ»НИНГ МАШҲУР ШАРҲЛАРИ

Қуръони каримдан кейинги энг улуғ китоб бўлмиш «Саҳиҳул-Бухорий»га Ислом уламолари қадим-қадим замонлардан кўп шарҳлар ёзиб келишмоқда. Бу мавзуни ҳам кенг ёртиш учун алоҳида китоб ёзиш мумкин.

«Саҳиҳул-Бухорий»га шарҳ ёзган буюк алломалар орасида Ислом оламида эътироф этилган тўрт мазҳаб уламоларидан таниқли муҳаддислар ва фуқаҳолар мавжудлар. Жумладан, имом Ибн Баттол (моликий, 449 ҳ.), имом Ибн Ражаб (ҳанбалий, 795 ҳ.) , имом Ибн Ҳажар (шофеий, 852 ҳ.), имом Бадриддин Айний (ҳанафий, 855 ҳ.) ва бошқалар …

Биз бу ўринда фақат иккита шарҳни эслаш билан чекланамиз:

  • Имом Ибн Ҳажар Асқалоний (шофеий) раҳимаҳуллоҳ (852 ҳ.) ёзган «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳил-Бухорий» китоби (13 жилд) ;
  • Имом Бадриддин Айний (ҳанафий) раҳимаҳуллоҳ (855 ҳ.) ёзган «Умдатул-Қорий шарҳи Саҳиҳил-Бухорий» китоби (11 жилд).

 

«СҲИҲУЛ-БУХОРИЙ» ҲАДИСЛАРИНИНГ ЯНА БИР ХУСУСИЯТИ

«Саҳиҳул-Бухорий» ҳадисларининг хусусиятларидан яна бири шуки, бу китобдаги ҳадиси шарифларнинг санадлари (ровийлар шажараси) «Самоъ тариқи» (ҳар бир шогирд ўз устозидан ўз қулоғи билан этишитиб чиқиши ёки устозга ўқиб бериши ёки ўқиб берилган мажлиснинг бошидан охиригача мукаммал иштирок этиши орқали) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб бугунги кунимизгача узлуксиз равишда давом этиб келмоқда.

Ҳозир ҳам кўпдан-кўп муҳаддис устозлар «Саҳиҳул-Бухорий»ни муттасил (узлуксиз) санадлари билан шогирдларига ривоят қилиб, ижозалар бериб турадилар, алҳамду лиллаҳ.

 

ФАҚАТ УММАТИ МУҲАММАДГА АТО ЭТИЛГАН УЛКАН НЕЪМАТ

Ўқиб турганимиз маълумотлардан Аллоҳнинг Ислом умматига ато этган неъматлари чексиз эканлигини англаймиз. У Зот бизга мана шундай ишончли илмий манбаларни саломат ҳолида асраб бериб келмоқда.

Бундай неъмат бу умматдан бошқа ҳеч кимда йўқ, на бирор бир миллатда ва на бирор бир динда мавжуд.

Зеро, Исломдан аввалги барча самовий китобларнинг ишончли нусхалари йўқолиб кетган, ҳамда уларда авлоддан авлодга бевосита ва муттасил тарзда (ровийлар шажараларини ҳам ёдлаган ҳолда) етказиб турадиган ишончли толиби илмлари ҳам бўлмаган.

Бизнинг эса, нафақат муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг ўзи, балки саҳиҳ ривоятлар билан собит бўлган ҳадиси шарифлар ҳам иккала йўналиш оқрали биргаликда давом этиб келмоқда:

Биринчи йўналиш: Мутахассис уламоларимизнинг илмий тадқиқотлари остида сақланиб келаётган китоблар;

Иккинчи йўналиш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бошлаб бугунги давримизгача узлуксиз равишда- барча замонларда ишончли толиби илмлар ўзларининг устозларидан ўз қулоқлари билан бевосита эшитиб, ўрганиб, санадлари билан бирга ёд олиб келаётганликлари.

 

ҲАДИСНИНГ САҲИҲЛИГИНИ БИЛИБ ОЛИШ БИЛАН «ИШ БИТАДИ»МИ ?

Ҳадиснинг саҳиҳлигини аниқлаш шарт эканлигида шак-шубҳа йўқ.

Бу борада имом Бухорий ва имом Муслим каби буюк муҳаддис алломаларнинг хизматлари жуда ҳам улкан ва беқиёсдир.

Бироқ, ҳадисдаги шаръий ҳукмларни аниқ-тиниқ англаб етиш учун унинг саҳиҳлигини билиб олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу фақат бир босқич холос.

Кейинги босқичларда унинг ичидаги маъноларни чуқур ва атрофлича англаб етиш, бошқа далилларга (баъзан зоҳиридан худди қарама-қарши маъноларга ўхшаб кўринадиган ояту ҳадисларга) нисбатан қайси ўринни эгаллаганлигини (қатъий далолатми ё занний, мутлақми ё муқайяд, умумийми ёки хос, носихми ёки мансух ва ҳоказо…) билиш учун «Истиқро» тарзида (мавзуга алоқадор бўлган барча далилларни ва зарур бўлган шаръий илмларни имкон қадар) чуқур ўрганиб чиқиш лозим бўлади. Чунки, саҳиҳ далиллар ҳеч қачон бир-бирига тескари бўлиб чиқмайди, аксинча доимо бир-бирини қўллаб қувватлайди. Кимгадир айрим ояту ҳадислар бир-бирига зид бўлиб кўринаётган бўлса албатта унинг илми ва фиқҳи ожизлигидан ёки далил қилиб олган ҳадиси саҳиҳ эмаслиги оқибатида шундай бўлади…

Шу ерда мужтаҳид уламолар томонидан эътироф этилган фиқҳий мазҳаблар бутун Ислом уммати учун нақадар зарурлигини ва бу мазҳабларни Аллоҳ бизга улкан неъмат, раҳмат-марҳамат ва енгиллик қилиб берганлигини англаб етамиз. Биз ана шу буюк алломаларнинг мазҳабларини ҳам чуқур ўрганмас эканмиз, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни мукаммал англай олмаймиз.

Шу боисдан уламолар: «Ҳар бир толиби илм ўзи яшаб турган диёрда эътироф этилган фиқҳий мазҳабга асосланиб, уламоларнинг илмий тартибларига риоя қилиб, барча зарур илмларни босқичма-босқич ўрганиб бориши ҳамда исломий жамоат БИРЛИГИНИ ва БАҒРИКЕНГЛИГИНИ асраши зарур…» деган маънодаги насиҳатларини такрор-такрор таъкидлаб турадилар.

Саҳиҳул-Бухорий ва Саҳиҳи Муслим каби ҳадис тўпламлари устида мутахассис муҳаддис уламолар бир неча юз йиллардан буён илмий тадқиқотлар ўтказиб келаётганларидек, мўътабар фиқҳий мазҳабларни ҳам буюк фуқаҳолар ундан кўпроқ замонлардан буён чуқур ўрганиб келмоқдалар.

Ислом оламида «Саҳиҳайн (Бухорий ва Муслим) энг биринчи мақомда турадиган саҳиҳ ҳадислар тўплами» деб эътироф этилган бўлса, тўртта фиқҳий мазҳаблар ҳам «Қуръону Суннатга асосланган – ҳақ йўлдаги мазҳаблардир» деб иттифоқ қилинган.

Соддароқ ибора билан айтадиган бўлсак, Қуръони карим ва ҳадиси шариф илмларини ЧЕКИ ЙЎҚ УММОНга ўхшатишимиз мумкин, фиқҳий мазҳаб ва илмий тартиб асосида талаби илм қилиш эса бамисоли ана шу уммонда сузиб юра оладиган, ундаги улкан хазиналарни топиб, ўрганиб, олиб чиқиб бера оладиган, хавфсизлиги тўла таъминланган ишончли «сувости кема»дир.

Ҳар бир нарсанинг ўзига яраша шарту шароити ва тартиб-қоидаси бўлади. Ҳатто бир уйга ҳам унинг махсус эшиги орқали кириш лозим. Шундай экан, исломий илмларнинг ҳам ўзининг дарвозаларига, тартиб билан кириш йўлларига риоя қилишимиз даркор.

Валлоҳу аълам.

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{وَلَيْسَ الْبِرّ بِأَن تَأْتُوا الْبُيُوتَ مِن ظُهُورِهَا وَلَٰكِنَّ الْبِرَّ مَنِ اتَّقَىٰ ۗ وَأْتُوا الْبُيُوتَ مِنْ أَبْوَابِهَا ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ}

«Уйларга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқинг! Шояд нажот топсангиз».

(Бақара сураси, 189-оят).

(Ояти кариманинг сабаби нузули асосий мавзумизга бевосита алоқадор бўлмаса-да, ундаги ишоралардан, кенг қамровли маънолардан яна бошқа ибратли ҳикматларни ҳам ўрганишимиз мумкин).

{وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا ۚ وَاذْكُرُوا نِعْمَتَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنتُمْ عَلَىٰ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا ۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ}

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Ислом динига маҳкам) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай баён қилади».

(Оли Имрон сураси, 103-оят)

Муҳиддин Обидхон қори ўғли
«Ислом Овози» таҳририят аъзоси

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi