«Намоз бу – ҳаётдир!»
Баъзи ота-оналар ўз фарзандларини ёшлигидан бошлаб улуғ инсон бўлиб улғайишга ўргатишларини кўриб жуда-жуда ҳавасим келади.
Яқинда бир 5-6 ёшли болакайни масжидда хутба қилишга машқ қилдиришаётгани видеолавҳасига кўзим тушди. Бир киши унга «жамоатга намоз аҳамияти ҳақида гапириб бер» деган эди, болакай: «НАМОЗ БУ – ҲАЁТДИР! …» деди.
Аллоҳу акбар.
Ҳақиқатан ҳам, намоз ўқийдиган инсон бахтли ҳаёт кечиради. Бенамоз кимса эса худди ўликдек, балки ундан ҳам ёмонроқ аҳволда қолади. Аллоҳ асрасин.
Барчаларимизни йўқдан бор қилган Зот инсону жинларни нима учун яратгани ҳақида хабар бериб марҳамат қилади:
«Жин ва инсни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим«.
(Зориёт сураси, 56-оят).
Намоз шундай ибодатки, Аллоҳ таоло уни фарз қилиш учун Меърож кечаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўзининг ҳузурига кўтариб олиб, осмону фалаклар устида, жаннатда бўлиб турган лаҳзаларида фарз қилди. Яъни, намоз ўқиётган киши худди жаннат ичида яшаётгандек!
Намоз шундай ибодатки, унинг фарзлиги ақл-ҳуши жойида бўлган, шаръий узри бўлмаган, тирик инсонларнинг зиммаларидан ҳеч қачон соқит бўлмайди. Ҳатто энг оғир ҳолатларда қолган инсон ҳам беш вақт фарз намозни қурби етганича бажо этиши шарт. Ётган жойидан туролмайдиган беморлар, душманлар қамалида – хавфу хатар остида қолганлар, ҳеч бўлмаганда бошларини ҳаракатлантириб, имо-ишора билан қаср ва жам қилиб бўлса ҳам адо этишлари лозим. (Шаръий узр деб ҳайз ва нифос ҳолатидаги аёллар кўзда тутилмоқда. Улардан ана шундай ҳолатда намоз вақтинча соқит бўлиб туради).
Меҳрибон Парвардигоримиз яна марҳамат қилади:
«Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар! Энди агар (душман ҳужумидан) хавфда қолсангиз, пиёда ёки минган ҳолингизда (ибодат қилаверингиз!) Қачон хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни (Аллоҳ) қандай ўргатган бўлса, шундай ҳолда (яъни намознинг барча арконларини ўрнига қўйиб) Аллоҳни зикр қилингиз!»
(Бақара сураси, 238-239 оятлар)
Намоз шундай ибодатки, унинг ҳаловатини билган киши, ҳеч қачон намоздаги иймоний лаззатлардан тўймайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:
«Менинг шод-хуррамлигим намоз қилиб берилди!…».
(Саҳиҳул-жомеъ, 3098-ҳадис).
«Улар (ҳақиқий мўминлар) иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олур!«.
(Раъд сураси, 28-оят)
Аллоҳ таоло фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб ҳақиқий мўмин-мусулмон мард йигитлар қилиб улғайтира олишимизга муваффақ айласин, ораларидан имом Абу Ҳанифа, имом Ибн Муборак, имом Бухорий, имом Термизийлар каби бутун дунёга гўзал ибрат-намуна бўладиган алломалар, мутафаккирлар, ақлу заковат, сиёсату шижоатда пешқадам бўладиган мужоҳиду қаҳрамонлар етишиб чиқишини насиб этсин …
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
«Ислом Овози» таҳририят аъзоси
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•