Аёлини қаттиқ севган, илк кутубхонага асос солган кимёгар олим шаҳзода

Бўлимлар: Рисолалар

Уламолар ҳаёти ҳақида туркум мақолалар

Тарихда биринчи бўлиб омма халқ учун кутубхона ташкил этган киши Муовия розияллоҳу анҳунинг набираси амир Холид ибн Язид ибн Муовия раҳимаҳуллоҳ бўлганлиги ривоят қилинган.

У киши халифанинг ўғли – шаҳзодалиги билан бир вақтда кимёгар олим ҳам бўлган. Отаси Язид ибн Муовия ва акаси Муовия ибн Язиддан сўнг халифа бўлиши мумкин эди, ҳаракат ҳам қилган. Бироқ ўз қариндоши Марвон ибн Ҳакамнинг сиёсатга усталиги ва кучлироқ бўлганлиги туфайли у билан талашмасликни афзал билиб, умрини илму маърифат тарқатишга бағишлаган.

* Аёли :

Холид ибн Язид раҳимаҳуллоҳ Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг қизи Рамла бинти Зубайр раҳимаҳаллоҳга уйланган. Рафиқасини қаттиқ севиб, у билан умрининг охирига қадар яшаган ва у ҳақда шеър ҳам ёзган. Жумладан қуйидаги мисра:

أحب بني العوام طراً لأجلها                               ومن أجلها أحببت أخوالها كلبا

Маъноси:

 “У (аёлим) учун Аввом ўғлонларининг барчаларини севдим, у (аёлим) учун унинг тоғалари – Бани Калб қабиласини ҳам севдим”.

Маълумки, Рамла раҳимаҳаллоҳнинг отаси Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг улуғ асҳобларидан, ҳаётлик чоғида жаннатга башорат берилган “ашараи мубашшарин”дан бирлари. У кишининг кўпдан-кўп фазилатларини баён қилиш учун бутун бир жилдли китоб ёзиш керак. Араб тилида аллақачон ёзиб ҳам бўлинган. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин … 

* Вафоти:

Холид ибн Язид ибн Муовия раҳимаҳуллоҳ 84 ҳижрий сана (704 милодий йил) 50 ёшида вафот этган.

 

* Ҳикматли сўзларидан намуна:

– У кишидан сўрашди: (Инсонга) энг яқин нарса нима?

– Жавоб берди: Ажал! (Вафот соати).

– Энг узоқ нарсачи?

– Орзу – ҳавас!

– Энг яхши умидворлик нима?

– Амал қилиш! (Охират ҳаётини обод этиш учун амал қилиб яшаш).

 

* Камтарлиги:

Кутубхонага асос солганидан сўнг айтади:

“(Барча) китобларни тўплашга қизиқдим (ва ҳаракат қилдим). Бироқ, мен уламолардан эмасман ва жоҳил (илмсиз)лардан ҳам эмасман!”.

 

Манба:

Бир неча китоблардан жамланди. Охирги нақлни имом Ибн Абдилбар раҳимаҳулоҳ “Жомиу баёнил-илм ва фазлиҳи” китобида келтирган: 1/533.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi