«Ваҳий бошланиши қандай бўлган эди?…» (3-ҳадис)
«Саҳиҳул-Бухорий»дан илмий дарслар силсиласи
(Учинчи ҳадис)
(Имом Бухорий айтдилар:) Бизга (устозимиз) Яҳё ибн Букайр ҳадис ривоят қилиб деди: Бизга (устозимиз) Лайс (ибн Саъд ўз устозлари) Уқайл (ибн Холид ибн Ақил)дан ҳадис ривоят қилиб деди: Уқайл (ўз устозлари машҳур имом Муҳаммад) Ибн Шиҳоб (Аз-Зуҳрий)дан, Ибн Шиҳоб (ўз устозлари улуғ тобеий) Урва ибн Зубайр (ибн Аввом) раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилди. У киши (Урва ўз холалари) Уммул-мўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
Уммул-мўминин Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг биринчи ваҳий бошланиши уйқу асносида келадиган «Руъя солиҳа» (ҳаққу рост тушлардан иборат) бўлган. Туш кўрсалар, ана шу тушларида кўрган нарсалари ўнгиларида (уйқудан турганларидан кейин) худди тонг ёришиб чиққанидек (ҳаққу рост) бўлиб келарди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёлғизлик (бир ўзлари холи жойда Ягона Аллоҳга ибодат қилиб ўтириш) севимли қилиб қўйилди. Ҳиро ғорида холи қолиб, ибодат қилардилар, то аҳл-оилаларини соғиниб кетгунларига қадар. (Ҳиро ғорида холи қолиш учун керакли) озуқаларни тайёрлаб (ўзлари билан бирга кўтариб) олиб кетардилар. Кейин (аҳл-оилаларига соғинчлари кучайганида) Хадижа (онамиз) олдиларига кириб келардилар. Кейин яна (навбатдаги хилватлари учун) озуқаларини тайёрлардилар.
(Шу йўсинда давом этдилар, то) у зот Ҳиро ғорида бўлиб турган пайтлари ҳақ келди (Аллоҳнинг ваҳйи бошланди). Бас, Малак (фаришта Жаброил алайҳиссалом) келиб: «Ўқинг!», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб бериб: Мен ўқувчи (ўқишни биладиган инсон) эмасман!, дедилар.
(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу воқеани ҳикоя қилиб бера туриб) айтадилар:
Бас, у (Жаброил) мени ўзига олиб ҳолимни қуритадиган даражада (жуда қаттиқ) сиқди, кейин қўйиб юбориб (яна) : «Ўқинг» деди. Мен (яна) : Мен ўқувчи (ўқишни биладиган инсон) эмасман!, дедим.
Бас, у (Жаброил) мени яна иккинчи марта ўзига олиб, (жуда қаттиқ) сиқиб ҳолдан тойдирди, кейин қўйиб юбориб: «Ўқинг!», деди.
Мен (яна) : Мен ўқувчи (ўқишни биладиган инсон) эмасман!, дедим.
Бас, у (Жаброил) мени яна учинчи марта ўзига олиб (ҳолдан тойдирадиган даражада қаттиқ) сиқди, кейин қўйиб юбориб деди:
{اِقْرَأ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ * خَلَقَ الإنْسَانَ مِنْ عَلَق * اِقْرَأْ وَرَبُّكَ الأكْرَمُ}.
«(Эй Расулуллоҳ, барча мавжудотларни) яратган зот бўлмиш Раббингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У Зот инсонни алақ (лахта қон)дан яратди. Ўқинг! Зеро, сизнинг Парвардигорингиз энг сахавотли зотдир…».
(Иқраъ сурасининг аввалги оятлари).
(Оиша онамиз қиссани давом эттириб айтадилар) :
Шундан кейин мана шу (оятлар) билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалблари титраган ҳолларида қайтиб, Хадижа (онамиз)нинг олдиларига кириб бориб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!», дедилар. Бас, у зотни (кўрпалар билан) ўраб қўйишди, то (маълум вақт ўтиб ичларидаги) қўрқув кетди. Кейин (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадижа (онамиз)га бўлган воқеани айтиб бериб:
«Менга бирон нарса бўлиб (ёмонлик етиб) қолармикин деб қўрқиб кетдим» дедилар.
Шунда Хадижа розияллоҳу анҳо (у зотга юзланиб) дедилар:
«Йўқ, Асло! Аллоҳга қасамки, сизни Аллоҳ ҳеч қачон хор қилмайди! Чунки сиз силаи раҳм (қариндошларингизга яхшилик) қиладиган, тоқатдан қолганларни кўтарадиган, ҳеч нарсаси қолмаган (фақиру мискин)ларга эҳсон қилиб юрадиган, меҳмонларга таомлар бериб (саховатпешалик қиладиган), ҳақдорларнинг ҳақларини олиб беришда ёрдам берадиган (жуда улуғ олийжаноб) инсонсиз!».
Кейин Хадижа (онамиз) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдилуззо – Хадижанинг амакиваччаси ҳузурига олиб бордилар. У киши (Варақа) жоҳилият (Ислом дини келишидан олдинги давр)да насронийликка ўтган (Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қиладиган насроний бўлган) эди, иброний ёзувларни (араб тилига таржима қилиб) ёзарди. Инжил (Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган китоб)ни иброний тилда Аллоҳ қодир қилганича ёзиб борарди. (Варақа илмда шу даражага етган эдики, Инжил тили – сирёнийчани ҳам Таврот тили – ибронийчани ҳам мукаммал ўрганиб олганди). Улуғ ёшга етиб (қариб қолганидан кейин) кўзи ожиз бўлиб қолганди.
Хадижа (онамиз розияллоҳу анҳо Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга ана шу Варақа ибн Навфал олдига бориб) унга айтдиларки: Эй амакимнинг ўғли! Жиянингиз (Муҳаммад алайҳиссалом)дан (бўлган воқеани) эшитинг.
Варақа (Муҳаммад алайҳиссалома қараб) деди:
Эй жияним! Нима(ларни) кўраяпсиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрган нарсаларининг хабарини айтиб бердилар.
Шунда Варақа айтди:
Бу зот Мусо алайҳиссаломга туширилган Ан-Номус (яхши сирларни биладиган ва пайғамбарларга етказадиган фаришта) ку! Кошкийди мен бу вақтда (Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарлик даврлари бошланаётганда) ёш йигит бўлсам эди, кошкийди мен сенинг қавминг (ўз ватанингдан ҳайдаб) чиқариб юборадиган куни келганда тирик бўлсам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Варақанинг сўзларидан ҳайрон бўлиб) : улар (менинг қавмим) мени чиқариб юборишадими?!
Варақа деди:
Ҳа! Қайсики бир киши (ҳар бир пайғамбар) сен олиб келган нарса (Аллоҳнинг ваҳйи) билан келар экан, албатта унга душманлик қилинади! Сенинг кунингга (сенга қарши душманликлар қилинадиган кунга) мен етиб борсам албатта сенинг ёнингда туриб, сенга (бор куч-қувватим билан) ёрдам бераман!
Шундан сўнг Варақа кўп вақт ўтмасдан вафот этди. Ваҳий анча вақтгача тўхтаб турди.
(Саҳиҳул-Бухорий, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий кела бошлаши қандай бўлган эди?…» деб номланган биринчи боб, 3-ҳадис).
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
«Ислом Овози» таҳририят аъзоси
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•