40 ёшга етдик – сафар яқинлашди
40 йил умрим худди кўз очиб-юмгандек ўтиб кетди.
Наманганда туғилиб, она-ота меҳридан, мактаб-у ҳужралардан баҳра олиб, Тошкент, Бишкек, Макка-ю Мадина ва бошқа шаҳар-у қишлоқлар, саҳро-ю боғларда юрган лаҳзаларим ТУШГА ЎХШАБ ҚОЛДИ!
«Қирққа кирдинг!» дейилиши нимадан дарак?
Қуръону ҳадисларда, буюк аждодларимизнинг панд-насиҳатларида қирқ ёшга қадам босган кишилар учун ҳикматли сўзлар жуда ҳам кўп.
Бу ўринда улуғ тобеийлардан фақатгина 3 та нақл билан чекланамиз, хулоса чиқариб олиш эса ақлли инсонларнинг ўзларига ҳавола.
(1)
Имом Муҳаммад Ал-Боқир (Ибн Али ибн Ҳусайн ибн Алий) раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Инсон қирқ ёшга етар экан, осмондан нидо келади (яъни, қирқ ёшга етишнинг ўзи бир илоҳий эслатмадир) : Сафар яқинлашди (ажалинг келиб қолди), озуқаларингни тайёрлаб қўй (Охиратда керак бўладиган тавба-тазаррулар, тоат-ибодатларни тезроқ кўпайтириб ол)!».
(«Оқиллар гулшани», «Рабиул-аброр», Руҳул-баён» китобларида ривоят қилинган)
(2)
Имом Масруқ ибн Аждаъ раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Сизлардан бирингиз қирқ ёшга етса, Аллоҳнинг ҳузурига бориш учун огоҳ бўлиб турсин!».
(Табарий тафсири, имом Аҳмаднинг Зуҳд китоби)
(3)
Имом Иброҳим Ан-Нахааий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«(Салафи солиҳлар) қирқ ёшгача тирикчилик ишлари билан бўлишарди, қирқ ёшга етганларидан кейин Охират учун фориғ бўлардилар».
(Замахшарийнинг «Рабиул-аброр» китобидан)
Муҳиддин Обидхон қори ўғли
«Ислом Овози» таҳририят аъзоси
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•