Қуръон ҳақида фильм ишлаш шартлари ва «Исламофобия»га жавоб

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

ISLOM OVOZI

«Би-Би-Си» радиоси
2008 йил 15-март

Би Би Си:

Ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори билан боғланиб, исломий қонун-қоидалар Қуръон асосида танқидий фильм ишлашга қанчалик рухсат беради, деб сўрадик.

Шайх Обидхон қори:

Қуръон ҳақида фильм ишлаш қандай бўлади? Масалан, Қуръон қачон ва қандай нозил бўлган, унда нималар ёритилган, ундаги диний эътиқодга тааллуқли жиҳатлар нималардан иборат, тарихий мавзулари, илм-фан соҳаларига тегишли нуқталари, давлат, жамият ва оилавий ҳаётга тегишли ҳукмлар ҳақида ҳар қанча фильмлар яратса бўлади ва камлик қилади. Буни албатта Қуръонни яхши билган ва унга холисона муносабатда бўлган одамлар бу ишни амалга оширишлари керак бўлади.

Би Би Си:

Лекин буни қандай қилиб таъминлаш мумкин бўлади, устоз, яъни, турли хил дин вакиллари бўлган ёки Қуръондан яхши хабари бўлмаган фильм усталари бор дунёда, улар Қуръон асосида фильм ишлаш истагини билдиришлари, шу асосда фильм ишлашлари мумкин, қандай қилиб буни таъминлаш мумкин бўлади, сизнинг назарингизда, шу каби ҳолатлардан Қуръон қанчалик ҳимояланган демоқчиман, устоз?

Шайх Обидхон қори:

Қуръонни билмаслиги мумкин инсон, диндан хабари бўлмаслиги мумкин. Лекин модомики мана шу соҳага ўзида эҳтиёж сезиб, шунга киришиб, Қуръон ҳақида ёки Ислом ҳақида фильм ишлашни ихтиёр қилибдими, энди марҳамат қилиб, ўша ҳар сафарги одатини қилиш керак. Агар бир коинотга тааллуқли фильм ишлайдиган бўлса ёки денгизу океанларга тааллуқли фильм бўлса, ўша соҳанинг ичига киришга мажбур бўлади. Шунга ўхшаб, энди Қуръон ҳақида фильм ишлашни ихтиёр этган бўлса, марҳамат, Қуръон ичига кириш керак…

Би Би Си:

Устоз, мана бошқа бир жиҳатдан олиб қараётган бўлсак, шу «Фитна» фильмига усталик қилаётган Гиирт Вилдерснинг айтишича, мазкур фильм «Қуръон» қандай қилиб одамларни тоқатсизлик, қотиллик ва террорга чорлаши ҳақидадир. Диний олим сифатида, устоз, сизнингча, Қуръон бу каби хулоса чиқаришга қанчалик асос беради?

Шайх Обидхон қори:

Моида сурасининг 32-оятида Аллоҳ таоло:

{مَن قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا}. الآية.

«… кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, у гўёки бутун инсониятни ўлдиргандай бўлади…» дейди.

Қаранг!

{وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا}. الآية.

«… ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, бир инсонни ўлимдан қутқарса, инсон ҳаётини сақлаш учун ҳаракат қилса), гўё барча одамларга ҳаёт берибди (бутун инсониятни ўлимдан қутқаргандай бўлади)».

«Бир мусулмонни» деётгани йўқ ёки «алоҳида ўзининг қариндошини» демаяпти, «ўзининг ҳамюртини» демаяпти. «НАФСАН» деяпти – «бир жон эгасини» деяпти!

Бу каби оятларни ким ўқийди? …

Би Би Си:

Устоз, бошқа бир жиҳатдан олиб қараётган бўлсак, масалан, худди «Фитна» каби фильмларнинг ишланишига, кейин мана Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳажв этилган карикатураларни рўзномаларда чоп этилишига мусулмон давлатларнинг муносабатлари, масалан, қаҳру ғазабга тўла бўлган, масалан, норозилик намойишлари кўринишида акс этиляпти. Масалан, ўша давлат байроқларини ёқиб юбориш ёки аскарларини олиб чиқиб кетиш каби талаблар қўйиляпти.
Сизнинг назарингизда, бу каби муносабат билдириш қанчалик тўғри, сизнинг назарингизда , масалан мусулмонларнинг бу каби ҳолларда муносабати қандай бўлиши керак, яъни уларнинг бу каби ғазабнок муносабатлари мана шундай гап-сўзларга замин яратмайдими?

Шайх Обидхон қори:

Энди бу ҳар кимнинг ўзининг ихтиёридаги, имкониятидаги воситалар. Одамлар ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар. Албатта бундай ҳолатларда сабру бардошли бўлиш лозим. куч ишлатиш, тартибсизликлар келтириб чиқариш ноўрин нарса. Аммо бунга ҳам жавобгарлар ана ўша ишни бошлаган одамлар бўладилар…

Би Би Си:

Айнан шу сўз эркинлиги нуқтаи назардан келиб чиқиб айтганда, устоз, сизнинг назарингизда, диний мавзу ёки муқаддас китобларга ижодий муносабат масаласида меъёр қандай бўлиши керак?

Шайх Обидхон қори:

Улар ҳуқуқ ва бурчни бир-бирига аралаштириб юборадилар ёки бирини иккинчисига бостириб юборадилар. Бурч деган нарса уларнинг тушунчасида йўқдек! Улар фақат ҳуқуқ ҳақида гапиряптилар. Шу борада маълумот ва тушунчалари беқарор. Улар «бизнинг ҳамма нарсага ҳуқуқимиз бор» деб ўйлайдилар. Аммо бурччи? Бурч қаерда қолди?! Ахир ҳеч бўлмаганда ўзлари яшаётган жамиятни безовта қилишдан сақланиш, унинг ҳамжиҳатлилигини сақлаш бурчи бўлиши керак-ку?! Бу бурч кимнинг бўйнида?! Бу кимнинг вазифаси?!

* Алоқадор мавзулар:

«Сўз эркинлиги дегани бу масхарабозлик дегани эмас…»

Қуръони карим тафсиридаги ихтилофларнинг сабаби нима?

Исломни даврга мослаштириб ревизия қилиш

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi